825-модда. Топшириқ шартномасида ҳуқуқий ворислик
Вакил вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари ёки мерос мулкнинг сақланишини таъминлаш мажбурияти юклатилган бошқа шахслар топшириқ шартномаси бекор қилиниши ҳақида топшириқ берувчига кечиктирмай хабар беришлари ҳамда топшириқ берувчининг мол-мулкини муҳофаза қилиш учун зарур чораларни кўришлари, хусусан, топшириқ берувчининг ашёларини, шунингдек ҳужжатларини сақлаб қўйишлари, сўнгра эса унга топширишлари шарт. Вакил (ишончли вакил) бўлган юридик шахсни тугатаётган шахснинг зиммасида ҳам шундай мажбурият бўлади.
Вакил (ишончли вакил) сифатида иш олиб бораётган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши керак. Мазкур ҳолатда бундай юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар топшириқ берувчи ўттиз кунлик муддатда топшириқ шартномасидан бош тортишини маълум қилмаса, унинг қонуний ворисига ўтади.
47-боб. Бегона шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилиш
826-модда. Бегона шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилиш шартлари
Манфаатдор шахсга ёки унинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш, унинг мажбуриятларини бажариш ёки унинг қонунга зид бўлмаган бошқа манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз, бошқа кўрсатмасисиз ёки олдиндан ваъда берилган розилигисиз қилинган ҳаракатлар (бегона шахснинг манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар) очиқ кўриниб турган манфаат ёки фойдадан ҳамда манфаатдор шахснинг ҳақиқий ёки эҳтимол тутилган ниятларидан келиб чиқиб ҳамда ишнинг ҳолатларига кўра зарур ғамхўрлик ва эҳтиёткорлик билан қилинмоғи керак.
Ушбу бобда назарда тутилган қоидалар бундай ҳаракатлар фаолиятининг мақсадларидан бири бўлган давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бошқа шахслар манфаатлари йўлида амалга оширадиган ҳаракатларга нисбатан қўлланмайди.
827-модда. Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилувчи шахснинг мажбуриятлари
Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз ҳаракат қилувчи шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ, бу ҳақда манфаатдор шахсга хабар бериши шарт. Агар манфаатдор шахс бу ҳаракатларни маъқулласа, шундан кейин топшириқ шартномаси тўғрисидаги қоидалар тарафларнинг муносабатларига нисбатан қўлланади. Мазкур ҳаракатлар маъқулланмаган тақдирда улар бўйича жавобгарлик топшириқсиз ҳаракат қилган шахс зиммасига юклатилади.
Манфаатдор шахсни хабардор қилиш мумкин бўлмаса, ҳаракатларни топшириқсиз бошлаган шахс уларни охирига етказиши, манфаатдор шахс учун салбий мулкий оқибатларнинг олдини олиш бўйича ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриши шарт. Бунда топшириқсиз ҳаракат қилган шахс ишни юритиш билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани, шу жумладан тузилган битимлар бўйича мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши шарт.
Агар бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб унинг топшириғисиз ҳаракат қилаётган шахс биринчи имконият туғилиши биланоқ бу ҳақда манфаатдор шахсни хабардор қилмаса, у қилинган харажатларни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Бошқа шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилаётган шахс тегишли фаолиятнинг амалга оширилишидан манфаатдор бўлган фуқаро вафот этган ёки юридик шахснинг фаолияти тўхтатилган тақдирда ҳам манфаатдор шахснинг меросхўрлари (қонуний ворислари) унинг ўрнини олгунларича бошланган фаолиятни давом эттириши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |