“Барчамизга маълумки, ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади”1
МУҚАДДИМА Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан кейин ўтган қисқа тарихий вақт ичида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Мустақиллик халқимизнинг ўтмишда топталган, камситилган ғурурини, инсоний шаънини, миллий урф-одатлари ва анъаналарини, ўзбекона фазилатларини тиклаш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш йўлида катта имкониятлар яратиб берди. Жамият тараққиётининг турли даврларида ижтимоий ҳаётнинг муҳим соҳаларидан бири бўлган маданий ҳаёт ёки маданият жабҳаси ўзининг эволюцион қонуниятлари асосида тарихнинг бир занжири сифатида ривожланди.
Ҳар бир жамият ўзининг тараққиётини таъминлайдиган даражада маданий-маърифий заруратга жиддий эҳтиёж сезади. Негаки, маданият жамиятнинг аввало сиёсий, иқтисодий ривожланиш даражасини белгилайдиган омил бўлиб, бир вақтда ижтимоий ҳаётга кучли таъсир қилувчи восита сифатида намоён бўлиб боради, бири иккинчисини тўлдиради, ривожига замин ҳозирлайди. Агар тарихий жараён ва ҳодисаларга чуқур назар ташланса башарият тараққиёти, маданият тараққиёти билан узвий, шунингдек изчил ва ҳамоҳанг тарзда шаклланиш, ривожланиш босқичларидан иборат бўлганлиги яққол намоён бўлади.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Барчамизга маълумки, ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади”1.
Совет давлати ва унинг мустамлакачилик бошқарув тизими ҳам ўзидан аввалги ўтган даврларда қарор топган бўйсундириш ҳамда чоризм даври мустамлака муносабатлари анъаналарини янада такомилаштириб, империячилик тизимини мустаҳкамлашга зўр бериб интилди.
Мустабид совет тузуми йилларида маданият соҳаси коммунистик мафакура мақсадларига хизмат қилдирилди, айни бир пайтда унга синфий кураш ғояси сингдирилди. Натижада жамиятни зўрлик билан янгилашга киришилди. Инқилобий тўнтаришнинг таркибий қисми сифатида мустамлака қилинган халқ ва миллатларни “маданий инқилоб” йўли билан қайта тарбиялашга, оқибат эса сиёсий онги мустамлакачилик тузумига тамоман муте шахсларни шакллантириш, ўз тили, миллий маданияти, миллий тарихи, миллий ўзлиги ҳамда қадриятларидан маҳрум этилган манқурт сифат оломонни вужудга келтиришни асосий вазифалардан бири қилиб қўйди. Шунингдек салкам бир асрлик маданият соҳасида тутилган йўл шу мақсадни амалга ошириш, ҳаётга тадбиқ этишга сафарбар этилди.
Шундан кўринадики, агар маданият ютуқлари ҳукмрон табақа, партиялар томонидан империячилик манфаатларига бўйсундирилганда, унинг умумбашариятга қиладиган таъсири салбий, ёхуд маданият соҳасида ютуқлар миллат равнақи озод, эркин жамият манфаатларига хизмат қилдирилса, унинг ижобий таъсири ғоят катта бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ўзбекистон халқи миллий истиқлолни қўлга киритиб, биринчи навбатда миллий маданият ривожига кенг йўл очиб, уни халқнинг ўзлигини англаш, жамиятнинг бахт-саодатига хизмат қилувчи жабҳага айлантириш имкониятига эга бўлди.
Ўзбек халқининг ўзлигини англатиш, миллий ғурурини кўтариш, шунингдек Она-Ватанга бемисл садоқат ҳисини кучайтиришда миллат тарихини тарихий ҳақиқат руҳида билиш катта аҳамиятга эгадир. Шу нуқтаи-назардан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” асарида халқимизни тарбиялашдаги тарихимизнинг ўрнини қуйидагича таъкидлаб ўтган эди: “Биз юртимизни янги босқичга, янги юксак маррага олиб чиқмоқчи эканмиз, бунда бизга ёруғ ғоя керак. Бу ғоянинг замирида халқимизнинг ўзлигини англаш ётади. Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас”2.
Ўтмиш тарихимизни ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, тарихимиз соҳасида узоқ даврлардан бери тўпланиб ўз ечимини кутаётган муаммоларга холис баҳо беришга кенг йўл очди. Ана шуларга таянган ҳолда мустабид совет тузуми йилларида зўравонлик билан амалга оширилган тадбирлар ва вазифаларнинг муҳим бўғини ҳисобланган “маданий инқилоб”нинг ўзига хос, мафкуравий бўғовлар занжири билан ўралган, миллий манфаатлар ҳисобга олинмаган ҳолатларда ғоят зиддиятли амалга оширилиш босқичларини илмий жиҳатдан ўрганиш зарурати юзага келди. Маълумки, совет давлати Туркистон миллий чегараланишидан кейин Ўзбекистон ССР номини олган ҳудудда инқилобий ҳаётни сиёсий, иқтисодий шунингдек маданий соҳаларда куч, зўрлик воситасида қуришга киришилди. Бундай ўзгаришлардан Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари ҳам четда қолмади. Худди шу ҳудудларда маданий соҳада рўй берган воқеа ва ҳодисаларга холисона баҳо бериш, унинг салбий мустамлакачилик моҳиятларини тарихий ҳақиқат руҳи билан илмий таҳлил этиш заруратини юзага келтирди. Шунга мувофиқ совет даврида Ўзбекистон, хусусан унинг таркибий қисми бўлган жанубий ҳудудларида маданият соҳасида олиб борилган сиёсат, унинг оқибатларини ҳаққоний таҳлил қилишга интилдик, Негаки, ўша давр маданий ҳаётини тўғри таҳлил қилмасдан миллий маданиятимизнинг бугунги муаммолари ҳақида холис фикр юритиш мумкин эмас. Чунки тарихий воқеа ва ҳодисалар тўғрисида аниқ илмий-таҳлилий хулосалар қилмай ва ундан сабоқ олмай бугун ҳамда келажакнинг аниқ манзарасини тасаввур қилиб бўлмайди.
Шу боис мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида ғоят мураккаб тарзда ривожланиш жараёнини босиб ўтган 1920-1940 йиллар маданияти соҳасининг ҳақиқий манзарасини тарихий далиллар асосида холисона ёритиш долзарб масалалардан биридир. Шунингдек мамлакатимизнинг турли ҳудудларига дахлдор маданий ҳаёт мавзулари тўғрисида илмий ишлар олиб борилиб, бизнинг тадқиқот доирамизга кирган жуғрофий йўналиш бундай кенг доирадаги тадқиқотлардан четда қолганлиги ҳам ушбу мавзу юзасидан изланишлар олиб боришимизни тақоза этади.
Мазкур монографияда ёзма манбалар, илмий адабиётлар, архив ҳужжатлари таҳлили асосида 1920-1940 йилларда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари маданий ҳаётида юз берган ўзгаришлар, миллий таълим тизими жараёнидаги муаммолар, янги таълим тизимининг вужудга келтирилиши, маданий-маърифий муассасаларнинг ташкил этилиши уларнинг совет давлати мафкурасини тарғиб қилишдаги ўрни бу борада амалга оширилган ишлар таҳлил этиб берилди.
Монография ўқувчилар, талабалар, тадқиқотчилар, хуллас ўлка тарихини ўрганишга қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
1 Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. Т.: Ўзбекистон, 2017. -Б. 132
2 Каримов И. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т 7. -Т.: Ўзбекистон, 1999. Б. 67.