Фуқаровийликнинг асосий хусусиятлари ҳақида нималар дея оласиз?
Фуқаро фуқаролиги ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳамда муайян жамият (давлат) аъзоси бўлган шахсдир. Фуқаролик эса ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга онгли риоя этиш, маълум ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳамда бурчларни бажаришга масъуллик билан ёндошув, меҳнат жараёни ва жамоадаги фаоллик, маънавий етуклик асосида муайян давлатга мансублик демакдир.
Фуқаровийлик бир давлатга мансубликни англаш, давлатга содиқлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси сифатида талқин этилиши мумкин. Бунда давлатни, конституцияни, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, давлат тузумини ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга тайёрлик назарда тутилади. Фуқаровийликни инсонга ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан лаёқатли эканлигини ҳис этишни таъминловчи ва жамловчи тушунча сифатида ҳам талқин этиш мумкин.
Фуқаровийликни инсонга ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан ўзининг лаёқатли эканлигини ҳис этишни ўзида сезадиган шахснинг белгилари сифатидаги тушунча сифатида ҳам талқин этиш мумкин. В.Далнинг луғатида қайд этишича, “фуқаровийлик фуқаролик жамиятини қарор топтириш учун жамиятнинг онги ва билими даражасини ифода этадиган ҳолатдир”2.
Кўриниб турибдики, фуқаровийлик нафақат инсоннинг ҳуқуқий мақоми, балки, унинг билими ва жамиятнинг ва ўзининг ҳолатини англаши, турли ижтимоий меъёрлардан хабардорлиги ва уларга риоя қилиш билан боғлиқдир. Бунда фуқаролар томонидан жамият тараққиёти йўлида амалга ошириладиган ўзаро бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик сингари ихтиёрий фаолиятда иштирок этиш ҳам назарда тутилади. Бундай ҳолатда фуқаровийликда ҳуқуққа нисбатан маънавиятнинг устуворлиги намоён бўлади. Аслида, анъанавий жамиятларда фуқаровийлик ҳуқуқий мазмунда эмас, балки кўпроқ маънавий ахлоқий кўринишда намоён бўлиши ўз исботини топган.
Шўролар тузуми даврида фуқаровийлик ватанга садоқат ва ватанпарварлик сифатида талқин этилса-да, у асосан мафкуралашган кўринишда намоён бўлди. Кўпчилик ҳолларда фуқаровийлик ватанпарварлик билан аралашиб кетиши кузатилган. Аслида эса ватанпарварлик фуқаровийликнинг бир кўринишидир, холос. Фуқаролик жамияти фуқароларнинг оддийгина йиғиндиси бўлмагани сингари фуқаровийлик ҳам фақат индивидуаллик аҳамиятига эга бўлган ҳодиса эмас. Фуқаровийлик бир мамлакат ҳудудида яшовчи фуқароларнинг ўз ватанларига содиқлиги, қонунларни ҳурмат қилиши, уларга сўзсиз бўйсуниши, шунингдек ватаннни ҳимоя қилиш ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган масалаларда ўз фаоллигини намоён қилишни назарда тутади. Фуқаровийликка нисбатан турли фикрларни умумлаштирсак, у ҳолда унга нисбатан қуйидагича таърифни қўллаш мумкин: “Фуқаровийлик бир тарафдан, жамиятда шахснинг олий даражада мустақиллигини англатса, иккинчи тарафдан, кишиларнинг жамият ҳаётидаги иштирокида намоён бўладиган юқори даражадаги ўзаро бирдамликни назарда тутувчи қарашлар мажмуини ифода этади”.
Қуйидагилар фуқаровийликни ифода этувчи муҳим жиҳатлардир:
фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етиши ва уни амалиётда қўллай олиш кўникмаси;
бошқа фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этиш ва ҳурмат қилиш;
фуқаронинг ўз хатти-ҳаракати учун шахсий масъуд эканлиги;
шахснинг давлат ва жамият олдида ўзининг ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлардан масъуллгини англаш;
фуқароларнинг бир-бирлари билан ўзаро тенглиги;
юксак маънавий-ахлоқий мезонларга асосланган ҳолда ижтимоий воқеликларга нисбатан объектив ва танқидий ёндашувларга эга эканлиги;
ҳокимият органлари, бошқа фуқаролар ва жамоат бирлашмалари билан ижобий мулоқот юритиш ва ҳамкорлик қобилияти;
бир мамлакат, жамият ва давлатга, шунингдек унга тегишли бўлган ҳуқуқий, маданий ва тилни ўзида намоён қилган, ўзини ўзи англаб қобилиятини эгаллаган шахс.
Фуқаровийликни шахснинг фаоллиги даражаси нуқтаи назаридан шартли равишда қуйидаги даражаларга ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин:
фуқаро масъулиятли, онгли ва виждонли бўлса, уни дастлабки поғонада, яъни фуқаровий хусусиятларга эга бўлган шахслар қаторида баҳолаш мумкин;
агар фуқарода атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан маълум бир муносабат билдира олиш қобилияти шаклланган бўлса, уни ўз фуқаровий нуқтаи назарига эга бўлган шахс сифатида эътироф этиш мумкин;
агар фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва бурчи, улардан амалда фойдаланиш ёки бажариш кўникмаларини эгаллаган бўлса, уни фаол фуқаро сирасига қўшиш мумкин.
Фуқаровийликнинг тугал ёки тўкис эканлигини қуйидаги мезонлар воситасида талқин қилиш мумкин:
1. Агар фуқаровий позиция ҳали шаклланмаган, фуқаровий хусусиятлар, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиш истаги тўлиқ намоён бўлмаса, у фуқаровийликнинг энг қуйи даражаси турган бўлади.
2. Фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишга мойил бўлса, у ҳақда ўз билим ва қобилиятини намоён қилишга тайёр бўлса, бундау фуқаровийликнинг ўрта даражасини эгаллаган бўлади.
3. Агар шахсда фуқаровий хусусиятлар ҳамда фаол фуқаролик позицияси тўлиқ шаклланган, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун амалий ҳаракатга кириш иштиёқи яққол намоён бўлаётган бўлса, у ҳолда уни юқори даражада фуқаровийлик намоён қилаётган шахс сифатида талқин этиш мумкин.
Шахсларнинг фуқаровийлик сифатлари жамият аъзоларини сафарбар этиш ва йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади. Фуқаровийлик шахснинг ўз теварак атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фаол муносабатини, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдаги иштирокини англатади. Шунингдек, фуқаровийлик жамият олдида маълум бир мақсаднинг шаклланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Албатта, жамиятда фуқаровийликнинг ривожланиши учун тегишли маънавий, ижтимоий ва тарбиявий чора-тадбирлар кўриш, унинг ривожланиши учун қулай ижтимоий муҳит яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |