8 – мавзу: ахлоқий қадриятлар (этика)



Download 259,5 Kb.
bet4/5
Sana26.05.2022
Hajmi259,5 Kb.
#610343
1   2   3   4   5
Bog'liq
8-МАВЗУ

Этика фани категорияларини таҳлил қилганда бирини иккинчисидан устун қўймаслик керак. Чунки уларнинг барчаси жамият ҳаёти тўғрисидаги фақат биргаликда олиб қаралганда тўлиқ тасаввур беради. Биз фақат ўрганиш қулайлиги нуқтаи назаридангина уларни бир-биридан ажратамиз. Ўтмиш мутафаккирлари, албатта уларнинг ҳаммасини тўлалигича ўрганмаганлар. Бу ҳолни ахлоқий категорияларнинг ўрганишнинг мушкуллиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, Арасту ва Афлотунда — яхшилик, Кантда — бурч, Гегелда — виждон, Фейербахда — бахт тушунчаларига кўпроқ эътибор берганлар. Марказий Осиё мутафаккирлари ҳам “яхшилик”, “бахт” категориялари ҳақида кўпроқ ўз фикр мулоҳазаларини баён этганлар.
Этика фани категорияларини ҳар доим ўзаро алоқадорликда ва боғлиқликда талқин этмоқ керак. Бошқача қилиб айтганда, этика категорияларини баҳолаш ва норматив унсурларининг ўзаро муносабатларига қараб, бир-биридан ажратган ҳолда таҳлил қилиш зарур. Масалан, яхшилик, ёмонлик, адолат шахслар ўртасидаги муносабатларни (иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий) ҳодисаларни баҳолаш категориялари бўлса, “бурч”, “виждон” норматив ички даъватга қаратилган категориялардир.
Ахлоқий нормалар ва тамойиллар категорияларнинг асосий мазмунини конкретлаштиради. Бундан ташқари, этика фани категориялари жамиятнинг ахлоқий тараққиёти жараёнида янгича мазмун касб этиб, ўзгариб ва ривожланиб боради. Бу категорияларни яхши билиш тиббиёт соҳаси мутахассислари, бўлғуси тиббиёт соҳаси ходимлари — ёшлар учун ўз касбий ахлоқий мажбуриятларини англаб етиш, маънавий камолот жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Яхшилик ва ёмонлик категориялари ахлоқий онгнинг энг умумий тизимига киради. Яхшилик ижтимоий ҳодисаларни, шунингдек, ахлоқий хатти-ҳаракат, хулқ-атвор, тамойил ва қоидаларнинг айрим кишилар, жамоатчилик, инсоният нуқтаи назаридан ижобий баҳолари мажмуини англатади.
Ёмонлик тушунчасида кишиларнинг мақсади, улар эъзозлайдиган нарсаларга зид келадиган, бахтга эришиш, одамлар орасидаги муносабатларда ижобий ўзгаришлар қарор топишига ҳалал берадиган қарашлар ҳамда тасаввурлар ифодаланади.
Кишилар томонидан амалга оширилган хатти-ҳаракатларнинг яхшилик ёки ёмонлик сифатида баҳоланиши билиш субъектларининг ўз олдига қўйган мақсадига боғлиқ бўлади.
Ўтмишда турли фалсафий йўналишлардаги таълимотларда “яхшилик ва ёмонлик”, “эзгулик” тушунчалари турлича талқин қилинган. Масалан: баъзи мутафаккирлар яхшилик инсон хатти-ҳаракатларига ахлоқий баҳо бериш, ёмонлик эса эзгуликка зид тушунча сифатида, Афлотун талқинича, яхшилик инсон табиати ўзгармас бўлгани учун ўзгармас абадий “ҳиммат” деб, яна бошқалари яхшилик бу — эҳтирос ва орзу-ҳавасни қондирувчи нарса, деб талқин қиладилар. Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тасаввурлар халқдан-халққа, асрдан-асрга ўтиб, шу қадар ўзгариб кетганки, кўпинча улар бир-бирига тамомила зид келиб қолган.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, “яхшилик ва ёмонлик” тушунчалари жамиятдан ташқари ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Гегель таълимотида яхшилик ва ёмонликнинг диалектик алоқадорлигини таъкидлаб, яхшилик бор ерда ёмонлик ҳам мавжуд, демак уларнинг тараққиёти зиддиятлар, бирининг иккинчисига ўтиб туриши орқали содир бўлади, деб таъкидлаган. Яхшилик ва ёмонлик объектив, шу билан бирга нисбийдир. Гегель фикрича, ёмонлик тарихий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида намоён бўладиган шаклдир.
Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги фикрлар Марказий Осиё мутафаккирлари А.Н.Форобий, А.А.Ибн Сино, А.Р.Беруний, У.Хайём, А.Навоий ва бошқалар ижодида қам яққол кўринади. Хусусан, Форобий “яхшилик ва ёмонлик” тушунчаларининг инсоннинг маълум руҳий ҳолати ва тарбия натижасида вужудга келувчи муайян маънавий хислатлари билан боғлаган ҳолда талқин қилади. Яхшиликнинг асоси кишиларнинг амалий фаолиятида, у иқтисодий зарурият билан боғлиқдир.
Халқ мақолларида яхшилик ва ёмонлик ҳақида кўп фикр юритилади. Масалан: “Агар яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, унда ёмонлик ҳам қилма, шунинг ўзи ҳам яхшилик”, “Яхшидан от қолади, ёмондан дод”. Бу ҳақда Президентимиз И.А.Каримов бундай ёзади: “Инсон дунёга яхши иш қилиш, яхши иш қолдириш учун келади, яхши фарзандларни тарбиялаб қилган яхши ишлари ва қолдирган яхши сўзларига муносиб ворислар тайёрлайди”. (И. А. Каримов. “Халқнинг оташ қалб фарзандлари”. Т. Ўзбекистон, 1992, 28 бет). Умумий яхшилик инсоний фазилат.
Фаровонлик — нарса ҳодисаларнинг ахлоқий жиҳатларини белгилашда ишлатиладиган умумий тушунчадир. Фаровонлик тўғрисидаги тушунча кишиларнинг ташқи оламга амалий муносабати жараёнида шаклланади. Табиий ва ижтимоий ҳодисалар фаровонлик учун замин яратади, чунки улар инсоният эҳтиёжларини қондиради, шунингдек, ижтимоий тараққиётга хизмат қилади. Ўтмиш мутафаккирлари фаровонлик тушунчасининг моҳиятига алоҳида эътибор берганлар. Масалан, таниқли мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби А.Навоий эл-юрт фаровонлиги учун кўпгина амалий ишларни амалга оширди, ўз асарларида шу муаммони кўтарди. Антик давр файласуфлари “фаровонлик” тушунчасининг ахлоқий томонига эмас, балки унинг илмий томонига кўпроқ эътибор берганлар. Масалан: Афлотун, Арасту фаровонликни инсон фаолиятининг мақсади, деб тушунганлар.
Кундалик ҳаётда “фаровонлик” тушунчаси кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, улардан мамнун бўлиш ёки қаноат ҳосил қилиш, муайян мақсадга эришиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун фаровонлик, деганда энг аввало инсон ҳаёти учун зарур бўлган озиқ-овқат, турар-жой, кийим-кечак ва ҳоказолар тушунилади. Табиат ҳодисалари инсон томонидан билиб олинса, ўз эҳтиёжларини қондиришга улардан фойдалана олса, шу вақтда улар инсон учун фаровонлик манбаига айланади. Маънавий фаровонлик, деганда билим таълим маданий эҳтиёж буюмлари тушунилади. Фаровонлик имконияти инсон, жамиятнинг яшаши, ривожланиши ва такомиллашувининг асосий шартидир. “Фаровонлик” тушунчаси қадрият тушунчасига яқин туради, лекин у билан айнан бир хил эмас. Фаровонлик индивид, жамоа, умуман жамиятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилади. Бошқа қадриятлар тушунчасига кирувчи, масалан: яхшилик, гўзаллик ва ҳоказо тушунчалардан фарқли ўлароқ, фаровонлик битта хусусиятга эга, у ҳам бўлса объектнинг маълум даражада субъектга фойдали томонга эга бўлишидир. Фаровонликни таснифлаш тамойили муҳим аҳамиятга эга. Фаровонликда инсоният эҳтиёжларини қондириш характери кўпинча ҳисобга олинмайди. Масалан: телевизорлар, китоблар, фотоаппаратлар моддий объектлар ҳисобланади, бироқ улар маънавий эҳтиёжларни қондирганда моддий фаровонлик қисмига киритиш мумкин эмас. Шунинг учун уларни маънавий маданият фаровонлиги, десак тўғри бўлади. Озиқ-овқат, турар-жой, кийим-кечаклар ўз хусусиятларига кўра инсон моддий эҳтиёжларини қондиради. Демак, моддий фаровонлик эҳтиёжларини қондиришнинг биринчи воситасидир. Маънавий фаровонлик эҳтиёжларни қондиришнинг иккинчи воситаси, масалан: санъат, маънавий маданият шулар жумласига киради. Муаммонинг шундай қўйилиши методологик жиҳатдан тўғри.
Ижтимоий фаровонлик шахс фаровонлигининг асосий шартидир. Агар инсон башарият учун энг қадрли мавжудот, деб ҳисобланса, тинчлик ҳамда ижтимоий адолат унинг фаровонлиги ва бахтининг асосий шартидир. Шундай қилиб, фаровонлик инсон эҳтиёжининг объекти, унинг интилишлари ва ҳаёт фаолиятидир. Фаровонликка интилиш мақсадларни амалга ошириш ва унга эришиш кишини фаолиятга ундайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, фаровонлик фаолият мезонига айланади. Кишилар ўз ижодий фаолиятлари фаровонликка эришиш орқали яхшилик ва ёмонлик бунёдкорларига айланиб борадилар. Инсоннинг фаровонликка интилиш йўлидаги хатти-ҳаракатлари бошқаларнинг манфаатларига зарар келтирмаслиги керак. Инсон соғ-саломатлиги унинг фаровонликка интилиш йўлидаги хатти-ҳаракатининг асосий манбаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли ҳам тиббиёт соҳаси ходимларининг бу ҳақда тўла тасаввурга эга бўлишлари муҳим аҳмиятга эга.
Адолат — ахлоқ билан ҳуқуқ бирлашган жойда пайдо бўлади. Адолатни белгилашда ижтимоий онгнинг икки шаклига таянмоқ керак. Муайян ахлоқ тизимида қабул қилинган кишиларнинг ахлоқий, ҳуқуқий бурч ва мажбуриятлари тушунчасига мос келадиган хатти-ҳаракатлар адолатли ҳисобланади. Этика фанининг асосий баҳолаш категорияларидан бири буюк адолат турли омиллар — ҳуқуқий, иқтисодиёт, сиёсий ҳодисаларни баҳолашда намоён бўлувчи объективлик, холислик, хаққонийлик сингари хислатларни зарурий равишда тақозо этади. Лекин “адолат” категорияси фақат турли туман ижтимоий ҳодисаларни баҳолашдагина қўлланмайди, балки шу билан бирга у шахснинг ижтимоий борлиққа муносабати ҳамда шахсларнинг ўзаро муносабатларини баҳолашга ҳам хизмат қилади. Бу тушунча фалсафий категория сифатида иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий мазмунларда қўлланилади. Адолат - тенглик ва тақдирлашнинг зарурий ўлчовидир. Адолатнинг ахлоқий мазмуни кишилар ўртасидаги шахсий, оилавий, турмуш муносабатларида тенглик тамойилига риоя қилиш бўлиб, у шахснинг хатти-ҳаракатига жамоатчилик томонидан бериладиган баҳони ифодалайди.
“Адолат” тушунчаси ибтидоий жамоа тузуми даврида вужудга келган ва у тенглик маъносида тушунилган. Кейинчалик бориб, бу тушунчага сиёсий тус берилиб, адолат мутлоқ ҳуқуқий категория сифатида талқин қилина бошлаган. Жумладан, Афлотун тенглик ғоясини “туғма фазилат” сифатида талқин қилди. Марказий Осиё мутафаккирлари, жумладан, Форобий ўзининг ахлоқий қарашларида ижтимоий адолат кишиларнинг ҳамкорлиги, У.Хайём эса ижтимоий меҳнат тақсимоти масаласида кишиларнинг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотни тенг тақсимлаш, А.Навоий эса адолат инсонпарварликнинг энг юқори намунаси, инсоният тириклигининг доимийлигини таъминлайдиган юксак хислат эканлиги ва бошқа ғояларни илгари сурганлар. Навоий шундай ёзган эди:
Ақл ила олам юзин обод қил,
Хулқ ила одам элини шод қил.
Республикамизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолиятимизнинг замини, бош йўналиши бўлмоғи лозим. Давлатчилик ва фуқаролик муносабатлари ... ана шу заминга таяниши зарур” (И.А.Каримов. ''Ўзбекистон сиёсий, ижтимоий – иқтисодий тараққиётнинг асосий тамойиллари''. Т. Ўзбекистон. 1995, 18-бет).
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд қилинганидек, Республикамизда барча фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланганлиги, ижтимоий адолат тамойилларига мос блиши шарт, деб ёзиб қўйилиши адолат ифодасидир (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т.Ўзбекистон. 2015, II-боб).
Бурч категорияси шахснинг жамиятга ёки кишиларга нисбатан бўлган ахлоқий мажбуриятларини белгилайди. У объектива мавжуд жамият талабларини бажаришнинг ички маънавий зарурияти, ижтимоий бахт-саодат тақозо қиладиган хулқ-одат заруратидир. Бурч категорияси турли тарихий даврларда ҳар хил тушуниб келинган.
Бурч кишининг ўз мажбуриятларини адо этиши, ахлоқ нормаларига мувофиқ шахснинг жамият, кишилар ва ўзига бўлган муносабатини англатади. Тафаккур асосида, унга таяниб ўз бурчини бажариш инсонга хос. Чунончи ақл, тафаккур, бурч — инсоннинг ички маънавий зарурияти, маънавиятнинг асосий хусусиятлари қаторига киради. Демак, бурч - шахснинг ахлоқий фаолиятини ифода этувчи “масъулият”, “онглилик”, “виждон” каби тушунчалар билан узвий боғлиқ. Бурчга содиқлик - Ватанга содиқликдир.
Бурч категорияси жамиятнинг ҳар бир аъзосига маълум талаблар қўйиб, ҳаракатга ундовчи, кишилараро муносабатларни тартибга солувчи хатти-ҳаракатни танлаш мотивидир. Афлотун бурч тушунчасини худо амридан келтириб чиқаради. Демокрит эса бурчнинг асоси ижтимоий муносабатларда, бурч ахлоқнинг энг юксак мезони, деб ҳисоблаган. Демокрит ижтимоий манфаатларни шахсий манфаатлардан устун қўйган. Марказий Осиё мутафаккирлари Форобий, У. Хайём, А. Навоийлар ҳам бурч ҳақида қизиқарли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, Форобий бурчни кишиларнинг ўзаро муносабатларидан келтириб чиқарган. Унингча, инсоний бурчлари, ўзаро ҳамкорлик вазифаларини бажарган кишилар фазилатли бўладилар. Кишилар фазилатли, бахтли бўлишлари учун халқлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, ўзаро ҳамкорлик қилишлари, бир-бирлари олдидаги бурчларини бажаришлари керак. У.Хайём дўстлик, бирдамлик, ҳамкорлик бурчларини бажаришга кишиларни даъват қилиб, у улардан бир-бирларига дўст, ҳамкор бўлишлари, кўпчилик манфаатларини ўз шахсий манфаатларидан устун қўйишларини тақозо этишини кўрсатиб ўтади.
А.Навоий инсонни халқ, Ватан олдидаги бурчга содиқ бўлиш, халқнинг озодлиги, фаровон ҳаёти йўлида халол хизмат қилишга чақиради, яъни инсон дунёвий ишлар билан шуғулланиши зарур, бу унинг бурчидир. Навоий шундай ёзади:
Бу гулистон ичра йўқ баҳо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.
Ижтимоий ҳаёт инсоннинг зиммасига маълум мажбуриятлар, бурчларни юклайди. Агар инсоннинг бир кунлик ҳаётини олиб қарайдиган бўлсак, у хилма-хил фаолият турлари билан шуғулланишини кўришимиз мумкин. Шу фаолият шаклларига асосланиб, бурч турларини тасниф этиш мумкин. Масалан: фуқаролик бурчи, меҳнат бурчи, оилавий бурч, миллий бурч, ҳарбий бурч, дўстлик бурчи, касбий бурч ва бошқалар. Ўз бурчига содиқлик ҳар бир кишининг одобини, ахлоқини ифодалайди. Бурч тушунчаси орқали шахс билан жамият ўртасида ахлоқий муносабатлар қарор топади. Бу муносабатлар жамият томонидан шахсга қўйиладиган маълум талаблар тизимидир. Демак, ахлоқий бурчнинг мазмуни жамият талабларига боғлиқ. Онг билан бурч ҳиссининг ўзаро муносабати ўзгариб туради, чунки кишилар учун ўз бурчларини англаб олиш муҳимдир. Ахлоқий бурчни англашда шахсий ва ижтимоий манфаатлар ўз ифодасини топади. Чунки шахсий манфаат ижтимоий манфаатлардан ташқари бўлиши мумкин эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бурч ўз-ўзидан шаклланмайди, балки у тарбия жараёнида камол топади. Бурчни ва виждонни пок тутиш, ўз қадр-қимматини сақлай билиш ҳар бир кишини қадрини оширади. Тарбия жараёнида талабчанлик ошади, натижада ҳар бир кишида ўз ишига, билимига, куч-қувватига ишонч пайдо бўлади. Бурчига содиқ киши бошқалар дилига озор етказмайди. Ахлоқий бурч бу ижтимоий мажбурият, шахс уни онгли ва ички эътиқодига кўра бажаради. Ахлоқий бурч ҳар бир шахсга масъулият юклайди. Тиббиёт олий ўқув юртларини битирувчи ёшлар, одатда, Гиппократ қасамёди ва Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходими қасамёдини қабул қиладилар. Бу уларнинг касбидаги ўзига хос хусусият бўлиб, Ватан, жамият, хатто инсоният олдида қатор касбий бурч ва маъсулиятларни юклайди. Буларнинг бажарилиши эса юрт, жамият, инсониятнинг бугунги ва келажакдаги соғ-саломатлиги гаровидир.
Қадр-қиммат – категорияси инсон томонидан ўз қимматининг англаниши ҳамда бу қимматнинг жамият томонидан тан олинишини ифодалайди. Қадимги юнон файласуфи Эпикур "Инсон туғилса ёки ўлса, ўз кучларидан, уйидан маҳрум бўлса, у аянчли эмас, чунки буларнинг ҳаммаси инсоннинг асосий хусусияти эмасдир. Агар инсон ўзининг ҳақиқий мулкини ўз инсоний қадр-қимматини йўқотса, ана бу ачинарли ва аянчлидир», -деб ёзган эди.
Қадр-қиммат инсоннинг ўз инсоний хуқуқлари, ўз маънавий қиммати ва ўзининг ҳурмат қилинишини англашни билдирувчи, яъни инсонни инсон қиладиган, унга инсонийлик бахш этувчи қадр-қиммат, шахс билан жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб турувчи ва кишилар хатти-харакатларига таъсир кўрсатувчи воситадир. Қадр-қиммат бу туйғу инсоний хислат, усиз шахснинг маънавий бойлигини тасаввур этиш мумкин эмас, бусиз на инсон, на миллат, на давлат равнақ топа олади. Умуман қадр-қимматсиз юз берган воқеанинг мезони бўлмайди.
Одобнинг биринчи калимаси инсонга ҳурмат билан бошланмоғи лозим. Қадр-қиммат очиқ чеҳра билан қўл олишиш, қучоқ очиб меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром изҳор этиш, шарқона оқибат, дўстлик муносабатларининг мезони бўлиб кетган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Ҳар бир мамлакатда касб, қадр-қиммат қадрланган ва ҳурмат қилинган. Қадр-қиммат туйғуси кишиларнинг шахсий манфаатини онгли равишда давлат манфаатларига бўйсундиришга ундайди.
Инсон қадр-қимматини мезони адолат ва инсонпарварлик, яъни инсонийлик учун бажариш даражаси билан белгиланади. Умуман қадр-қиммат тушунчаси кишининг ички маънавий оламини шакллантиришга хизмат қилмоғи лозим. Бу кишидан ижтимоий-сиёсий фаоллик, олға интилиш, интизомли, маданиятли тезкор бўлишини талаб қилади.
Виждон. Бу категорияга кенгроқ таъриф бериладиган бўлса, у инсонни ўз хулқини муайян ахлоқ нормалари нуқтаи назаридан туриб яхшилаб баҳолаши ва назорат қилиш, ўз ҳатти-ҳаракатларини ва шу ҳатти-ҳаракатларга боғлиқ бўлган ҳис-туйғуларни ўзи таҳлил қилишидир.
Виждонсиз инсоннинг бўлиши мумкин эмас. Бу ички туйғу фақат турли одамларда ҳар хил намоён бўлиши мумкин. Виждон мураккаб муаммо, шунинг учун бўлса керак, унинг табиати ҳақидаги масала инсониятнинг илғор мутафаккирларини қизиқтириб келган. Виждон нима, у абадий мавжудми, ҳаммада виждон бир хилми, у инсонларга хосми, уни қандай тарбиялаш мумкин каби саволлар, яъни виждон тушунчасининг келиб чиқиши, унинг моҳияти, муаммолари кўп мутаффакирларни ўйлантириб келган.
Ўтмишда баъзи бир йўналиш вакиллари виждон тушунчасини реал оламдан ажратган ҳолда ғоялар дунёсига боғлаб, уни абадий ўзгармас деб тушунтиришга уринганлар. Атомистик таълимот асосчиси Демокрит бу масалага бошқача қараган. У виждон тушунчаси ҳақида алоҳида фикр юритмаган. Лекин уят ҳақида гапириб, бу туйғу асосида вужудга келадиган виждонни назарда тутган бўлиши мумкин. Унинг "Уят иш қилган киши, аввало ўзидан ўзи уялиши керак", "Бошқалардан кўра ўзингдан уялишни ўрган", - деган фикрларида виждон ўзини-ўзи назорат қилиш тарзида ифодаланади. Демак, Демокритни виждоннинг ахлоқий жиҳати кўпроқ қизиқтирган.
И.Кант виждон вужудга келмаган сергаклантирувчи туғма руҳий кучдир, деб ҳисоблайди. "Бизнинг руҳимизда яшовчи қонун виждон деб аталади",-деган эди И.Кант-"Шахс яшаш шароитидан қатъий назар ўзида виждон хиссини олиб юради., виждон қандайдир ҳосил қилинадиган, эгаллаб олинадиган нарса эмас, ахлоқий мавжудот бўлган инсонда худони вакили сифатида виждон туғма мавжуд бўлади ва у бизнинг ичимизда туриб ҳукм чиқаради", - деб ўз фикрини давом эттиради немис файласуфи.
Виждон ахлоқий тушунчаси жамият тараққиёти маҳсули бўлиб, шахсга жамоатчилик фикри таъсири натижасида вужудга келган ижтимоий ҳодиса ва унинг моҳияти ижтимоий муҳит орқали белгиланади. Бу ҳақда А.Н.Форобий шундай деган эди: Ҳар бир инсоннинг туғма табиатида ва у бажарган, ҳар қандай ҳаракат жараёнида бошқа бир инсон ёки кўпчилик билан муносабатда бўлиш ўзаро алоқа қилиш хусусияти борки, одамзод жинсидан бўлган ҳар кимсанинг аҳволи шудир. У камолотга эришувида бошқаларнинг кўмагига, улар билан бирлашишга муҳтож ёки мажбурдир"(А.Н.Фаробий. '' Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида'').
Виждон ижтимоий жиҳатдан шартланган туйғу, у жамият талабларига мувофиқ меҳнат жараёнида вужудга келади, бошқача айтганда, виждон шахснинг ахлоқий жиҳатдан қарор топишида муҳим роль ўйнайди. Виждон азоби шахснинг маънавий ҳаётида салбий роль ўйнайди, унинг режа ва мақсадларини барбод қилиши, шунингдек, ҳаёт йўлини тубдан буриб юбориши ҳам мумкин.
Виждон категорияси ахлоқнинг умуминсоний оддий нормалари, адолат ва инсонпарварлик тамойиллари, "бахт" ва "бурч" категориялари билан чамбарчас боғлиқдир. Чунончи, виждон фақат шахснинг ўзига эмас, балки бошқа кишиларга ҳам ижтимоий муносабатини ҳам ифодалайди. Демак, она-Ватан манфаати, жамият олдидаги бурч ҳисси, унинг ахлоқий маъсулият ҳисси виждон туйғуси билан уйғунлашиб кетган. Бошқача қилиб айтганда, бурч талабларида виждон қонуни ўз ифодасини топади. Виждон ҳиссини чуқур англаган шахс доим адолат ва инсонийликни қўллаб-қувватлайди.
Раҳм-шафқат ва уятнинг йўқолиши, виждон, ахлоқий покликни сўндирар, теварак-атроф воқеаларига бефарқ бўлишига олиб келади. Демак, виждон-абадий тушунча, чунки инсоннинг ўзи абадий, инсон ўзига-ўзи баҳо бериши ва қоралаши ҳеч қачон йўқолмайди, инсон ва виждон ижтимоий, ҳар доим бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир.
Бахт-бу инсоннинг ўз ижодий кучларининг тўлиб тошиши, уларнинг ижтимоий ва шахсий мақсадларда қўлланишидан юксак даражада маънавий қониқиш ва бу туйғуни англаб етишидир. Бахт категорияси бошқа ахлоқий категориялар каби ижтимоий муносабатлар билан узвий боғлиқдир. Бахт тушунчасига жамиятда кишилар турлича ёндошадилар. Ҳар кимнинг бахтлилик ва бахтсизликни ўлчайдиган ўз мезони бўлади. Чунки умумий бахтнинг формуласи йўқ. Мутлақ бахтнинг бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг ўз ҳаёти мобайнида бахт ҳақидаги тасаввурлари доимо ўзгариб боради. Бахт бу инсоннинг орзу-истаклари, мақсадларига етишиб яшашидир. Бахтли ҳаёт кўп қиррали, жўшқин, сермазмун ҳаётдир. Бахтли бўлиш инсоннинг ўзи орзу қилган касбни эгаллаши, озодлиги ва эркинлигидир. Бошқача айтганда, бахт ахлоқан қаноат ҳосил қилиш, ўз ҳаётидан мамнунликни англатади. Бахт – бу ҳаётдир.
Бахт кўп жиҳатдан инсон ҳаётининг эмоционал томони билан боғлиқдир. Бу хусусият бахтнинг руҳий ҳолатини акс эттиради. Бахтнинг субъектив жиҳатдан шахсга нисбатан унинг хатти-ҳаракатлари натижаларига кўра эмоционал баҳолаш сифатида таърифлаш мумкин. Бахтга интилиш инсоннинг ҳаётда фаол бўлиши, ўз мақсадларига эришишида рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Мисол қилиб қуйидаги тушунчаларни келтириш мумкин: "бахт туйғуси", "бахт ҳисси", "бахтнинг ҳолати", "бахтнинг мазмуни" ва бошқалар. Бинобарин, бахт туйғуси инсон маънавий дунёсидаги ҳар қандай ижобий ўзгаришларни мустаҳкамлайди. Бахт туйғуси инсоннинг дунёга ва ўзига нисбатан муносабатини белгилаб беради. Бахт мазмунан объектив, шаклан субъективдир. Бахт тушунчасига умуминсоний нуқтаи назардан қараш мақсадга мувофиқдир. Бахтнинг умуминсоний жиҳати шахснинг ҳаётни, ўзининг мавжудлигини идрок этиши, ўз турмуш шароитидан мамнунлик, жамиятга фойдали эканлигига ишонч, муҳаббат, дўстлик, ота-оналик завқ-шавқини англашидир. Шундай қилиб, кенг маънода бахт инсон хаётининг умумий баҳоси, шунинг учун унга конкрет тарихий нуқтаи назардан ёндашмоқ зарур. Бахт тушунчаси жамият тараққиёти билан боғлиқдир. У эҳтиёж каби доим ўсиб, ривожланиб, мазмунан бойиб боради. Бахт тушунчасининг фаолият ва меҳнат билан боғлаган ҳолда талқин қилмоқ керак, яъни меҳнат бахтнинг ажралмас, зарурий белгиси ҳисобланади, чунки инсон меҳнатда ўз кучини англайди, қобилиятларини ривожлантиради ва ўзини ахлоқан шакллантиради.
Мақсад (ҳаёт маъноси) - категорияси. Мақсадсиз инсоннинг бўлиши мумкин эмас. Мақсад бўлмаса, ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси бўлмайди. Инсон мақсаддан четда туриши мумкин эмас. Ҳаёт маъноси (мақсад) бу ҳаётнинг бутун бошли йўлидирки, конкрет мақсадлар шунга боғлиқ бўлади, яъни бу мақсадларни белгилаб берувчи йўналишдир. Мақсад инсон ҳаётини ҳаракатга келтирувчи ричагдир. Инсоннинг мақсадларсиз, ўзига хос олдиндан дастурлаштирилган вазифаларсиз, истиқболсиз ҳаёти ўз қимматидан маҳрум бўлади, яъни инсоннинг ҳаёти беъманиликка айланади. Яшашдан мақсад нима? Инсон тақдири нима? Инсон ҳаётининг маъноси нимада? каби саволларга жавоб излаш ҳар бир кишининг диққат марказида бўлиб келган. Айниқса, бу масала ўсмирлар, уларнинг ахлоқий жиҳатдан шаклланиши жараёнида жуда жиддий муаммодир.
Этика фани мақсад муаммосини муҳим ахлоқий категория сифатида талқин қилиши ҳар кишининг ўз ҳаёти ва умуман инсоният тақдири ҳамда келажаги ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Чунончи, мақсад муаммоси бу инсон ҳаётий фаолиятининг умумий йўналиши ва унинг олдига қўядиган асосий вазифа тўғрисидаги масаладир. Ахлоқий таълимотлар тараққиёти тарихида мақсад ёки ҳаётнинг маъноси муаммосини турли фалсафий йўналишлар вакиллари ҳар хил талқин қилганлар. Бу муаммога уч хил йўналишдаги муносабат билдирилганлигини кўрсатиб ўтиш жоиздир. Индивидуализм руҳи билан суғорилган концепция назариясига кўра, мақсад ўз мазмунига кўра гедонизм ва эвдемонизм тамойилларига яқинлашади. Умуман олганда, Эпикурдан тортиб то француз марифатпарварларигача бўлган даврда мақсаднинг асосий тамойили сифатида "оқилона эгоизм" назариясини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилинди. Ҳаётнинг маъноси талқин қилинган иккинчи йўналишда диний ахлоқ инсоннинг энг олий қадр-қимматини нариги дунёга боғлаган ҳолда реал дунёдаги ҳаёт инсонни синашдир, деган ғояни илгари суради. Бинобарин, гедонизм концепциясига қарама-қарши ўлароқ диний ахлоқ ердаги ҳаёт лаззатларидан воз кечиш, аскетизм (тарки дунё қилиш) тамойилини илгари суради, яъни инсон идеали бу шахидлик, тарки дунё қилишдир.
Учинчи йўналиш намоёндалари мақсадни пессимистик (ноумидлик, умидсизлик) руҳида баён этадилар. Улар инсон ҳаётининг беъмани эканлигига одамларни ишонтиришга уринадилар. Масалага бундай ёндошиш унсурларини киниклар ахлоқшунослигида (сократчи мактаб вакиллари, уларни фикрича бойлик, шон-шухрат, шунингдек, барча ҳиссий қониқишдан воз кечиш бахтдир) кўришимиз мумкин ва бу ғоя ҳозирги замон ғарб ахлоқшунослигида янада ривожлантирилмоқда. Бунга экзистенциализм объектив йўналиш йўқ, шунинг учун ҳаёт ҳар доим беъманиликдан иборатдир, деб ҳисоблайдилар. Бинобарин, ёлғиз одам ҳар доим ўзини қўрқувда ва безовталикда ҳис этади, сабабини тушуна олмайди. Ташқи дунё ундан бегоналашаётгандек туюлади ва нафрат уйғотади.
Ҳаётнинг маъноси ҳар бир тарихий даврда ўзининг реал мазмунига эга бўлади ва у жамият ҳаётида содир бўладиган ўзгаришларга мувофиқ янги мазмун билан бойиб боради. Шуни назарда тутмоқ керакки, мақсад тарихий тараққиёт давомида сифат жиҳатдан янги маъно касб этиб, мазмунан бойиб бориши билан ўзида умуминсоний сифатларни сақлаб қолади. Демак, кишилар ўз фаолиятлари билан жамиятнинг олға қараб ривожланиши ва такомиллашувида қанчалик фаол иштирок этсалар, уларнинг ҳаёти шунчалик юксак маъно ва мазмун касб этади. Ҳар бир инсон жасур, онгли етук, саҳий бўлмоқ, инсониятнинг олға қараб тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқ учун дунёга келади. Шундай савол туғилади: фақат буюк шахсларгина ўз фаолиятлари давомида ҳаётнинг ҳақиқий маъноси ва мазмунини тўғри тушунган ҳолда уни амалга оширадиларми ва оддий кишилар ҳаёти маъносиз, сўзсиз ўтиб кетадими? Ҳақиқатдан бундай эмас. Халқда шундай нақл бор: Ким уй қурса, дарахт ўтказса, демак ҳаёти зое кетмаган. Бинобарин, инсоннинг ҳеч бир хатти-ҳаракати изсиз қолмайди. Ҳар бир инсон ҳаётда яхшилик, ёмонлик каби маълум ахлоқий фазилатларни қарор топтиради. Демак, ҳаётнинг маъноси инсоннинг шунчаки яшаши эмас, балки унинг ўз ижтимоий моҳиятини қарор топтиришидир. Инсоннинг барча амалий ишлари ва хатти-ҳаракатлари, тафаккури ва ҳиссиёти жамият тараққиётига қаратилган бўлгандагина ҳаётнинг ҳақиқий ахлоқий маъноси намоён бўлади.
Биз ҳаётнинг маъноси ва мақсад категорияларини талқин қилганимизда уларни айнан, деб қарадик. Аслида улар айнан эмас. Бу иш фаолият ва шахснинг ҳаёти, ўз олдига қўядиган мақсадлари бир-бирига устун бўлиши керак, деган нуқтаи-назардан қилинди. Мақсад инсон томонидан қўйилади, ҳаёт маъносини англаш ва рўёбга чиқаришда бошқа омиллар ҳам таъсирини кўрсатади. Ҳаётнинг маъноси инсон истагига боғлиқ бўлмаган объективдир. Ҳаётнинг маъноси бу ҳаётнинг бош йўналиши, конкрет мақсадлар унга боғлиқ бўлади. Инсон ўз олдига ўзи мақсад қўяди, бу мақсадлар инсон турмуш шароитини тақозо этади. Мақсад шахсий конкрет мақсадлардан ташкил топади, улар мажмуидан бир бутун режа вужудга келади. Демак, мақсад объектив воқеликнинг инсон амалий фаолияти натижасида унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондирувчи бўлажак образидир, яъни мақсад объектив мазмунга эга бўлиши зарур. Инсон ўз ҳаётининг асосий вазифалари, истиқболлари, бутун фаолиятини кўра билиши ва англаши керак.
Ҳаётнинг маъноси ва яшашдан мақсад бир-бирига уйғунлашиб кетиши ёки бир-бирига зид бўлиши мумкин. Инсоннинг вазифаси бундай зиддиятга йўл қўймаслик, агар зиддият вужудга келса, уни ўз вақтида бартараф этиш ва ўз олдига шундай ахлоқий мақсадлар қўйиш керакки, у ҳақиқатдан инсон ҳаётининг маъноси шаклланишига хизмат қила олсин.


3. Ўзбекистон жамиятининг ҳозирги ривожланиш босқичида жамият ҳаётига оид бир неча муаммоларнинг илмий-назарий ечимларини ишлаб чиқиш долзарб бўлиб турибди. Шундай муаммоларнинг энг асосийси – жамият маънавий-ахлоқий муҳитини такомиллаштириш масаласи бўлиб, жамиятнинг маънавий муҳити бевосита халқимизнинг ахлоқий маданиятига дахлдор масаладир. Ахлоқий маданият такомили жамият маънавий муҳитига, барқарор маънавий-ахлоқий муҳит эса, одамларнинг руҳи ва кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Ахлоқий маданият иқтисодий маданият, тиббий маданият, эстетик маданият умуман, маданиятнинг барча соҳаларида иштирок этса-да, хусусан маънавий маданият доирасида унинг ўрни беқиёдир. У шахс ҳаётида хилма-хил омиллар, воситасилар орқали воқеа бўлади.
Ахлоқий маданият жамият ахлоқий онги ва дунёқарашининг ривожланганлик даражасини, “сохта, сунъий, ясама ахлоқ” ва “табиий, мукаммал, ҳақиқий ахлоқ” орқали ифодалайди.
Ахлоқий маданият инсон фаолияти давомида инсонпарварлик, демократия, меҳнатсеварлик, ижтимоий тенглик, эгоизм ва альтруизм, тинчликсеварлик каби инсоний, ахлоқий фазилат ва тамойиллар асосида йўлга қўйишни ифода этади.
Жамият ахлоқий маданияти индивидларнинг ҳар бирида конкрет ва ўз шахсига хос тарзда намоён бўладиган ахлоқий маданиятлар мажмуи сифатида ахлоқий онг, маънавий дунёқараш, ахлоқий сифатларнинг ривожланганлик даражасини ифодалайди. Шунингдек, уларнинг шахс хулқ-атворида, ўзини ўзи бошқаришида, мулоқотида ва фаолиятида тўла-тўкис ҳамда изчил намоён бўлишини кўзда тутади. Ахлоқий маданиятнинг ўзига хос шакли ҳисобланган субъект ахлоқий маданияти жамият ахлоқининг ҳосилавий ва субъективлашган инъикосидир. Унинг айрим кўринишларида одоб ва ахлоқ айнанлаштирилади, тушунчалар эса синонимлар сифатида кўлланилади. Махсус тадқиқотларда одоб ўхшатилган, буюрилган императивлар йиғиндиси сифатида тушунилади. Ахлоқ эса қандай бўлса шундайлигича мавжуд бўлган чинакам, ҳақиқий, амалий нарса сифатида баҳоланади. Ушбу маънода, одоб ва ахлоқ ўртасидаги фарқ ахлоқий (амалий) маданиятнинг қатъий белгиси сўз ва амал бирлигини акс эттиради.
Ахлоқий маданият шахсга қуйидагиларни ўргатади:
- ўзгалар билан муносабатда анъанавий ахлоқий қонун-қоидалардан ижобий фойдаланишни;
- уларга замонавийлик нуқтайи назардан ёндашишни;
- эгаллаган ахлоқий билимлардан самарали фойдаланишни.
Ахлоқий маданият шахс ахлоқий тараққиётининг белгиси сифатида давлат ва жамиятдаги ахлоқий даражани юксалтиришга хизмат қилади. Ишлаш механизими ва ишлаш табиатига кўра у доимо замонавий аҳамият касб этади. Муайян замон эришган ахлоқий ютуқларини, маънавий ахлоқий қадриятларини бутунлай инкор этмайди, балки замонавий шаклларда намоён бўлишини таъминлайди.
Ахлоқий маданият қуйидагича тузилмаларга эга:
а) жамият субъектлари ахлоқий онгининг белгилари ва элементлари;
б) хулқ-атвор ва мулоқот маданияти;
в) ахлоқий хатти-ҳаракатлар ва фаолият.
Шахс ахлоқий маданияти қуйидагича тузилмага эга:
а) ахлоқий онгнинг ривожланганлиги;
б) ахлоқий дунёқарашнинг юқорилиги;
в) ахлоқий сифатларнинг мукаммаллиги;
г) ахлоқий сифатларнинг амалиётга татбиқ этилиши.
Шахс ахлоқий маданияти мазмунан гуруҳ ёки жамият ахлоқий маданиятига тўғри келади. Лекин улардан ўзининг субъектив фикрлаши ва ифодаланиши, муайян ахлоқий кадриятларни устувор қўйиши ва уларга йўналганлиги билан фарқланади.
Ахлоқий маданият мураккаб тузилишга эга. У қуйидаги таркибий қисмлардан иборат:

  • муайян билимлар ва уларнинг ҳаётга татбиқ этиш механизмлари;

  • келажакка қаратилган ғоя ва мақсадларга эришиш даражаси;

  • табиий ва ижтимоий фан ютукларидан фойдаланилиш даражаси;

  • қадриятлар ва уларга амал қилиниши;

  • келажакка ишонч, эътиқод, фикр, ҳиссиёт ва бошқалар.

Мазкур компонентлар ичида эътиқод муҳим аҳамият касб этади. У ахлоқий маданият мазмунини ташкил этадиган асослардан бири сифитида инсоннинг ўз қарашлари ва ғоялари тўғрилигига, орзу-умидларининг асосли эканига, фаолияти ва хатти-ҳаракатининг умумий мақсадларга ва талабларга мослигига бўлган чуқур ишончидан юзага келади. У инсоннинг ҳиссиёти, иродаси ва фаолиятини белгилайди, уларни бошқаради, шахсни омилкорликка, самарали фаолиятга ундайди.
Булардан маълум бўладики, бир томондан, ахлоқий маданият маданиятнинг жамият моддий ва маънавий ҳаётига оид бошқа турлари билан мувофиқ келади, бошқа томондан эса, у жамиятдаги иллатлар, ёмонлик, тенгсизлик, виждонсизлик, номуссизлик, ғурурсизлик каби бошқа ахлоққа қарши ҳодисаларга зиддир. Ҳозирги замонда ахлоқий маданият шакллари ўзининг етуклик даражаси, ташувчилари ва мазмунига кўра бир биридан ажралиб туради.
Умуман олганда, ахлоқий маданиятнинг шаклланиш ва намоён бўлиш хусусиятлари, кўп жиҳатдан, ахлоқнинг ўзига хослиги билан боғлиқ. Ахлоқ сингари, ахлоқий маданият ҳам алоҳида индивидларда ўз-ўзидан, тартибсиз ҳолда ҳам, мақсадга йўналтирилган ҳолда ҳам шаклланади ва юзага чиқади. У кишилар ҳаёт фаолиятининг барча соҳалари ва томонларини қамраб олади, ижтимоий ишларни самарали бошқаради. Ахлоқий маданиятнинг қадр-қиммати ва аҳамияти, худди ахлоқ каби, кишиларнинг хулқ-атвори, мулоқоти ва фаолиятида, ошкора дунёқарашида, шахсий ўрнак кўрсатишида юзага чиқади. Ахлоқий маданият тушунчасининг мазмун-моҳиятини назарий жиҳатдан тўғpи англаш, унинг жамият маданий тараққиёти ва шахс маънавий дунёсини шакллантиришдаги салмоқли ўрни бунга зарур асос бўла олади.
Ахлоқий маданиятнинг шаклланишида ақл-идрок, тафаккур ва ҳис-туйғу ҳам муҳим ўрин тутиши табиий. Бу жараён кишиларнинг ҳиссий кечинма ва кайфиятларига ҳам боғлиқ, чунки инсон кайфиятида унинг ҳаёт шароитлари, ижтимоий аҳволи, миллий хусусияти, маданий савияси, шахсий тақдири, ёши ва ҳоказолар акс этади. Ахлоқий маданиятда замон руҳи, ижтимоий кучларнинг кайфияти, интилиши ҳам ўз ифодасини топади. Шунингдек, жамиятда ташкилий-тадбиркорлик фаолият усулининг шаклланиши натижасида, яъни, бозор иқтисодиётини ривожлантириш жараёнида индивидларнинг тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли амалга оширишлари учун энг самарали ахлоқий маданият тури прагматик ахлоқий маданият юзага келади. Прагматик ахлоқий универсал ахлоқий маданиятнинг прагматик маданий гуруҳ томонидан талқин этилиши, унга прагматизм, ижодий фаоллик, уддабуронлик ва ташаббускорлик, аниқ ҳисоб-китоб, ўз қобилиятларидан имкон қадар юқори фойдаланиш, ҳамкорлик ва муроса қилишга тайёрлик тамойиллари хос.
Ахлоқий маданият муомала одоби, этикет, касбий одоб кўринишларида нафақат иштирок этади, балки маълум маънода уларнинг яшаш шартини белгилаб беради. Ахлоқий маданият ахлоқий муносабатнинг моҳиятини ташкил этади. Унинг энг муҳим элементларидан бири – муомала одобидир. Муомала одоби бошқа кишилар қадр-қимматини, иззатини жойига қўйишни, анъанавий ахлоқий-меъёрий талабларни бажаришни тақозо этиб, инсондаги яхши жиҳатларни намоён этади. У сўз, нутқ воситасида, энг аввало, ширинсуханлилик, халимлик сингари ахлоқий меъёрлар орқали намоён бўлади. Муомала одобида мулоқотнинг асоси бўлмиш тил катта аҳамиятга эга.
Мулоқот маданияти ички ва ташқи маданиятга бўлинади. Ички маданият - бу ахлоқий идеаллар ва қоидалар, хулқ-атвор меъёрлари ва тамойиллари бўлиб, шахс маънавий қиёфасининг пойдевори ҳисобланади. Булар шундай асосларки, уларга таяниб инсон ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бошқа одамлар билан ўзаро муносабатларга киришади. Мулоқот жараёнидаги ахлоқий маданият қатор зарур элементларни ўз ичига олади, булар:
- мулоқот мақсадини белгилаш;
- шерикни танлаш;
- туртки берадиган мотивлар ва кайфият;
- мулоқот шакллари ва усуллари;
- якуний натижалар ва уларга баҳо бериш.
Шахс ички маданияти мулоқотнинг ташқи маданиятини шакллантиришда етакчи, белгиловчи ролни ўйнайди, унда турли-туман усуллар орқали намоён бўлади. Ички маданият эса инсоннинг ўзини тутишида, хатти-ҳаракатларида, шеригига мурожаат килиши кабиларда кўринади. Ички ва ташки маданият доимо бир-бири билан узвий боғлиқ, изчилликда ва уйғун мавжуд бўлади. Бироқ улар ҳамма вақт ҳам ўзаро мувофиқ келавермайди.
Муомала одобининг яна бир «кўзгуси», бу - инсоний қараш, нигоҳ, сўзсиз-новербал ҳаракатлар. Маълумки, одамнинг қарашида, юз ифодасида, қўл ҳаракатларида унинг қай сабаблардандир тилга чиқмаган, сўзга айланмаган ҳиссиёти, талаблари ўз аксини топади. Чунончи, суҳбатдошининг гапини охиригача эшитмай, қўл силтаб кетиш, фикрга нисбатан энсани қотириш кабилар муомаладаги маданиятсизликни англатади.
Муомала одоби кишиларнинг насиҳат қилмасдан ва одоб ўргатмасдан бир-бирига таъсири кўрсатиши, ўзини - ўзи тарбиялаш, ибрат воситаси сифатида хизмат қииши билан бошқа одоб турларидан ажралиб туради.
Ахлоқий маданият яққол кўзга ташланадиган муносабатлар кўринишидан бири, бу — этикет. Этикет - такаллуфнинг майда-чуйда жиҳатларигача ишлаб чиқилган одоб қоидалари сифатида ижобий, кишининг кўзини қувонтирадиган муомала ҳодисаси. У кўпроқ инсоннинг ташқи маданиятини, ўзаро муносабатлардаги ўзини тутиш қонун-қоидаларининг бажарилишини бошқаради. Агар муомала одобида инсон ўз муносабатларига ижодий ёндашса, яъни бир ҳолатда бир неча хил муомала қилиш имконига эга бўлса, этикет муайян ҳолат учун фақат бир хил қоидалаштириб қўйилган хатти-ҳаракатни тақозо этади. Этикетнинг қамрови кенг, у, маълум маънода, халқаро миқёсда қабул қилинган муомала қонун-қоидаларини ўз ичига олади. Этикетнинг замонавий ва миллий-анъанавий шакллари ҳам борки, уларсиз миллат маданий ҳаётини тасаввур қилиш қийин.
Миллий менталитетда маросимлар этикети, айниқса катта аҳамиятга эга. Тўй маросимида, хусусан, қиз билан ота-онанинг хайрлашуви, никоҳ кечасига кириб келишда куёвнинг келинни чап томонда тутиб, тўйхонага бошлаб кириши ва ҳ.к. Этикет қонун-қоидалари мажбурийлик табиатига эга. Этикетнинг ўзига хос жиҳати, унда одоб билан гўзаллик уйғунлашади.
Жамиятнинг маънавий-ахлоқий муҳитидаги ахлоқий маданият одамларнинг ўзаро муносабатлари ва ўзаро ҳамкорлигининг натижаси. Шу нуқтаи назардан, ҳар қандай муҳит кишилар ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг мажмуи, ахлоқий маданият кўрсаткичидир.
Жамиятимизда яхшиликка интилиб, ёмонликдан тийилиш қадрият даражасига кўтарилган. Шу маънода, яхшилик қилишнинг турли кўриниш ва шакллари таркиб топган. Бизнинг ахлоқий маданиятимизда яхшиликнинг асоси “меҳр-оқибат”, “меҳр-шафқат”, “қадр-қиммат” тушунчаларида мужассам. Унга кўра, ўзгага яхшилик қилиш оқибатлилик, шафқатлилик ва қадр-қимматлиликда намоён бўлади. Бу жамият маънавий-ахлоқий муҳитининг асосини ташкил қилади. Яхшилик кишининг сўзи, ҳатти-ҳаракати ва муносабатида намоён бўлади. Масалан, эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош билан, оиланинг оила билан, энг муҳими – шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини” англатади. Зеро, жамиятимизда яхшиликнинг кўринишлари ана шундай кенг кўламли шаклларга эга.
Иккинчидан, адолат, бурч ва масъулият сифатларига эга шахс ахлоқий онг, қиёфа (хулқ-атвор) ва фаолиятда етук ҳисобланади. Бу муайян жамиятда ахлоқий маданиятнинг юксак даражада бўлишига олиб келади.
Учинчидан, жамиятимизда шахснинг адолатли, бурчга содиқ ва масъулият эгаси сифатида фаолият кўрсатишга интилиши маънавий-ахлоқий муҳитдаги ахлоқий маданиятнинг энг муҳим хусусиятдир.


4. Ахлоқий қадриятларнинг табиатини очиш, уларни таснифлаш муаммоси биринчи навбатда “ахлоқ” тушунчасини теран англашни тақозо этади. Биз юқоридаги мавзу доирасида ахлоқ ва унинг мазмун-моҳиятига доир айрим фикрларни таҳлил қилдик, бир қатор ахлоқга берилган таърифларни, уларнинг келиб чиқиши ва жамият ривожидаги аҳамиятини кўриб чиқдик. Ва ахлоқни жамиятнинг ахлоқий ҳаётини ўзида акс эттирувчи ижтимоий-маънавий ҳодиса сифатидаги кундалик амалдаги ахлоқ яъни, ахлоқий амалиёт ва муайян қадриятлар асосида баҳоловчи ахлоқий онг ҳамда ўзини ўзи ахлоқий англаш даражаларини аниқлаштириб олдик. Ваҳоланки айнан мана шу учта даражадан ўтган ижобий ҳатти-ҳаракатлар хусусан, яхшилик, меҳр-мурувват, фидойилик, саховат, ўзаро-ҳурмат, беғаразлик, шижоат, садоқат вафо ва қаноат каби ахлоқ меъёрлари ва фазилатлар аста-секинлик билан ахлоқий қадриятларга айланиб боради.
Қадрият мақомини олган ахлоқ ана шу жараёнда ўзининг ижобий кучини намойиш қилади. Фалсафа луғатида бутун инсониятининг ободлиги, озодлиги, равнақи йўлида хизмат қиладиган энг қадрли ва умумижтимоий аҳамиятга молик бўлган нарсалар, ҳодисалар, воқеалар ва жараёнларни умуминсоний ахлоқий қадриятлар деб айтилган.
Маълумки, улуғ аждодларимиз маънавий-ахлоқий етукликка эришиш борасида миллий ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанлар. Унда асрлар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят, андиша, шарму ҳаё, ибо, иффат каби юксак ахлоқий тушунчалар, ахлоқий қадриятлар мужассам бўлиб келажак авлод тарбиясида муҳим вазифани бажарган.
Ахлоқий қадрият бу идеаллик ва реалликнинг диалектик бирлиги, юксак орзу ва унга мос келувчи аниқ ҳатти-ҳаракатларни ўзида акс эттирган ижтимоий-ахлоқий муносабатлар тизимидир. Ахлоқий қадриятлар деб нимага айтилади? деган саволга ахлоқнинг келиб чиқиши, жамият ҳаётида тутган ўрни, бажарадиган функциялари ҳамда қадриятларни ўрганишга бағишланган тадқиқотлардан келиб чиққан ҳолда, профессор М.А.Нурматова қуйидагича таъриф беради. “Ахлоқий қадриятлар деб, ҳар бир киши, миллат, элат, халқнинг иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маданий, кундалик маиший турмуш фаолиятида нисбатан турғун, барқарорлик касб этиб, ўзлигини билдириб, намоён этиб ниҳоятда қадрланадиган, ардоқланадиган юксак даражада шаклланган ахлоқий сифат ва фазилатларнинг муайян тизимига айтилади”. Ахлоқий қадриятлар у ёки бу жамоа, сиёсий кучлар томонидан ишлаб чиқилган ахлоқий кодекслар қанчалик мукаммал бўлмасин, барибир, унинг талаблари доирасига сиғмайди. Чунки, у инсоният ахлоқий тарбиясининг ҳосиласи сифатида доимо ҳаракатда бўлиб, чексизлик сари интилади. Бу чексиз ҳаракат инсониятни янгидан янги олижанобэзгу-мақсадлар сари бошлаб боради.
Ахлоқий қадриятларга қуйидагиларга киритиш мумкин:
а) ахлоқий тамойиллардан, инсонпарварлик; жамоатчилик; :ватанпарварлик; меҳнатсеварлик; футувват; ташаббускорлик; бағрикенглик; фидойилик ва бошқалар.
б) ахлоқий категория ва меъёрлардан: адолат; халимлилик; камтарлик; ҳалоллик; хақиқатпарварлик; мардлик; сахийлик ва мурувватлилик; дўстлик; самимийлик; сабр-қаноат в тоқатлилик; ҳаёлилик ва покизалик; ҳомийлик ва саховатпешалик; садоқат, меҳр-оқибалилик; жўмардлик ва бошқалар киради.
Ахлоқий қадрият инсоннинг онгли ҳатти-ҳаракати, инсонийлиги, унинг мақсадга эришиш борасидаги ахлоқий фаолияти, ҳалол меҳнати, сабр-қаноатидир. Ахлоқий қадриятлар инсон ва жамиятнинг мавжуд ҳолатини эмас, балки онгли ҳаёт-фаолияти йўналишининг миқдорий ва сифатий ҳажмини ифодалаб, шакл-шамойилини кўрсатиб, унга муқаррарлик бахш этадиган воқеа ҳодисадир.
Ахлоқий қадриятларнинг жамият ривожида тутган ўрни қуйидагича:

  • ахлоқий қадриятлар барча қадриятларнинг ядросини ташкил этади, улар ҳаётдан ажралган қандайдир абстракт куч эмас;

  • халқнинг ахлоқий ҳаёти даражаларини ўлчайдиган мезон;

  • ахлоқий қадриятлар дунёвий негизга эга бўлган моддий ва маънавий куч.

Ахлоқий қадриятларнинг мазмуни, шакли ва амал қилиш доирасига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин.
Ахлоқий қадриятларни ахлоқнинг таркибий тузилишига қараб:

  • ахлоқий онгда барқарор шаклланган ахлоқий-маънавий қадриятлар;

  • ахлоқий амалиётда бевосита қўлланиладиган ахлоқий қадриятлар;

  • ахлоқий муносабатлар туфайли зоҳир бўладиган ахлоқий қадриятлар;

  • хуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда юзага келган ахлоқий категориялар ва қадриятлар.

Ахлоқий қадриятлар шахс маънавий камолотида энг таъсирчан восита сифатида ҳам азалий, ҳам замонавий қадриятларни уйғунлаштириб, инсонлар ҳаётида маънавий идеални шакллантиради. Фикрлар хилма-хиллиги (плюрализм) маънавий идеалда умуминсоний ахлоқий қадриятларини таркиб топтиради. Тинчликпарварлик, меҳнатсеварлик, биродарлик каби умуминсоний қадириятларсиз маънавий идеални жамиятда таркиб топтиришда тўлақонли самарага эришиб бўлмайди. Чунки ахлоқий қадриятларнинг маънавий идеалда тутган ўрни икки жиҳатдан аҳамиятга эга бўлади.
1. Ахлоқий қадриятлар умумманфаатни кўзлайди.
2. Ахлоқий қадриятлар шахсни бурчга даъват қилади.
Зеро, фикрлар хилма-хиллиги умуминсоний-ахлоқий қадриятларни маънавий идеал таркиб топтириш воситасида жамиятга сингдиради. Бу жараёнда бунёдкорлик ғоялари билан қуролланган кенг халқ оммасининг идеаллари, манфаатларини ўзида мужассам этувчи мафкурагина инсонпарварлик, тараққийпарварлик тамойиллари асосида мамлакат, халқ тақдирида ижобий аҳамиятга эга бўлади, кишиларни эзгу ишларга даъват этади.

Download 259,5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish