Тафаккурнинг турлари. Инсоннинг фикрлаш жараёни таҳлил қилинганда, унинг қандай шаклларда кечиши аҳамиятли бўлиб, бу унинг турлари ва шунга кўра фикрлашдаги индивидуаллик масаласидир.
Ҳаёт мобайнида ўқиганларимиз, маълум шарт-шароитларда конкрет далиллар ва назарий билимлар асосида мушоҳада қилган билим ва ғояларимиз асосида юритган фикрлаш жараёни назарий тафаккурдир. Ундан фарқли амалий тафаккур бевосита ҳаётда ва ҳаракатларимиз мобайнида ҳосил бўлган фикрларимизга асосланадиган тафаккуримиздир.
Кўргазмали-ҳаракат тафаккури амалий тафаккурга моҳиятан яқин бўлиб, унинг хусусияти шундаки, у ҳам одамнинг реаль предметлар хусусиятларини ўрганиш, кўз билан кўриб, бевосита ҳис қилиш пайтидаги фикрлаш жараёнини назарда тутади.
Кўргазмали-образли тафаккур эса кўрган-кечирган нарсалар ва ҳодисаларнинг конкрет образлари кўз олдимизда гавдаланган чоғда уларнинг моҳиятини умумлаштириб, билвосита акс эттиришимиздир.
Мантиқий тафаккур – бу мавҳум тафаккур бўлиб, сўзлар, сўзда ифодаланган билим, ғоя ва тушунчаларга таянган ҳолда бевосита идрокимиз доирасида бўлмаган нарсалар юзасидан чиқарган ҳукмларимиз, мулоҳазаларимиз бу тафаккурга мисол бўла олади.
1-расм. Тафаккур турлари
Фикрлашимизнинг яна бир тури репродуктив бўлиб, унинг моҳияти – кўрган-билган нарсамизни айнан қандай бўлса, шундайлигича, ўзгаришсиз қайтариш ва шу асосда фикрлашга асосланади.
Ундан фарқли продуктив ёки ижодий тафаккур – фикрлаш элементларига янгилик, ноёблик, қайтарилмаслик қўшилгандаги тафаккурни назарда тутади. Шунга боғлиқ бўлган конвергент фикрлаш масаланинг ечими фақат битта бўлгандаги фикрлашни назарда тутса, дивергент тафаккур – фикрнинг шундай турики, у шахсга бир муаммо ёки масала юзасидан бирданига бир нечта йечимлар пайдо бўлишини тақозо этади. Айнан ана шундай ижодий тафаккур дивергент шаклда бўлса, у ижодий парвоз, янгиликларни кашф этишга асос бўлади. Фикрнинг кашф этиш, янгилик яратишга қаратилган фаолияти баъзан унинг креактивлик сифати билан боғлаб тушунтирилади. Креактивлилик ёки тафаккурнинг креактив тури – шундайки, у гўёки йўқ жойда бор қилади, яъни оддийгина, жўнгина нарсаларга бошқача, бировларникига ўхшамаган тарзда фикрлашга имкон беради. Бундай тафаккур тури “ҳаммага ўхшаб фикрлаш” ёки шаблонли, зерикарли фикр юритишдан фарқ қилиб, нарса ва ҳодисалар моҳиятидаги ўзига хослик, ноёблик сифатларини ҳам англашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, предикатив деб номланувчи тафаккур тури ҳам мавжуд. Фрейд бундай тафаккур турини мантиқий тафаккурга қарши қўйган эди. Чунки унинг моҳияти қуйидагича: агар иккита фикрдаги кесим бир хил бўлса, онгсиз равишда шахс унинг эгасини боғлай бошлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |