Чеховнинг «Хамелеон» ҳикояси буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий таржимасида “Шўро адабиёти” журналининг 1936 йил 3-сонида босилган эди. Саҳифа ҳошиясида “Буқаламун”га “Африқада бўлатурған бир турли эчкиэмар. Буқаламун ўзининг пўстини жуда тез ўзгартира олади. Қаерда турса, ўша ернинг тусига киради”, деб изоҳ берилган. Ҳикоядан аввал адибнинг “Майда ҳикоялар ёзганда сўзни қандай тежаш керак” номли мақоласи берилган бўлиб, унда А. Чеховнинг бадиий маҳорати таҳлил этилади.
Абдулла ҚОДИРИЙ
МАЙДА ҲИКОЯЛАР ЁЗГАНДА
СЎЗНИ ҚАНДАЙ ТЕЖАШ КЕРАК
Майда ҳикоялар устаси Чехов сўз тўғрисига келганда ҳаддан ташқари хасис, ортиқча сўзлар сарф қилиш у ёқда турсин, керакликларидан ҳам мумкин қадар юлишга ҳаракат қилади. Ўзи айтади: Майда ҳикоялар ёзганда сўзни ортиқча исроф қилгандан кўра керакликларини ҳам мумкин қадар озроқ ишлатиш керак». Унинг ҳикояларида сўз исрофгарчилигига сабаб бўладиган ортиқча деталлар ҳам бўлмайди. У бутун деталларни ўзи айтган асосда ишлатади. «Биринчи кўринишда милтиқ бўлса, шу милтиқ учинчи ёки тўртинчи кўринишда албатта отилиши керак, йўқса милтиқ тўғрисида сўзлашнинг ҳожати йўқдир».
Унинг «Буқаламун» ҳикояси ҳам бошқа ҳикояларидай ғоят сиқиқ, қуюқ ёзилгандир.
Унинг сўзга хасислиги ўқувчига малол келмайди. Яьни, айтмоқчи бўлган фикрининг тушунилишини оғирлаштирмайди. «Буқаламун»да воқеа йилнинг қайси фаслида бўлаётгани айтилмайди, аммо бундаги сўзлардан фаслни аниқлаш мумкин (Албатта, бу сўзлар йилнинг фаслини билдириш учунгина келтирилмайди). «Пальтомни еч-чи, Елдирин… Кун жуда исиб кетди… ёмғир ёғса ҳам ажаб эмас».
Қуйидаги сўзлардан воқеа тушки овқатдан кейин бўлаётганини ҳам билиб бўлади:
«Теварак жим. Майдончада ҳеч ким кўринмайди. Дўкон ва қовоқхоналарнинг эшиклари очиқ. Ҳувиллаб турадилар. Бу эшиклар ёнида гадой у ёқда турсин, бир зоғ ҳам кўринмайди».
Мана булар икки мақсад кўзда тутилиб айтилган сўзлар бўлиб, иккинчи мақсад мантиқий равишда биринчисидан келиб чиқади.
Деталлар (воқеани ташкил этган воқеачалар) ҳам ёлғиз қолиб, кераксиз сўз бўлиб қолмайди. Масалан, ҳикоянинг бошида «Очумелов янги шинель кийган», дейилган экан, бу нарироққа бориб, шинелнинг ечилиши, яна кийилиши билан боғланади.
Хрюкиннинг ўнг қўлини юқорига кўтариб, халойиққа қонаган бармоғини кўрсатиши, унинг: «Энди, шу мажруҳ бармоғим билан эҳтимолки бир ҳафта ишга ярамасман», деган арзи Очумеловнинг: «Сен аҳмоқ, қўлингни тушир! Айб ўзингда!», деб қичқириши билан боғланган.
Ҳикояни «серсув» (кўп сувли) қиладиган нарсалардан бири кўрсатиш ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумеловнинг «Буқаламун» эканини унинг сўзлари орқали кўрсатилмаса, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумеловнинг ўз сўзи билан кўрсатади.
Очумеловнинг дастлабки фикри:
— «Итни ўлдириш керак, қутурган бўлса ҳам ажаб эмас».
Ит генералга қарашли, дейилгандан кейин:
— «Ит нозик, сен ҳўкиздай, бўйингга қара!» Яна, ит генералники эмас, дейилгандан кейин:
— «Генералнинг итлари қимматбаҳо нарсалар эди. Бу бўлса, эгасиз дайди итга ўхшайди. Эпақалик юнги ҳам йўқ. Шундай бемаъни итни ҳам сақлайдими киши!»
Яна, ит генералники, дейилгандан кейин:
— «Балки қимматбаҳо зотли итдир».
Ошпаз, ит генералники эмас, дегандан кейин:
— «Бу эгасиз дайди ит».
Ит генералнинг укасига қарашли экани маълум бўлганда:
— «Яхшигина ит кўринади. Улгунча югурдак кўринади».
Мана бу диалогларга авторнинг ҳеч қандай изоҳи керак эмас. Бу диалоглар ҳам воқеани силжитади, ҳам ҳикоя қаҳрамони Очумеловни характерлайди.
Чехов услубидаги айрим хусусиятни сезган Л. Толстой бундай дегаи эди: «Чеховнинг импрессионистларга ўхшаган ўзига хос формаси бор… Яқиндан қарасак, худди ҳар бир тўғри келган ва бир-бирига алоқаси бўлмаган бўёқларни фарқ қилмасдан ишлатганга ўхшайди, аммо узоқроқдан қарасанг, бу бўёқлардан ажейиб бир манзара вужудга келганини кўрасан».
Толстойиинг бу сўзи Чеховнинг ўз сўзига жуда мос келади. У дейди: «Табиатни тасвир қилишда майда бўлаклар олиш ва буларга шундай тартиб бериш керакки. ўқиб кўзингни юмганингда кўз олдингга бир манзара келсин».
«Буқаламун» ҳикоясининг бирон сўзини чиқариб ташлаш ёки бирон сўзни қўшиш мумкин бўлмаганлиги, сўзга нақадар диққат қилинганлигини кўрсатади.
ҚОДИРИЙНИНГ ЧЕХОВДАН БИР ТАРЖИМАСИ
Баҳодир КАРИМ
филология фанлари доктори
Абдулла Қодирийнинг таржимонлик фаолияти эсланганда, албатта, улкан сўз санъаткори А.П.Чеховнинг “Буқаламун” (“Хамелеон”) ҳикоясини ўзбекчага ўгиргани тилга олинади. Сўзни, санъатни чуқур ҳис этган, наср учун ҳам фикр мантиғи, аниқ деталь, қисқалик ва лўндалик ниҳоятда муҳимлигини уқтирган Қодирийдек улкан адиб-санъаткор мўъжаз бир ҳикояни қандай таржима қилгани кўпчиликка қизиқ бўлса керак.
Абдулла Қодирий таржимасидаги бу ҳикоя “Шўро адабиёти” журналининг 1936 йил 3-сонида босилган эди. Саҳифа ҳошиясида “Буқаламун”га “Африқада бўлатурған бир турли эчкиэмар. Буқаламун ўзининг пўстини жуда тез ўзгартира олади. Қаерда турса, ўша ернинг тусига киради”, деб изоҳ берилган. Ҳикоядан аввал адибнинг “Майда ҳикоялар ёзганда сўзни қандай тежаш керак” номли мақоласи берилган бўлиб, унда А.Чеховнинг бадиий маҳорати таҳлил этилади; ёзувчи зоти тасвирлаш ва кўрсатиш ўрнига сўзлаб бериш ҳолатларига шўнғиб кетса, ҳикоянинг суви кўпайиб, ортиқча унсурлар пайдо бўлиши мумкинлигига диққат қаратилади. Ёзувчи ўз мақоласи давомидан берилаётган “Буқаламун”га махсус тўхталиб, фикрлари исботи учун ундан кўчирмалар олади. Оддийгина бир ҳаракат ва содда тасвирлар устидаги юкни, диалогларнинг ҳикоя структураси-матнидаги вазифасини кўрсатади. Қодирийга А.П.Чеховнинг ўқувчига малол келмайдиган равишдаги “сўзга хасислиги”, тасвирнинг “сиқиқ, қуюқ” бўлиши жуда маъқул келади. Адиб ҳикоянинг айнан шу жиҳатига урғу бериб, адабий фикрларига хулоса сифатида: “Буқаламун” ҳикоясидан бирон сўзни чиқариб ташлаш ёки бирон сўзни қўшиш мумкин бўлмаганлиги, сўзга нақадар диққат қилганлигини кўрсатади”, деб ёзади.
Бугунгача ўқувчилар “Хамелеон”ни қаҳҳорона (Абдулла Қаҳҳор) таржимада ўқиб келишади. Битта асарнинг оригинали, икки ва ундан ортиқ таржималарининг мавжуд бўлиши уларни ўзаро қиёслаш учун таржимашуносларга имкон бериши мумкин. Назаримда, “Буқаламун”ни ўзбекчалаштириш жараёнида Абдулла Қодирий ҳам бор маҳоратини қўллаган кўринади. Чунки унда китобхон юрагига тез етиб борадиган “бу эшиклар ёнида гадой у ёқда турсин бир зоғ ҳам кўринмайди”, “Вайсай берма!”, “Итнинг ўн жонидан бир жонини ҳам қўймайман”, “Мен бундайларнинг кўзини мошдек очиб қўйишга ярайман!…” каби халқона таъбирлар кўп қўлланилган. Ўзаро баҳсда қатнашаётган турли характерли кишиларнинг хатти-ҳаракатлари билан бирга, айниқса, буқаламуннусха кимсаларнинг ўзгарувчан табиатига хос калондимоғлик ўқувчининг кўзи олдида яққол намоён бўлади. Табиийки, бу ҳол таржимоннинг маҳоратидан дарак беради.
Муҳтарам ўқувчилар бугунги адабий тил меъёрларига бир оз яқинлаштирилиб нашрга ҳозирлаганимиз ушбу ҳикояни сўзимизга амин бўлади, деб ўйлайман.
Антон Чехов
Do'stlaringiz bilan baham: |