Буғлаткичлар тузилиши ва ишлаш принциплари
Буғлатиш қурилмаларини классификациялаш усуллари кўп. Лекин, буғлатиш қурилмаларини ишлаш интенсивлигини характерловчи эритма циркуляциясининг тури ва карралиги классификациялашнинг асосий белгилари деб ҳисоблаш мумкин. Кимё ва озиқ-овқат саноатларида уч хил буғлатиш қурилмалари кенг тарқалган:
1. Эркин (табиий) циркуляцияли буғлатиш қурилмалари;
2. Мажбурий циркуляцияли буғлатиш қурилмалари;
3. Юпқа қатламли (плёнкали) буғлатиш қурилмалари.
Замонавий буғлатиш қурилмаларининг иситиш юзалари 10...1800 м2. Буғлаткичлар конструкцияларини танлашда эритмаларнинг физик ва иссиқлик хоссалари, кристаллинишга мойиллиги, юқори температураларга чидамлилиги, ҳар бир корпусдаги фойдали температуралар фарқи, иссиқлик алмашиниш қурилмасининг юзаси, технологик хусусиятлари ҳисобга олиниши зарур.
Буғлатиш қурилмалари углеродли, легирланган ва икки қатламли пўлатлардан тайёрланади.
Қуйида, саноатда энг кенг тарқалган, типик буғлаткичлар конструкциялари келтирилади.
Ички иситувчи камерали ва марказий циркуляцион трубали буғлаткич. Вертикал қобиқ 1 нинг пастки қисмида иситиш камераси 2 жойлашган. ўз навбатида иситиш камераси иккита тешикли панжара ва унга развальцовка усулида маҳкамланган қайнаш трубалари 3 дан таркиб топган. Иситиш камерасининг ўртасига қайнаш трубаларига қараганда диаметри каттароқ циркуляцион труба 4 ўрнатилган бўлади.
Иситиш камерасининг трубалараро бўшлиғига иссиқлик элткич, яъни сув буғи юборилади.
Эритма эса қурилманинг тешикли труба панжараси устига узатилади ва циркуляцион труба орқали пастга оқиб тушади. Сўнгра, иситиш натижасида зичлиги камайиб, қайнаш трубалари бўйлаб тепага кўтарилади ва труба ичидан маълум бир масофада қайнайди. ¥осил бўлган иккиламчи буғ сепарацион бўшлиқ 5 га кўтарилади ва томчи ушлагич 6 да инерцион куч таъсирида майда эритма томчиларидан ажратилади. Ундан кейин, иккиламчи буғ қурилмадан чиқиб кетади.
Қуюқлаштирилган эритма конуссимон тубдаги штуцер орқали оралиқ ёки тайёр маҳсулот сифатида чиқарилади.
Ю қорида қайд этилгандек қайнаш ва марказий (циркуляцион) трубада эритманинг циркуляцияси унинг зичликлари фарқи остида рўй беради. Эритма зичлиги фарқининг ҳосил бўлишига сабаб, иситиш камераси юзасининг марказий трубаникидан анча катталигидир.
Маълумки, иситувчи камера трубаларида эритмадан буғ ажралиб чиқиши, марказий трубага қараганда анча интенсив бўлади. Демак, қайнаш трубуларида эритманинг зичлиги, марказий трубаникидан пастроқ бўлади. Натижада, зичликлар фарқи таъсири остида эритма эркин циркуляция қилади ва иссиқлик ўтказиш жараёни жадаллашади. Ундан ташқари, эритма циркуляцияси труба юзасига сополсимон, ғовак қатлам (накипь) ўтириб қолишига қаршилик кўрсатади.
Бу турдаги қурилмалар вакуум остида ишлаганда, қайнаш температураси пасаяди. Демак, паст босимли иссиклик элткичлардан фойдаланиш мумкин. Ушбу усулда юқори температураларга бардош беролмайдиган эритмаларни буғлатиш тавсия этилади.
Буғлатиш жараёнида вақт ўтиши билан эритманинг физик ва иссиқлик-диффузион хоссалари ўзгаради. Бу ҳол иссиқлик бериш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қурилманинг камчиликлари: трубалар тешикли панжараларга қаттиқ, қўзғалмас қилиб маҳкамланганлиги учун қобиқ ва трубаларнинг температура таъсирида узайишига йўл қўймайди; марказий труба иситиш камерасининг ичида ўрнатилгани учун температура фарқи кам бўлади, натижада зичликлар фарқи ҳам оз бўлади, яъни циркуляция карралиги камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |