9-МАВЗУ. ФУҚАРО, ФУҚАРОВИЙЛИК ВА ФАОЛ ФУҚАРОЛИК ПОЗИЦИЯСИ
Назорат саволлари:
Фуқаровийликнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?
Фуқаролик жамияти фуқаровий онг ва фаоллик юксак бўлган шароитда барпо этилиши мумкин. Фуқаровийлик мамлакатнинг турли ривожланиш босқичларида, шунингдек жамиятнинг бир босқичдан иккинчи босқичга ўтиш даврида яққол намоён бўлади. Ҳозирги даврда ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ўз бошидан кечираётган, яъни, фуқаролик жамияти барпо этаётган турли мамлакатларда фуқаровийликнинг нмоён бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Фуқаровий фаолликнинг моҳиятини англаш учун аввало фуқаровийликнинг мазмун-моҳиятини тушуниш талаб этилади.
Турли илмий манбаларда қайд этилишича, ўз ватани тараққиёти учун ҳар қандай йўл билан, хусусан, ўзининг жисмоний ёки маънавий меҳнати билан жамиятга хизмат қиладиган инсон ҳақиқий фуқаро сифатида эътироф этилади. Бу каби қарашлар бироз фалсафий аҳамиятга касб этаётгандек туюлса-да, аслида фуқаролик жамияти барпо этишда айнан фуқаронинг фаолиги муҳим омил сифатида аҳамият касб этади.
Фуқаровийлик дастлабки қарашда ҳуқуқшуносликка оид атамадек туюлади. Аслини олганда, бу ҳодисанинг фалсафий, ҳуқуқий, социологик ва сиёсий моҳиятлари мавжуддир.
Фуқаро – ўзининг фуқаролиги ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳамда муайян жамият (давлат) аъзоси бўлган шахсдир. Фуқаролик эса ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга онгли риоя этиш, маълум ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳамда муайян бурчларни бажаришга масъуллик билан ёндашадиган, ўз меҳнати ва жамоадаги фаоллиги, маънавий етуклиги асосида муайян давлатга мансубликни англатади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексининг 16-моддасида “фуқаро (жисмоний шахс) тушунчаси” қуйидагича белгиланган: “Фуқаролар (жисмоний шахслар) деганда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади”1.
Фуқаровийлик бир давлатга мансубликни англаш, давлатга содиқлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси сифатида ҳам талқин этилиши мумкин. Бунда давлатни, конституция ва қонунларни, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, давлат тузумини ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга тайёр туриш фазилатларига эга бўлган шахс назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қуйидаги тамойилларга асосланади:
-ягона фуқаролик, яъни икки ва кўп фуқаролик тан олинмайди;
-фуқароликда тенглик принципи мавжуд;
-фуқароликка эга бўлиш, фуқароликдан чиқиш ихтиёрийликка асосланади;
-фуқароликдан мажбурий чиқаришга йўл қўйилмайди;
-Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаати мамлакат ташқарисида ҳам давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |