Тафаккур сифатлари
Тафаккур бошқа билиш жараёнлари каби ўзининг индивидуал хусусиятларига эга бўлиб, фикр юритиш фаолиятининг шакллари, воситалари ва операцияларининг муносабатлари кишиларда турлича намоён бўлишида ўз ифодасини топади. Одатда тафаккурнинг индивидуал хусусият-лари, сифатларига билиш фаолиятининг мазмундорлиги, мустақиллик, эпчиллик, самарадорлик, фикрнинг кенглиги, тезлиги, чуқурлиги ва бошқа сифатлар киритилади.
Тафаккур мазмундорлиги деганда инсонинг теварак-атрофдаги моддий воқелик тўғрисида онгда қай миқдорда, кўламда мулоҳазалар, муҳокамалар, фикрлар, муаммолар, тушунчалар жой олганлиги назарда тутилади. Инсонда санаб ўтилган характердаги ғоялар тўлиб тошса, шунчалик тафаккур мазмундор бўлади. Кишилар бир-бирларидан биринчи навбатда тафаккурнинг мазмундорлиги билан тафовутланади.
Тафаккурнинг чуқурлиги деганимизда моддий дунёдаги нарса-ҳодисаларнинг асосий қонунлари, қонуниятлари, хоссалари, сифатлари уларнинг ўзаро боғланишлари, муносабатлари, тафаккуримизда тўлиқ акс этганлигини тушунишимиз керак. Тафаккур арсеналида жойлашган нарсаларнинг қай йўсинда системалашганлигига қараб тўғри ва рационал йўл назарда тутилади, у ёки бу шахснинг тафаккур чуқурлиги тўғрисида қатъий бир қарорга келиш мумкин.
Тафаккурнинг кенглиги ўзининг мазмундорлиги, чуқурлиги каби сифатлари билан мунтазам алоқада бўлади. Инсонлардаги нарса ва ҳодисаларнинг энг муҳим белги, хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган ўтмиш юзасидан, ҳозирги давр ҳақида, шунингдек, келажак тўғрисида мулоҳазалар, муаммолар ва тушунчаларни қамраб олган тафаккур кенг тафаккур дейилади. Фикр доираси кенг билим савияси юқори серғоя ижодий изланишдаги кишиларни ақл заковатли, билимдон ёки тафаккури кенг кишилар деб аташ мумкин. Демак, инсоннинг ақл-заковати, билимдонлиги мулоҳазадорлиги унинг тафаккурининг кенглигидан далолат беради.
Инсон тафаккури ўзининг мустақиллиги жиҳатидан мустақил ва номустақил тафаккурга ажратилади. Тафаккурни мустақиллиги деганда кишининг шахсий ташаббуси билан ўз олдига аниқ мақсад, янги вазифалар қўя билиши, улар юзасидан амалий ва илмий характердаги фараз, гипотеза қилиш, натижани кўз олдига келтира олиши, қўйилган вазифани ҳеч кимнинг кўмагисиз, кўрсатмасисиз ўзининг ақлий изланиши туфайли турли йўл, усул ва воситалар топиб, мустақил равишда ҳал қилишдан иборат ақлий қобилиятни тушуниш керак.
Тафаккурнинг мустақиллиги ақлнинг серташаббуслиги, пишиқлиги ва танқидийлигида намоён бўлади. Ақлнинг серташаббуслиги деганда инсоннинг ўз олдига янги муаммо, аниқ мақсад ва конкрет вазифалар қўйишни, ана шуларнинг барчасини амалга оширишда, ниҳоясига етказишда ечимни қидиришда усул ва воситаларни шахсан ўзи излаши, ақлий зўр бериб интилиши, уларга таааллуқли қўшимча белги ва аломатларни киритишдан иборат босқичларнинг намоён бўлишини назарда тутамиз. Ақлнинг пишиқлиги вазифаларни тез ечишда, ечиш пайтида янги усул ва воситаларни ўз ўрнида аниқ қўллашда, трафаретга айланган эски йўл ҳамда усуллардан фориғ бўлишда ва бошқа жараёнларда ифодаланади.
Ўзининг ўзгаларнинг мулоҳазаларини, бу мулоҳазаларнинг чин ёки чин эмаслигини текшира билишда ва намоён бўлган мулоҳазаларга, муҳокамаларга, муаммоли вазиятга баҳо бера билишда ақлнинг танқидийлиги муҳим роль ўйнайди. Тафаккурнинг танқидийлиги объектив ва субъектив равишда ифодаланиши мумкин. Мазкур сифат инсонни баҳолаш, ўз-ўзини баҳолаш каби тафаккурнинг индивидуал хусусиятлари билан боғлиқ равишда намоён бўлади. Агар танқидийлик оқилона, муҳим белгиларга, муаммо моҳиятининг тўғри очилишига, баъзан эталонга асосланиб амалга ошса, ундай танқидийлик объектив танқидийлик деб аталади. Мабодо тафаккурнинг танқидийлиги субъектив хатоларга, умуман субъективизмга оғиб кетса, бундай ҳолда субъектив танқидийлик дейилади. Субъектив танқидийлик салбий оқибатларга олиб келади, шунингдек инсонлар ўртасида англашилмовчилик ғовини вужудга келтиради, икки шахс ўртасида кутилмаганда зиддият пайдо бўлади. Инсонда тафаккурнинг танқидийлиги оқилона рационал тарзда вужудга келса, унда шахс муҳим сифат билан бойийди деб аташ мумкин.
Мақсад, муаммо ва вазифалар ўзга шахслар томонидан қўйилиб, тайёр усул ва воситаларга таянган ҳолда ўзга кишиларнинг бевосита ёрдами билан амалга оширилиши жараёнида бир оз иштирок этган тафаккур номустақил деб аталади. Номустақил тафаккурли кишилар тайёр маҳсулотлар қулига айланадилар, ўсишдан орқада қолиш хавфи туғилади. Натижада ақл-заковатли инсон бўлиш ўрнига, калтабин, ақлдан эринчоқ, беҳафсала одам бўлиб вояга етади. Демак, тафаккурнинг номустақиллик иллати ривожланишига тўсиқ бўлиб, якка шахс учун эса трагедия ролини бажариши эҳтимолдан холи эмас.
Фикрнинг мустақиллиги унинг маҳсулдорлиги билан узвий боғланган. Агар инсон томонидан муайян вақт ичида маълум соҳа учун қимматли ва янги фикрлар, ғоялар, тавсифномалар яратилган ҳамда назарий ва амалий вазифалар ҳал қилинган бўлса, бундай кишининг тафаккури сермаҳсул тафаккур деб аталади. Демак, вақт оралиғида бажарилган иш кўлами ва сифатига оқилона баҳо бериш тафаккур маҳсулдорлигини ўлчаш мезони сифатида хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |