Ўзбекистон Миллий Универститети, Иқтисодиёт факультети, Кадрлар менежменти йўналиши, Сиртқи таълим 3-курс талабаси Муродхонов Отабек Авазхон угли
7-мавзу. Кейнснинг товарлар ва хизматлар бозоридаги макроиқтисодий мувозанат модели
1. Кейнснинг макроиқтисодий мувозанат назарияси. Жавоб:
Кейнснинг макроиқтисодий мувозанат назарияси асослари
Классик мактаб намоёндалари бозорлар ва баҳоларнинг умумий мувозанати назариясини яратдилар. Уларнинг умумий мувозанат концепциясига кўра иқтисодиётда фақатгина тўлиқ бандлилик шароитидаги мувозанат мавжуд бўлиши мумкин. Бундай хулоса Ж.Б.Сэйнинг бозорлар қонунига таянади. Бу қонунга кўра меҳнат тақсимотига асосланган иқтисодиётда ҳар бир субъектнинг ишлаб чиқариши бир вақтнинг ўзида бошқа субъектларнинг ишлаб чиқариш натижаларига талаб ҳисобланади. Охир-оқибат ялпи талаб ялпи таклифга тенг бўлади. Классик иқтисодчилар фикрига кўра АD ≠ AS ҳолати рўй бермайди, умумий харажатлар миқдори етишмай қолган, яъни АDМакроиқтисодий мувозанатнинг классик модели ишлаб чиқариш ҳажми ресурсларнинг бандлилиги ва ишлаб чиқариш технологияларининг функцияси ҳисобланади, ва эгилувчан баҳолар механизми томонидан потенциал даражада тутиб турилади деган шартларга таянади. Эгилувчан баҳолар механизми ҳисобига бозор иқтисодиёти барча мавжуд ресурсларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаб туради.
Классик макроиқтисодий мувозанат моделининг ўзига хос ҳусусияти пулнинг нейтраллиги принципини кўзда тутишидир. Бу модел пул массаси реал ишлаб чиқаришга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди деган принципга асосланиб тузилади. Классиклар моделида пул бозор агентларига фақатгина битимларга хизмат қилиши, яъни олди-сотти жараёнида соф техник вазифаларни бажариши учунгина керак. Бу асосга кўра классиклар томонидан классик дихотомия концепцияси шакллантирилган. Классик дихотомия концепциясида - икки параллел бозор, реал ва пул бозори алоҳида-алоҳида амал қилади, улар ўртасидаги мувозанат автоматик барқарорлаштиргичлар орқали таъминлаб туради деб ҳисобланади.
Пул бозори инвестиция ва жамғармалар тенглигини ҳамда тўлиқ бандлик шароитини таъминлайди. Фақатгина, ишсизликнинг табиий даражасида «ихтиёрий» ишсизлик бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади. Бу шуни билдирадики, АD ва AS нинг мувозанат нуsтасида ишлаб чиқариш ҳажми (Y) унинг потенциал ҳажмига эса (Y*) тенг. Иқтисодиётда яратилган даромадланинг бир қисми жамғарилиши ялпи талабнинг ялпи таклифни қоплаши учун етишмаслигига олиб келмайди, чунки ҳар бир жамғарилган сўм тадбиркорлар томонидан инвестицияланади, деб таъкидлашади.
Агарда, тадбиркорлар уй хўжаликларининг жамғармалари миқдорида инвестиция килишса, ишлаб чиқариш ҳамда бандлик даражалари доимий бўлиб қолади.
Классик иктисодчилар таъкидлашларича, капитализмнинг ўзига хос пул бозори мавжуд ва бу бозор жамғарма ва инвестицияларнинг тенглигини таъминлайди. Бунда тенглаштирувчи омил ролини фоиз ставкаси ўтайди. Шунинг учун ҳам тўлиқ бандлик мавжуд бўлади. Бу иқтисодчилар давлатнинг иқтисодиётга аралашуви қисқа муддатли самара берсада, узоқ муддатга, охир-оқибат бозор иқтисодиётининг табиий харакат механизмига нотабиий аралашилганлиги учун, салбий оқибатларга олиб келади деб ҳисоблашади.
1936 йили инглиз иктисодчиси Жон Мейнард Кейнс капитализм иқтисодиётига янги, иш билан бандлик назариясини киритади. У ўзининг «Пул, фоиз ва иш билан бандликнинг умумий назарияси» асарида янгича иқтисодий мувозанат назариясини изоҳлаб берди.
Кейнс макроиқтисодий мувозанатга тўлиқ бўлмаган бандлик шароитида ҳам эришиш мумкинлигини, тўла иш билан бандлик қонуний ҳолат эмаслигини, балки тартибга солинмаган иқтисодиётда тасодифий рўй беришигина мумкинлигини исботлаб берди. Шунингдек, бу назарияда иқтисодиётдаги тебранишлар фақат уруш, табиий офат ва шу каби вазиятларгагина боғлиқ эмаслигини, балки у тинчлик йилларида ҳам ички омилларнинг салбий оқибатларидан келиб чиқиши мумкинлиги асослаган. Ишсизлик ва инфляциянинг келиб чиқиши инвестиция ва жамғармаларга бевосита боғлиқ. Нархларнинг ошиши ва иш ҳақининг пасайиши бошқа салбий омиллар билан бирга иқтисодиётнинг беқарорлигига олиб келади.
Бундай номутоносибликлар режалаштирилган инвестициялар ва жамғармаларнинг бир-бирига мос келмаслиги туфайли рўй беради.
Бунга сабаб биринчидан, жамғариш ва инвестициялаш тўғрисидаги қарорларни ҳар хил гуруҳлардаги одамлар турли мақсадларда қабул қилиши бўлса, иккинчидан, жамғарувчилар ва инвесторларни жамғариш ва инвестициялашга турлича сабаблар ундайди. Кейнсчилар фикрича, жамғарма ва инвестициялар битта омилга боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида амалга оширилади. Масалан, кишилар қиймати ўзининг иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлган маҳсулотларни сотиб олиш учун, масалан автомобиль ёки телевизор ҳарид қилиш учун жамғаришади. Жамғармалар бирор шахс ёки оиланинг келажакдаги истеъмолини қондириш мақсадида, яъни, уй хўжаликлари оила бошлиғининг нафақага чиққандан кейинги хаётини ёки болалари келажагини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Бундан ташқари жамғармалар тасодифий вазиятларда фойдаланиш мақсадида ҳам амалга оширилади.
Инвесторларни инвестиция киритишга ундовчи сабаблар эса фоиз ставкаси билан бирга кутилаётган соф фойда нормаси ҳамдир.
Классиклар назарияси бўйича жамғарма ва инвестициялар миқдорини аниқлайдиган асосий омил фоиз ставкаси ҳисобланади. Агарда, у ошса, уй хўжаликлари камроқ истеъмол қилиб, кўпрок жамғаришга харакат қилишади. Уй хўжаликларида жамғармаларнинг кўпайиши кредит нархларининг камайишига олиб келади. Бу эса ўз вақтида инвестициянинг ўсишини таъминлайди.
Кейнсчилар фикрича эса, фоиз ставкаси эмас, балки аҳолининг ихтиёридаги даромади истеъмол ва жамғариш динамикасини белгилаб беради. Келтирилган назарий асосларга таянган ҳолда Кейнс ўзининг макроиқтисодий мувозанат моделини ишлаб чиқди.
Do'stlaringiz bilan baham: |