6-МАВЗУ: ИЛМИЙ ИНФОРМАЦИЯНИ ИЗЛАШ, ЖАМЛАШ
ВА ҚАЙТА ИШЛАШ
Режа:
1. Китобни ўқиш тартиби ва конспектлаш. Илмий информация излаш ва тўплаш.
2. Каталог ва унинг турлари: алфавит, тематик, предмет, хронологик, архив, библиографик, систематик, махсус.
3. Ишчи ёзув турлари: кўчирма, тезислар, аннотация, конспект. Конспект турлари ва уларни расмийлаштириш.
Илмий информацияни излаш, жамлаш ва уни қайта кўриб чиқиб ишлаш илмий тадқиқот ишида катта аҳамият касб этади. Мазкур ҳолат тадқиқотчидан илмий маълумотларни ижодий ўзлаштириши ва қайта ишлашида алоҳида кўникма ва маҳоратни талаб этади. Шунингдек, тадқиқотчининг илмий маълумотларни тўплашни билиши унинг ижодий ишларга бўлган қобилияти ва билимга бўлган эҳтиёжини ривожлантиришга катта ёрдам беради. Бу эса тадқиқотчининг илмий тадқиқот йўлидаги муҳим қадами бўлиб, илмий манбалар билан ишлаши ва конспект олишига туртки бўлади.
Илмий асардан конспект олиш илмий манбани сўзма-сўз кўчириш эмас, балки муаллиф илгари сураётган ғояни қисқа ва лўнда қилиб баён этиш, асар муаллифи нима демоқчи эканини тадқиқотчи ўз сўзлари билан қайд этишидир16.
Илмий асарни мутолаа қилиш бадиий ва диний асарни мутолаа қилишдан кескин фарқ қилади. Диний ва бадиий асарларни мутолаа қилишдан олдин аксарият ўқувчилар асарни ҳар жойидан бир парчадан ўқиб чиқиб, кейин китобни бошидан бошлаб мутолаа қилишга киришадилар. Илмий асарларни бундай қилиб бўлмайди. Илмий асарларни мутолаа қилишдан олдин тадқиқотчи, аввало илмий асарнинг мундарижаси ва китобга ёзилган аннотация билан танишиши ҳамда фойдаланилган адабиётлар рўйҳатини кўриб чиқиши зарур. Шундан сўнг тадқиқотчи асарнинг боб ва параграфларини кўздан кечириб, эътиборини муаллиф томонидан қўйилган муаммони қай даражада тадқиқ этилганига қаратади. Илмий асарни ёзишда фойдаланилган адабиётлар рўйхати муаллифнинг умумий маданиятини, унинг фанга, илмий тадқиқот ишларига бўлган муносабатини яққол кўрсатади.
Ҳар бир тадқиқотчи илмий асарни жиддий мутолаа қилишга киришдан олдин қўлига қалам, қоғоз, каточка олиб, ёнига турли хил луғатларни қўйиб, ҳар бир варақдаги гапларни илмий-танқидий нуқтаи назардан ўқиб, муаллиф нима демоқчи эканини тушунишга ва ҳар бир абзацдаги унинг 3-4 та гапини қисқа ва лўнда қилиб, битта гап шаклида ёзишга ҳаракат қилиши керак.
Масалан: Қадим юнон халқининг мифологик тафаккурида бунёд бўлган космогоник назарияларида коинотнинг бепоён кенгликларида дастлаб туғилган Ер, яъни бағри кенг Гея ҳақида айтилади17 деган фикрни тадқиқотчи қандай ёзиш керак. Жумладан, “Космогоник назарияларида дастлаб туғилган Ер, яъни бағри кенг Геяни қадимги юнон халқи мифологик тафаккурида айтилган” - деб ёзиш мумкин. Ёки бўлмаса, “Балиқчи жангидан сўнг Мадаминбек тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, келгуси муҳим вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Жалолободнинг Сузоқ касабасида йирик қўрбошилар иштирокида кенгаш ўтказилди”18 деган гапни тадқиқотчи қуйидагича ёзиш мумкин: “Мадаминбек тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, келгуси муҳим вазифаларни белгилаб олиш учун балиқчи жангидан сўнг Жалолободнинг Сузоқ касабасида қўрбошилар иштирокида кенгаш ўтказди”.
Тадқиқотчи илмий асар муаллифининг кўчирма гапларини ўзлаштирма гапга, мураккаб қўшма гапларни содда гап ҳолатига олиб келиб уларни конспектлаштиради. Шунингдек, асар муаллифи илгари сураётган илмий ғоя тадқиқотчининг илмий иши учун далил сифатида олинадиган бўлса, цитата (иқтибос) шаклида бир ёки абзац фикри айнан кўчирилади. Шундан сўнг иқтибосни қаердан олинганлиги қуйидаги тартибда кўрсатилади:
1. Муаллифнинг фамилияси исми.
2. Асарнинг тўлиқ номи.
3. Чоп этилган шаҳар номи.
4. Нашриёт номи.
5. Чоп этилган йили.
6. Асарнинг бети аниқ кўрсатилади.
Масалан, Хўжаев М. Шермуҳаммадбек қўрбоши. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. –Т.: 2008. Б- 95
Тадқиқотчи илмий асарни конспект қилиш орқали асар муаллифининг бош ғояси, ишдаги янгилик, фан ривожига фўшган ҳиссаси, ишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш имкониятига эга бўлади. Бу эса тадқиқотчи тафаккурида янги ғояларнинг шаклланишига олиб келади.
Мутолаа жараёнида учрайдиган янги илмий атамалар маъносини пухта билмай туриб ёки бўлмаса луғуатлардан фойдаланмай туриб, муаллиф илгари сураётган илмий ғоя моҳиятини билиш мушкулдир.
“Конспект” лотинча сўз бўлиб, “Обзор” (шарҳлаш) деган маънони англатади. Конспект ўта индивидуаллашган ҳарактерга эга бўлиб, тадқиқотчининг ўз учунгина тушунарли, бошқалар учун тушунарсиз бўлиши мумкин. Конспект олишда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш лозим:
1. Текст композицияси (таркиби)ни яхлит ҳолда идрок этиш (кириш, асосий қисм, хулосани бир-биридан фарқлаш) лозим.
2. Муаллифнинг бутун маълумотни баён этиш усули ва стилини тушуниши керак.
3. Алоҳида олинган ҳар бир фикрнинг ривожланиш жараёнини билиш, фикрдаги мантиқий изчилликни кўра олиши лозим.
4. Текстнинг бутун мазмунини қамраб олган “Таянч” фикрни, илмий асарнинг мазмун йўналишини аниқлаш зарур.
5. Илмий маълумотнинг кичик қисмларга бўлинишини таҳлил қилиш керак.
6. Текстдаги асосий маълумотни қисқача баён этиш, уни (текстни) сўзма-сўз кўчиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Текстдан констпект олишда ундан асосий маънони ажратиб олиш муҳимдир. Буюк чех педагоги Ян Амос Каменскийнинг таъкидлашича, “Энг фойдали фикрни танлай олиш жуда муҳимдир. Мутолаанинг ягона ишончли маҳсули – ўқилган текстни ўзлаштириш, фойдасини танлашдир. Фақат шундагина ақл фаоллашади, идрок этилган нарсани хотирада мустаҳкамлайди, уни ёрқин зиё билан ёритади. Китобдан ҳеч нарсани танламаслик – вақтни зое ўтказишдир”19.
Ҳар қандай илмий асар текстида икки хил маълумот бўлиб, улар асосий ва кўмакчи маълумотларга бўлинади. Асосий маълумот мавзуни очиш учун муҳим аҳамият касб этиб, илмий тушунчаларга таъриф берилади, назарий принцип ва қонунлар ўз ифодасини топади.
Кўмакчи маълумотнинг вазифаси тадқиқотчига мазкур мавзуни тшлароқ ва батафсилроқ ўзлаштиришга ёрдам беради. Текстдаги асосий ва кўмакчи маълумотлар бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун тадқиқотчи асосий маълумотни тўлароқ конспектлаштириши, кўмакчи маълумотдан қочиши лозим.
Илмий асардаги таянч иборалар унинг асосий мазмунини ташкил этади. Таянч ибораларни танлаш, ажратиш илмий асарни қисқартирилган ҳолда конспектлаштиришнинг биринчи босқичидир. Иккинчи босқич ижодий жараён бўлиб, асардаги ғояни янги мазмун ва фактлар билан бойитиш, кенгайтирилган текст тузишни ўз ичига олади.
Конспект қилиш илмий асарни изчил ва чуқур ўрганиш, илмий фактлар тўплаш, муаммонинг туб моҳиятини ўрганишга имкон беради. Конспект олишнинг қуйидаги усуллари мавжуд:
Do'stlaringiz bilan baham: |