8-мавзу. Янги Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгиланиши
1.Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш,суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш жараёнида судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш.
2.Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш.Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий қонунчиликни такомиллаштириш.
3.Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш йўллари, жамоатчилик назорати ва кафолатланган хавфсизлик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Парламентга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “...юртимизда сўнгги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва одил судловга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган”.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр – қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши мустаҳкамланиб қўйилган (13-модда). Ижтимоий қадриятларнинг давлат фойдасини эмас, балки инсон фойдасини кўзлаб ўзгартирилиши жамият томонидан тўла қўллаб – қувватланади.
Зеро, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилининг Конституциямизда белгиланганлиги (11-модда) мустақиллигимизнинг энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, фақат шундай умум эътироф этилган, жаҳон тажрибасида синовдан ўтган демократик йўл билангина одил судлов лозим даражада амалга оширилиши, Конституцияга ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга сўзсиз риоя этилиши, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботнинг мустаҳкамланишига эришиш мумкин.
Суд ҳокимиятининг ташкил этилиши ва амал қилиши асосларини белгиловчи қонун ҳужжатлари:
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунлари, Фуқаролик,
Фуқаролик процессуал,
Иқтисодий процессуал,
Жиноят,
Жиноят процессуал,
Маъмурий жавобгарлик,
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари ва қарорлари.
Суд ҳокимиятининг ягоналиги, судьяларнинг мустақиллиги, суд корпусининг шакллантирилишини белгилайдиган ҳуқуқий қоидалар, шунингдек судлар фаолиятини молиялаштириш ва моддий – техника масалалари айни шу ҳужжатларда баён қилинган. Процессуал кодексларда эса ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш шароитида одил судловни амалга ошириш тамойиллари, суд ишларини халқаро андозаларга мувофиқ тарзда юритиш қоидалари, яъни суд ишларини юритишда тортишув, айбсизлик презумпцияси, процессда томонлар тенглиги каби тамойиллар ўз аксини топди.
Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самардорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой – жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора – тадбирлар амалга оширилди. Масалан,
Ўзбекистон Республикаси қуйидаги суд тизими:
Конституциявий суд,
Олий суд ва унинг таркибида ҳарбий судлар,
фуқаролик,
жиноят,
иқтисодий,
маъмурий судлар тўла – тўкис шаклланди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши тузилди, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий қилинди. Таъкидлаш жоизки, барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди. Судьялар томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари ўтказиш йўлга қўйилгани тизимнинг очиқлигини таъминлаш билан бирга, аҳолининг суд тизимига, адолатга, давлатга ишончини оширишга хизмат қилади.
Судлар фаолиятига замонавий АКТ нинг изчил жорий қилиниши, хеч шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
2017 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 3250 – сонли қароридан кўзда тутилган асосий мақсад судлар фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашдан иборат бўлиб, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши устидан самарали назорат тизимини яратиш мақсадида уларнинг ишини автоматлаштириш ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни тизимлаштиришни назарда тутади.
Шунингдек, судларда иш кўрилиши самарадорлигини таъминловчи ахборот тизимлари ва ресурсларини такомиллаштириш, судлар тизимида ахборот хавфсизлиги ва хавфсиз электрон ҳужжат айланишини таъминлаш, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги ва ўз ишида ахборот – коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур қарор билан 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот – коммуникация технологияларини жорий этиш навбатдаги янги дастури тасдиқланди. Дастурнинг амалий ижроси доирасида 2018 йил сентябридан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб – сайти, ундаги интерактив хизматлар яратилди, www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz манзиллари бўйича сайт жойлаштирилди. Эндиликда ушбу тизим орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга суд мажлисларининг жадвали, куни ва вақтидан электрон тарзда хабардор бўлиш, барча суд қарорлари билан танишиш мумкин.
Ўзбекистонда илк маротаба доимий ишловчи суд мажлисларининг онлайн трансляцияси жорий этилди. Бу ҳолат айни суд жараёнини Олий суднинг веб – сайти орқали тўғридан – тўғри кузатиб бориш имкониятини беради. Ҳозирда ушбу тизим синов тариқасида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари бўлган Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12 та судга ўрнатилди ва ишга туширилди. 2018 йилнинг охирга қадар 22 та, 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судни онлайн трансляция тизимига ўтказиш режалаштирилган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |