1. Тезис. Тезис текстдаги асосий фикрни, ғояни қисқа ва лўнда баён этишдир. У илмий тадқиқотнинг мазмунини очиб беришга ёрдам беради.
2. Текстни рангли тизиқ орқали конспектлаштириш. Бунда безакли воситалардан фойдаланиш мумкин:
- энг муҳим сўзларнинг остига тизиш,
- муҳим сўзларни рангли ручка билан ажратиш,
- муҳим маълумотни рамка ичига олиш.
3. Конспектлаштиришда “Савол-жавоб” усули.
Бундай конспектлаштиришда тадқиқотчи конспект варағини ўртасига вертикал чизиқ тортиб, чап томонига текстда қўйилган муаммони ёки масалани ёзиб чиқади, ўнг томонига эса жавобларни ёзади. Баъзан жадвалга қўшимча графа ажратиб, “Менинг фикрим” деб тўлдириши ҳам мумкин.
4. Фрагмент ва схемалар асосида конспектлаштириш. Бунда таянч тушунчалар, сўз бирикмалари графика билан уйғунлашади. Бу эса рационал конспектлаштиришга имконият яратади.
5. Уйғунлашган конспект. Бу рационал конспектлаштиришнинг энг юқориси бўлиб, унда юқоридаги барча усуллар уйғунлашади. Бунда конспект олувчи тадқиқотчининг индивидуал тайёргарлик даражаси, билимдонлиги ўз ифодасини топади20.
Конспект тузишда ҳам илмий асар ва унинг муаллифига доир барча маълумотлар ёзиб борилади.
7-МАВЗУ: ИЛМИЙ ИШЛАР ВА ИЛМИЙ ИШНИ ЁЗИШ
Режа:
1. Илмий ишлар хусусияти ва илмий ишнинг этикаси. Илмий иш.
2. Реферат ва унинг турлари. Курс ишлари ҳамда битирув малакавий ишлари мақсади, вазифалари ва унга қўйилган талаблар.
3. Магистрлик ва докторлик диссертациясини (PhD) ёзиш тартиби ва уни расмийлаштириш.
Диссертация (лотинча dissertatio – мулоҳаза, тадқиқ этиш) – илмий тадқиқотнинг ҳукумат олий аттестация комиссияси томонидан белгаланган махсус шакли бўлиб, илмий даража олиш учун махсус илмий кенгашга тақдим этилади ва Ихтисослашган илмий кенгашда расман ҳимоя қилинади.
Диссертация ҳажми қандай бўлиши керак? Диссертация ҳажми тадқиқотчининг маҳоратини, олинган илмий натижаларни қисқа, лўнда, аниқ ва ҳар томонлама мукаммал баён этаолишини кўрсатади.
Илмий методик нуқтаи назардан диссертация ҳажми қанча кичик бўлса, унинг қиммати шунчалик юқори бўлади. Худди ҳайкалтарош ўз асарини яратишда шакл ва мазмун уйғунлигига эришмоқ учун мармарнинг ортиқча жойларини маҳорат билан олиб ташлагани сингари диссертант ҳам тадқиқотнинг туб моҳияти ва мазмунини, илгари сураётган илмий ғоя ва янгиликни мумкин қадар ихчам, лўнда баён этиш маҳоратига эга бўлиши лозим.
Диссертация сарлавҳаси (номланиши) имкони борича қисқа, аниқ ва диссертация мазмунига мос бўлиши керак. Диссертация сарлавҳасининг қисқа, лўнда эканлиги муаммонинг ҳар томонлама ва чуқур тадқиқ этилганлигидан гувоҳлик беради. Шу боисдан ҳам докторлик диссертацияларининг сарлавҳаси 2-3 сўздан иборат бўлади.
Диссертациялар хусусий муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, ишнинг моҳиятини акс эттира оладиган аниқ ном билан аталиши мақсадга мувофиқдир. Баъзан диссертантлар ўз илмий ишига сарлавҳа қўйишда ишнинг бутун мазмуниин ёритишга, унга ўлкашунослик, хронологик ва бошқа аниқликларни киритишга ҳаракат қиладиларки, бунинг асло кераги йўқ. Агар тадқиқотчи диссертация сарлавҳасини имкони борича конкретлаштирмоқчи ва унда тадқиқотнинг муҳим бир деталини акс эттирмоқчи бўлса, у ҳолда қисқа сарлавҳа остидан қавс ичида кичик сарлавҳа қўйиши мумкин. Масалан, “Фермерлик фаолиятининг ўсиш резевлари” (Фарғона вилояти мисолида).
Диссертация номи остидаги кичик сарлавҳа имкони борича қисқа бўлиши ва янги сарлавҳага айланиб қолмаслиги керак. Сарлавҳа ёмон талқин қилинса, кўпқаватли сўз қурилиши пайдо бўлиши мумкин: сарлавҳа – кичик сарлавҳа – ҳар икки ном учун изоҳ. (докторлик диссертациялари каталогини кўриш керак!).
Фикримиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйидаги мисолни келтиришимиз мумкин: “Кимёвий куйишлар. Уларнинг даволашда вена ичига новокаин киритиш (ҳимояга асосланган заводлар шароитида клиник экспериментал тадқиқотлар)”.
Диссертацияга сарлавҳа қўйишда унга қандайдир формулалар киритиш ярамайди. Шунингдек, диссертацияни номлашда “Айрим масалалари”, “Айрим масалалар таҳлили” сингари ноаниқ, мужмал ибораларга йўл қўйиб бўлмайди.
Диссертацияни номлашда шундай ҳолатлар учрайдики, диссертациялар “......... масаласига доир” , “............ га доир материаллар” , “............... тадқиқоти” , “.............ни ўрганишга доир” сингари сарлавҳа қўйиш билан ўзларини қийнамасликка ҳаракат қиладилар ва бир хил андозадаги сарлавҳа билан чекланадилар.
Айрим муаллифлар диссертацияга қисқа ва лўнда ном қўйиш, лекин тадқиқотнинг ўзига хослигини таъкидлаш учун “тадқиқот”, “метод” сўзларига қандайдир аниқловчи сўз киритадилар. Масалан: “Электрокимёвий тадқиқотлар....”, “....... жадаллаштириш методи” ва ҳ.о.
Диссертациянинг титул варағида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
1. Олий таълим вазирлиги. Тадқиқот бажарилган олий ўқув юртининг номи.
2. Муаллифнинг исми, фамиляси, отасининг исми(бош келишикда).
3. Диссертациянинг аниқ ва тўлиқ номи (сарлавҳаси).
4. Диссертация қайси фан бўйича илмий даража олиш учун тақдим этилаётганлиги.
5. Илмий рахбар(лар)нинг фамилияси, илмий унвони ва илмий даражаси.
6. Диссертация бажарилган илмий муассасанинг адреси (жойи).
7. Иш расмийлаштирилган йил.
Диссертациянинг “Кириш” қисмида қисқа ва батафсил ҳолда қуйидагилар таъкидланиши зарур:
- Мавзунинг долзарблиги, назарий ва амалий аҳамияти;
- Иш асосига қўйилган фактик материалларнинг ҳажми муҳим илмий хулосалар чиқариш учун уларнинг қай даражада етарли эканлиги;
- Танланган илмий методнинг афзалликлари; илмий натижанинг янгилиги, яъни тўпланган материалларнинг миқдорий ва сифат қиммати;
- Кириш қисмида ана шу материаллар билан бир қаторда тадқиқотнинг илмий натижалари, қайси илмий муассасаларда муҳокама қилинганлиги, апробациядан ўтганлиги, ишлаб чиқиришга татбиқ этилганлиги баён этилиши керак.
Олимлар ўртасида “Масаланинг тарихини билиш – маълум маънода ечимини топишнинг бошланишидир”, деган ҳикмат кенг ёйилган.
Одатда диссертациянинг биринчи боби конкрет соҳа бўйича илмий билимларнинг ривожланиш тарихини ёритувчи илмий асарлар шарҳига бағишланади. Зеро, тадқиқотчи ўрганишга киришаётган муаммо, шубҳасиз, жаҳондаги кўплаб олимлар томонидан у ёки бу даражада албатта, ўрганилгандир. Муаммонинг ўрганиш тарихини билмай туриб, илғор илмий ғояни яратиб бўлмайди.
Ана шу материалларни иантиқий изчиллик билан баён этишда манбаалар рўйхатини хронологик изчилликда бериш шарт эмас (бундай ҳолда кўп тадқиқотчилар “библиографияга қаранг” дейиш билан кифояладилар).
Ёш тадқиқотчилар кўпинча мавзуга оид барча кўриб чиққан адабиётлар ва ҳатто ҳар қандай адабиётлар мазмунини диссертацияда баён этишга, ҳатто бу асарларга ёзилган тақризларни келтиришга харакат қиладилар, лекин энг ачинарлиси шундаки, бу асарлардаги бош ғояни, мавзуга тегишли бўлган илмий ечимни топа олмайдилар, қонунятлар қандай шаклланганини била олмайдилар. Бинобарин, тадқиқотчи мавзунинг адабиётларда ёритилиш хронологиясини унутмагани ҳолда бутун эътиборини ўрганилаётган ҳодисанинг моҳиятини унинг ривожланиш тарихида очиб бериши зарур. Тадқиқотдаги илмий янгилик, унинг назарий ва амалий аҳамияти худди шу ердан бошланади. Диссертациянинг фактлар уюми ичидан иккинчи даражали, номуҳимларини чиқариб ташлаши, илмий асарни кераксиз цитаталар юкидан озод қила олиши айниқса муҳимдир.
Академик П.И.Лебедо – Полянский ўзининг Добролюбов ҳақидаги монографиясини яратишда муҳим ва номуҳим фактларни бир-биридан фандай ажратгани ҳақида шундай деб ёзган эди: “Мен Добролюбов ҳақидаги монографиям устида ишлар эканман, униг инсон сифатидаги характерининг энг муҳим хусусиятларини аниқлашни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйдим. Мен бунинг учун Добролюбов тўғрисидаги барча асарларни ўқидим, унинг характери тасвирланган олти мингдан ортиқ цитатани кўчириб олдим. Сўнг айтилган ана шу фактларни тасниф қилдим. Тасодифий тавсифларни олиб ташладим, натижада Добролюбовнинг энг умумий ва муҳим характеристикаси шаклланди ва бу нашр этилган монографияда атиги бир саҳифани ташкил этди21”.
Баъзан диссертант қўлидаги мавжуд адабиётлардан қайсидир қонуниятнинг илк манбаалари тўғрисида тасдиқловчи манбани топа олмаса, ўрганилаётган ҳодиса бўйича биринчи сўзни мен айтдим, дейишга журъат этади. Ёки етарли асосга эга бўлмагани ҳолда биринчи қайсидир олимга тиркайди, кейинчалик бу тасдиқланмайди. Албатта, бундай хулосани қилишдан олдин уни мутахассислар билан жиддий ва ҳар томонлама муҳокама қилиш зарур.
Мавзу бўйича адабиётларни шарҳлаш, таҳлил қилиш, етарли даражада тўлиқ бўлиши ва қисқача баён этилиши ва бу тадқиқотчининг диссертация бўйича асосий материалига соя солмаслиги керак. Диссертант ўтмишдаги олимларнинг мавзуга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлган асарлардаги қимматли ғояларни албатта инобатга олиши, системалаштирилиши ва танқидий баҳолаши зарур. Айрим мавзулар бўйича жуда кўп адабиётлар мавжуд, бироқ бундан адабиётларни шарҳлаш диссертациянинг бутун ҳажмида катта қисмни эгаллаши керак, деган нотўғри хулоса келиб чиқмаслиги лозим.
Албатта, бирон бир ҳодисанинг ривожланиш жараёнини ёритишда ҳеч қандай стандарт усуллар йўқ, лекин жуда кўплаб диссертацияларни таҳлил қилиш натижасида ҳар қандай мавзу бўйича илмий манба (адабиёт) ларни батафсил шарҳлаш учун диссертациянинг 25-30 саҳифасини ажратиш нифоя қилади.
Тадқиқотчи диссертациянинг қўлёзмаси устида ишлар экан, вақти-вақти билан ўз ишига “бегонанинг кўзи” билан танқидий назар ташлаши, ўзига нисбатан қаттиққўл ва талабчан бўлиши фойдалидир. Адабиётларни шарҳлашга қандай юксак талаблар қўйилса, библиографик кўрсаткич ҳам шунга жавоб бериши керак.
Тақризчиларнинг диссертация билан танишишни муалллиф фойдаланган адабиётлар билан танишишдан бошлаши асло бежиз эмас. Тажрибали мутахассиснинг диссертацияни баҳолаши учун муаллифнинг мавзуга оид энг янги адабиётлар билан қай даражада таниш эканлигини аниқлаши етарлидир.
Диссертация ҳимояси куни Ихтисослашган илмий Кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми кенгаш йиғилишида иштирок этса, кворум бор деб эълон қилинади ва илмий кенгаш раиси мажлисни очиқ деб эълон қилади ва кунтартибини маълум қилади. Сўнг илмий кенгаш котиби диссертантнинг таржимаи ҳоли ва ҳимояга чиқиш учун зарур бўлган барча хужжатлар билан таништиради. Сўнг диссертантга бажарилган ишниг моҳияти, мазмуни, эришилган илмий натижалар, хулоса ва тавсиялар ҳақида гапириш учун(йигирма дақиқа) сўз берилади. Доклад тугаганидан сўнг илмий кенгаш котиби диссертация бўйича олинган ёзма тақризларни ўқиб эшиттиради. Сўнг илмий раҳбарга сўз берилади. Сўнг диссертацияни муҳокама қилиш бошланади. Музокарада расмий оппонентларнинг диссертациядаги ютуқ ва камчиликларга оид мулоҳазалари ҳамда диссертантнинг жавоб нутқи эшитилади. Музокарадан сўнг илмий кенгаш аъзолари сўзга чиқиши ёки диссертантга савол билан мурожаат қилишлари мумкин. Шундан сўнг илмий кенгаш аъзоларига яширин овоз бериш учун варақалар тарқатилади. Илмий кенгаш раиси овоз бериш натижаларини ўқиб эшиттиради. Агар илмий кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми фан доктори илмий даражасини олишга даъвогар бўлган тадқиқотчини ёқлаб овоз берса, илмий кенгаш қарори ҳақиқий ҳисобланади.
Диссертацияни ҳимоя қилиш қуйидаги босқичдан иборатдир:
1) диссертация мавзуи бўйича 20 дақиқалик доклад текстини тайёрлаш;
2) доклад учун безакли кўргазмалар ҳозирлаш;
3) тақризчилар ва оппоненларнинг энг муҳим эътирозларига жавоб бериш учун тайёрланиш.
Доклад текстини тайёрлашда авторефератда ўз ифодасини топган диссертациянинг энг муҳим қоидалари: олинган натижа, илмий янгилик, ишнинг назарий ва амалий аҳамияти, хулоса ва тавсиялар баён этилади. Докладни тайёрлашда тадқиқотчидан ишнинг мазмун-моҳиятини аниқ, лўнда ва равон баён этиш талаб этилади. Бу ерда докладчи сўзларининг тушунарли, равон ва таъсирчан бўлиши, ҳимояда ишторок этаётган номутахассислар учун ҳам тушунарли бўлиши муҳимдир. Лекин бундан доклад соддалаштирилиши керак экан, деган хулоса чиқариш ярамайди, балки, аксинча, доклад мазмунан қатъи йилмий, кенг аудитория учун тушунарли бўлиши лозим.
Тадқиқотчиниг нотиқлик маҳоратига эга бўлиши унинг кейинг иилмий педагогик фаолияти учун ҳам фойдалидир. Нотиқлик маҳоратининг энг муҳим қоидалари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. Нотиқ ўзи фикр юритаётган предметни қанча чуқур билса, шунча кам ҳаяжонланади.
2. Бир хил ва зерикарли оҳангда минғирлаб эмас, балки, баланд, тиниқ ва равон гапиринг. Сўз оҳангида ишонч, умид ва куч-қудратингиз яққол жарангласин.
3. Сўзнинг маъноси ва аҳамиятига боғлиқ равишда нутқ оҳанги кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Сўз оҳанги ибора ёки сўзнинг муҳимлигини таъкидлайди.
4. Қўл ҳаракатлари, имо-ишоралар нутқни жонлантиради, лекин ундан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланиш лозим.
Нутқнинг муваффақиятли бўлиши учун нотиқ мантиқан изчилликка қатъий амал қилиши, бир предметдан бошқасига сакраб ўтмаслиги, асосий мавзудан четга чиқмаслиги керак. Нутқ шундай изчилликка асосланиши керакки: биринчи фикрдан иккинчи фикр, иккинчисидан учинчи фикрва ҳ.о. табиий равишда келиб чиқсин. Бундай нутқ тингловчига интеллектуал завқ бағишлайди ва унда унутилмас таассурот қолдиради. Энг яхши нутқлар ҳамиша оддий, аниқ, тушунарли ва чуқур мазмунга эгадир.
Диссертант тайёрлаган мавзуга доир слайдлар(кўргазмали воситалар, жадваллар) унинг нутқи қисқа ва таъсирчан бўлишига кўмаклашади.
Тадқиқотчи расмий оппонентлар ва илмий кенгаш аъзоларининг саволлариг жавоб берар экан, эҳтиросларга берилмаслиги, фақат масалага доир фикр-мулоҳазалар билан чекланиши, одоб андишали бўлиши, эришган ютуқларига ортиқча баҳо бермаслиги, камтарин бўлиши айниқса муҳимдир.
Диссертантнинг вазмин ва мулоҳазакор бўлиши ҳатто айтилган ўта танқидий мулоҳазаларга хотиржамлик билан илмий далиллари асосида жавоб бериши маънавий интеллектуал ва аҳлоқий маданияти ҳақида ёқимлит аассурот қолдиради ва шубҳасиз илмий кенгаш аъзоларининг овоз бериш натижаларига ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳаётий тажрибаларнинг кўрсатишича, тадқиқотчининг ўз-ўзига танқидий ёндашиши, ҳамкасбларининг танқидий фикр-мулоҳазаларига хурмат билан қараши илмий ишдаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва жиддий ютуқларга эришишнинг зарур шартидир.
Диссертацияни ҳимоя қилишга тайёргарлик кўриш тадқиқотчидан кўпчилик олдида нутқ сўзлаш кўникмалари ва нутқмаданиятига эга бўлишни талаб этади. Диссертант ҳимоя ўтадиган хонани кўриши, ҳимоя жараёнини аниқ тасаввур этиши ва ўзидан илгари бўлиб ўтган ҳимоя жараёнида иштирок этиши, ўзида муайян кўникмаларни шакллантириши мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳар қандай ижод тадқиқотчидан ҳам маънавий руҳий, ҳам жисмоний куч-қувватни бир нуқтага тўплашни талаб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |