8-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОНДА ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ
Режа:
Виждон эркинлиги тушунчаси.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган диний конфессия ва ташкилотлар.
Миссионерлик ва прозелитизм хавфининг бартараф этилиши.
Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлигининг конституцион таъминланиши фуқароларда дин ва диний қадриятларга нисбатан адолатли ва холисона муносабатни белгилаш имкониятини яратди.
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун Республикамиз Конституцияси тамойилларига асосланиб, виждон эркинлигини амалга оширишнинг оқилона демократик ечимини топди. Қонун фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминламоқда.
Виждон эркинлиги фуқароларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир. Виждон эркинлиги инсон ҳуқуқлари масаласининг энг муҳим кирраларидан биридир. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари Декларацияси»да бу масалага алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Декларациянинг 18-моддасида бундай деб ёзиб қўйилган: «Ҳар бир инсон... виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эгадир». Мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро меъёрларни тан олган ва мазкур масала хусусида халқаро хамжамият қабул қилган хужжатларга қўшилган. Шунинг учун ҳам давлатимизнинг Асосий Қонуни- Конституциямизнинг 31-моддасида қуйидаги сатрлар битилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳохлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқукига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».
Демак, бир киши бошқасига, сен у динга, сен бу динга эътиқод қиласан ёки сенинг бирор динга эътиқод қилишга ҳаққинг йўқ, сен бединсан, деб айта олмайди ва у ёки бу ақидага бўйсунишга мажбур эта олмайди. Диндор кишини иккинчи шахс, «Диний эътиқодингиздан қайтинг», деб мажбур қила олмайди. Динга ишониш ёки ишонмаслик, диндор ёки дахрий (динсиз) бўлиш ҳар кимнинг шахсий ишидир.
Виждон эркинлиги дейилганда, айни пайтда фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, уларнинг тенг ҳуқуқлилиги, барча динларнинг қонун олдида тенглиги, динга эътиқод қилиш ёки қилмасликка нисбатан ҳеч қандай мажбуриятнинг йўқлиги, диний ташкилотлар (масжид, черков, синагог ва х.к.) учун мажбурий йиғимлар тўплашнинг таъқиқланганлиги, диний эътиқод туфайли ўзаро адоват ва нафрат кўзғатишнинг тақиқланиши каби масалалар ҳам тушунилади.
Айни пайтда, шу нарсани алоҳида таъкидлаш зарурки, динга эътиқод қилиш эркинлиги фақат миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, аҳлоқи, ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш учун зарурият туғилгандагина чекланиши мумкин.
Бинобарин, виждон эркинлиги демократиянинг таркибий қисми ҳамдир.
Виждон эркинлигининг кафотлатлари нималардан иборат?
Бу кафолатлар кўп қирралидир. Улар Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунида таърифлаб берилган. Булар:
аввало, динларнинг ва диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилганлиги;
барча фуқаролар учун маориф ва маданият эшикларининг очиқлиги;
мактабнинг диндан ва диний ташкилотлардан ажратилганлиги;
таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмаслиги;
диндорларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган муайян шароитларнинг яратиб берилганлиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |