Тушунчалар
Тафаккур тушунчалар шаклида ифодаланади. Тушунча деганда биз нарса ва ҳодисаларнинг энг муҳим ва энг асосий хусусиятларини акс эттиришни тушунамиз. Тушунчалар ҳукмлардан таркиб топади. Шу сабабли тушунчанинг мазмунини очиб бериш учун бир қанча ҳукм юртишга тўғри келади. Масалан, одам онгли мавжудотдир деган тушунчани оладиган бўлсак, бу ерда одамнинг энг муҳим хусусияти унинг онглилиги экани қайд қилиняпти.
Тушунчалар одамнинг турмуш тажрибаси ва билимларининг ортиши жараёнида таркиб топа боради. Ана шу жиҳатдан олганда мактабдаги ўқиш жараёнида болада асосан табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида тушунчалар таркиб топтиришдан иборатдир. Демак, катта одамларга нисбатан болаларда ҳали тушунчалар жуда оз бўлади.
Тафаккур турлари
Муайян ижтимоий муҳитда турмуш кечираётган одамларнинг эҳтиёжлари хатти-ҳаракат мотивлари нарсаларга қизиқишлар, интилишлар, майллар, ақлий қобилиятлари, ҳатто фаолиятлари ҳам турли тумандир. Худди ана шу боисдан уларнинг тафаккури ҳам ҳар хил ҳолатларда вазиятларда турлича тарзда вужудга келади, намоён бўлади.
Психология фанида тафаккур турлари топшириқ хусусиятига, фикр ёйиқлигига, фикрнинг оригиналлик даражасига қараб, қуйидагича шартли классификация қилинади.
Кўргазмали-ҳаракат тафаккур тури. Тарихий тараққиёт давомида одамлар ўз олдиларида турган мақсадларни дастлаб амалий фаолият нуқтаи назаридан ечганлар, кейинчлик унда назарий фаолият ажралиб чиққан. амалий ва назарий фаолият чамбарчас бир-бири боғлангандир.
Кўргазмали-ҳаракат тафаккур турига психологик адабиётларда қуйидагича таърифлар учрайди. Жумладан, В.Каримова томонидан кўргазмали-ҳаракат тафаккури одамнинг реал предметлар билан иш қилаётган пайтда фикрлаш жараёнини назарда тутади. “Психологик луғатда” кўргазмали ҳаракатли тафаккур амалий тафаккурнинг бевосита идрок қилаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида ҳаракатлар ёрдами билан амалга ошириладиган фикрлаш тури, деб тавсифланади.
Кўргазмали-образли тафаккур тури ҳам психологик адабиётларда турлича талқин қилинади. “Психологик луғат”да таърифланишича у конкрет тафаккурнинг бевосита идрок қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат бўлган тури. Профессор Э.Ғозиев фикрича, бевосита идрок қилинаётган предметлар эмас, балки фақат тасаввур қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат тафаккур тури кўргазмали-образли тафаккур деб аталади. В.Каримова томонидан кўргазмали-образли тафаккур эса кўрган кечирган нарсалар ва ҳодисаларнинг аниқ образлари кўз олдимизда гавдаланган чоғда уларнинг моҳиятини умумлаштирилиб билвосита акс эттиришимиздир, деб талқин қилинади. Тафаккурнинг мазкур кўриниши 4-7 ёшгача бўлган болаларда намоён бўлади. Боғча ёшидаги болаларда кўргазмали-образли тафаккур босқичига ўтгандан сўнг ҳам сақланиб қолади, лекин у ўзининг етакчи ролини йўқота бошлайди.
Кўргазмали-образли тафаккур содда шаклда кўпинча боғча ёшидаги болаларда, яъни 4-7 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади. Бу ёшдаги болаларда тафаккурнинг амалий ҳаракатлар билан алоқаси аввалгидек тўғри ва бевосита бўлмайди. Боғча ёшидаги болалар фақат кўргазмали образлар билан фикр юритадилар ва унча тушунчага эга бўлмайдилар. Боғча ёшидаги болаларда тушунчаларнинг йўқлиги швейцариялик психолог Ж.Пиаженинг қуйидаги тажрибасида жуда яққол намоён бўлади. 7 ёшга яқин болаларга хамирдан қилинган мутлақо бир хил, ҳажми жиҳатидан тенг 2 та соққа кўрсатилади. Болалар уни тенг деб ҳисоблайди. Болаларнинг кўз олдида битта соққа эзиб нон шаклига келтирилади. Энди болалар нон шаклидаги соққада хамир кўп деб ҳисоблайдилар. Болаларнинг кўргазмали-образли тафаккурлари ҳали уларнинг идрокларига бевосита тўла бўйсунадиган бўлади. Уларнинг кўргазмали-образли шаклда ўтадиган тафаккурлари болаларни соққага қараганда нон шаклидаги хамир кўпроқ деган хулосага олиб келади.
Фикр юритилиши лозим бўлган нарса-ҳодисаларни идрок ёки тасаввур қилиш мумкин бўлса, бундай тафаккур конкрет тафаккур деб аталади. У ўз навбатида яққол-предметли ва яққол-образли тафаккур турларига ажратилади. Агар фикр юритиш объекти бевосита идрок қилинса, бундай тафаккур яққол-предметли тафаккур дейилади. Фикр юритилаётган нарса ва ҳодисалар фақат тасаввур қилинса, бундай тафаккур яққол-образли тафаккур деб аталади.
Абстракт тафаккур нарсаларнинг моҳиятини акс эттирувчи ва сўзларда ифодаловчи тушунчаларга таяниб фикр юритишдир. Алгебра, тригонометрия, физика, чизма геометрия, олий математика масалаларини ечиш маҳалида фикр юритиш, мулоҳаза билдириш, абстракт тафаккурга хос мисоллардир.
Абстракт тафаккур конкрет тафаккурдан ғоят кенг маъно англаниши билан қатор нарса ва ҳодисалар тўғрисида, абстракт тафаккур ёрдамида мулоҳаза борлиқ тўғрисида чексизлик, сифат, миқдор, тенглик тўғрисида, гўзаллик юзасидан мавҳум абстракт мулоҳаза юритиш мумкинлиги билан фарқ қилади.
Ҳодисаларни изоҳлашга, фараз қилишга қаратилган тафаккур назарий тафаккур деб аталади. Тушунчалар ўртасидаги боғланишларни ёритиб бориш ва шу боғланишларни назарий жиҳатдан фикр юритиш йўли билан изоҳлаш каби жараёнларни назарий тафаккур ёрдамида амалга ошириш мумкин. Изоҳлаш пайтида изоҳланаётган нарса ва ҳодисалар, хосса ва хусусиятлар, жисм ва предметлар, умуман бутун воқелик маълум туркумдаги тушунчалар қаторига киритилади ва уларнинг фарқ қиладиган белги ва аломатлари фикран ажратиб кўрсатилади. Бундан ташқари муайян объектларнинг моҳияти, мазмуни мавжуд бўлишлик сабаблари, келиб чиқиши, тараққиёти, ўзгариши, шунингдек уларнинг аҳамияти ва функция ҳамда вазифалари изоҳлаб берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |