7.4. Менежернинг ишдаги хулқи
Бозор муносабатларининг ривожланиши ишдаги этикага риоя этишни тақозо қилади. Этика (грекча ethika, гр. ethosдан – одат, феъл-атвор) - қадимий фалсафий фан бўлиб, одоб-аҳлоқнинг моҳияти, табиати, таркибий унсурлари, вазифаси, келиб чиқиши ва ривожланишини ўрганади. Одоб ва аҳлоқ ижтимоий турмушнинг ҳамма соҳаларида - меҳнатда, ҳаётда, фанда, оилавий, шахсий, халҳаро муносабатларда инсоннинг феъл-атворини тартибга солиб туради.
Этиканинг луғавий маъноси турлича. Бир томондан илмий билимлар соҳасини, иккинчи томондан эса эзгулик ва ёвузлик тўғрисидаги, одоб ва аҳлоқ ҳақидаги, инсоннинг жамиятдаги ўрни, ҳаёти ва фаолиятининг моҳияти тўғрисидаги тушунчаларга биноан, инсоннинг харакат тарзи, феъл-атвори(одобли, одобсизлиги)ни ифодалайди.
Ишдаги этика менежернинг характери, унинг қалби, ақли, эътиқоди, маълумот савияси, жамоа ва жамиятдагиларнинг феъл-атворини билиши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Обрў, ифтихор, орият, олийжаноблик, хушмуомалалик каби тушунчалар менежернинг ишдаги одоби мажмуасига киради.
Аҳлоқий меъёрлар ҳеч қаерга ёзиб қўйилмаган ва узоқ вақтлар “оталар”дан “бола”ларга, авлоддан-авлодга ўтиб келган. Улар турли халқларнинг кўп авлодлари биргаликдаги фаолияти ва ҳаёти жараёнида асрлар бўйи вужудга келган ва маданиятнинг асосий бойликларидан бири бўлиб қолган. Этика меъёрларига риоя этилишини назорат қилиш ҳуқуқий тартибга солишдан фарқ қилади ва жамоатчилик фикри ва инсон виждони билан амалга оширилади
7.5. Менежерларнинг этикет қоидалари
Менежер учун муайян ижтимоий муҳитда вужудга келган феъл-атвор қоидалари бўлмиш ишдаги хулқ (этикет)ни билиш ва унга амал қилиш муҳим
аҳамият касб этади.
Этикет – инсон аҳлоқ-одобини тартибга солиш омилларидан бири ҳамдир. Аммо этикет қоидалари расмий характергагина эга бўлиб, инсонни эркин танлаш муаммосига дучор қилмайди. Уларни билиш ва уларга риоя қилиш керак, холос. Этикет тили асосан умуминсоний хушмуомалалик талабларини ифодалайди, аммо шу билан бирга одамларнинг иши, хизмат ва жинс тафовутларига ҳараб бирмунча ўзгаради, унда вазиятга ҳараб харакат қилиш аввалдан айтиб қўйилади ва аниқ харакатга оид тайёр моделлар тавсия этилади.
Мутахассисларнинг назарида тадбиркор эркакнини учта: ишга, тадбиркорликка ва оқшомга мос кийими бўлиши лозим. ҳар бир ҳолатда бўйинбоқ зарур. Иш кийими, аввало, одатдаги костюм (шим ва пиджак), шунингдек, шим ва чарм пиджак, яхши тикилган курткадан; тадбиркорлик кийими ҳар қандай рангдаги шим ва пиджак, уларга мослаб танланган кўйлак ва бўйинбоқ; оқшом кийими модага муносиб бўлган бир хил рангдаги шим ва пиджак, албатта оқ кўйлакдан иборат бўлади. Тадбиркор аёлнинг кийими асосий рангли икки уч предметдан иборат бўлиши керак. Агар юбка ва пиджаги қора бўлса, туфлиси ёки сумкаси ҳам қора бўлсин. Юбка, блузка, кўйлак ва костюм аёллар учун умумий кийимдир. Кеч.урун кўйлак ёки кўйлак-костюм кияди. Аёлни аввало соч турмаги, туфли, сумка ва бижутерия безайди.
Нутқ маданияти - инсоннинг ўқимишлилиги, тарбиялилиги ва маданиятининг муҳим кўрсаткичларидан бири. Фирманинг муваффаққиятли фаолияти, унинг имижи муайян даражада унинг раҳбарлари, хизматчилари тўғри сўзлашишига, ёзишмаларни нақадар саводли олиб боришларига ҳам боғлиқ бўлади.
Инсон нутқ маданиятининг умумий белгилари: жумланинг тўғри тузилиши; тилнинг бойлиги (ўзига хослиги); лўндалиги; равшан ва аниқлиги; таъсирчанлиги ҳисобланади. Қисқа ва содда жумлалар осон тингланади, лекин қисқа ибораларнинг кўплиги нутқни узуқ-юлуқ ва кескин қилиб қўяди. Узун иборалар аниқ мантиқ ва оҳангда талаффуз қилинса, нотиқнинг фикрларини маъноли ифодалайди, нутқни равон қилади. Сўзларнинг тўғри ва ўринли ишлатилиши нотиқ маданиятининг энг муҳим белгиларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |