Фуқаровий онг нима?
Фуқаровий онгнинг мазмун-моҳиятини англаб етиш учун унинг омилларини билишга зарурат сезилади. Фуқаролик онги демократик қадриятлар, идеаллар, ҳуқуқ ва эркинликлар нуқтаи назаридан шахс, жамият ва давлат ўзаро муносабатларни англаб етиш демакдир. Албатта ҳар бир давлат ва жамиятда демократик қадриятлар ўзига хос тамойиллир ва меъёрлар асосида ривожланади. Фуқаролик онги жамият тараққиётининг шундай босқичидаги руҳий ҳолатини англатадики, бу даврда демократик меъёрлар ва қадриятлар ҳаётнинг асосига айланган бўлади.
Фуқаролик онги иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий соҳаларда меъёрий, шакллантирувчи, йўналтирувчи, мулоқотга етакловчи сингари ранг баранг вазифаларни бажаради. Бу вазифалар ўзар таъсирлар натижасида ўзаро кесишади ва бир-бирини бойитиб боради. Уларнинг аксарияти давлат ва унинг институтларидан иборатдир. Лекин, давлат органлари қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, қоида ва талаблардан иборат ҳуқуқий доирада фаолият юритса, фуқаролик онги жамиятда эркин ҳолда шаклланади. Фуқаровий онг меъёрлари ижтимоий-сиёсий жараёнлар натижасида шаклланади, уни мувофиқлаштирадиган ёки уни амалга оширадиган махсус тузилмалар бўлмайди. Фуқаролик онгининг вазифалари алоҳида олинган индивидларнинг эмас, балки бутун жамият фаолияти билан боғлиқ ҳолда амалга ошади.
Фуқаролик онги жамият ҳаётида турли шаклларда намоён бўлади. Кишилар шахсий ва ижтимоий қадриятлар муҳитида ўз қарашлари, тасаввурлари, қадриятлари, интилишлари, меъёрларини турли кўринишларида намоён этади. Жамият, ижтимоий гуруҳлар, шахснинг ижтимоий манфаатлари намоён бўладиган фуқаровий манфаатлар бир тизим ҳолига келади. Айнан у тизим ҳолида бўлганлиги туфайли фуқаровий манфаатлар ҳар бир шахснинг қадриятларини ҳаётга татбиқ этишини таъминлайди, унинг жамиятга, давлатга, бошқа фуқароларга нисбатан муносабатини шакллантиради, фуқаронинг масъулияти, мақсадлари, вазифаларини белгилашга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хусусиятларини шакллантиришга кўмаклашади. Айнан ана шу тарзда шаклланган фуқаровий онг фуқаролик жамиятининг шаклланишига хизмат қилувчи қадриятлар, меъёрлар, ғоя ҳамда тасаввурларни шакллантириш, жамиятни комиллик ва эркинликка сари етаклашга хизмат қилади.
Фуқаролик жамияти бир неча авлод алмашинувини талаб этадиган жараён бўлганидек фуқаровий онг ҳам тарихий давр мобайнида шаклланиб боради. Ҳар бир мамлакатдаги фуқаровий онг шу мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий тизимнинг табиатига мос ва хос тарзда шаклланади, ана шу мамлакатга хос бўлган ижтимоий тизим, алоқалар ва муносабатларни акс эттиради.
Фуқаролик онги табиий ва тадрижий тараққиёт маҳсули бўлиб, уни сунъий жиҳатдан тезлаштиришнинг иложи йўқ. У ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий омиллар негизида тадрижий тарзда шаклланади. Ҳар бир авлод мавжуд демократик қадриятларни ўзлаштиради ва янгиларини яратади. Бу жараёнда фуқаролик онгини белгилаб берувчи меъёрлар ва қадриятларни сақлаш ҳамда узлуксиз такомиллаштириш муҳим фаолият ҳисобланади. Тадрижий тараққиёт натижасида демократик тасаввурлар шахс онгида мустаҳкамланиб боради, унда аста-секинлик билан фуқаролик тажрибаси ҳам тўпланиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |