7-Мавзу: Амир Темур давлатининг ғоявий-ҳуқуқий асослари. (State of Amir Temur)
Режа:
1. ХIV аср иккинчи ярмида Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазият. Амир Темур давлатининг ташкил топиши.
2. АмирТемур ҳарбий юришлари.
3. Амир Темурнинг давлатнинг ички ва ташқи сиёсати.
4. Темур тузуклари ва унинг тарихий аҳамияти.
Машғулот мақсади: Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти билан таништириш, унинг буюк давлат барпо этиш йўлидаги улуғ ишларини ўрганиш ва Амир Темур шахсининг жаҳон ва Марказий Осиё халқлари ҳаётидаги аҳамиятини тушунтириб бериш.
Таянч тушунчалар: соҳибқирон, Жанги лой, мўғуллар, Амир Ҳусайн, сўфийлар, ҳарбий юришлар, сарбадорлар, Темур тузуклари.
14 асрнинг ўрталарига келиб Чингизхон босиб олган ерлар майда бўлакларга бўлиниб кетиб унинг меросхўрлари ўртасида тожу-тахт ҳокимият учун ўзаро низолар кучайиб кетган эди.
1348 йилга келиб Шарқий Туркистон ерларида тахтга Чиғатой авлодидан бўлган Тўғлуқ Темур кўтарилди. Тўғлуқ Темур дастлабки даврларданоқ ўз ерларни кенгайтириш мақсадида Мовароуннаҳр ерларига бир неча ҳарбий ҳаракатлар уюштирди Мана щундай ички урушлар авж олиб ижтимоий иқтисодий сиёсий инқироз кучайиб борган даврда тарих майдонига соҳибқирон моҳир саркарда Амир Темур кириб келди.
Амир Темур 1336 йил 8 апрелда Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида Барлос бекларидан бўлган Муҳаммад Тарағай оиласида дунёга келди. Унинг амакиси Хўжа Барлос Кеш шаҳрининг ҳокими эди. Темур ёшлигиданоқ ҳарбий маҳоратга эга шахс бўлиб ўз атрофига барлос уруғидан чиққан ёш жангчиларни тўплаган эди. 1360-1361 йилларда Тўғлуқ Темур ҳеч қандай қаршиликсиз Моворауннаҳр ерларига бостириб кирганди. Ҳожи Барлос Хуросонга қочди. Ватанпарварлик миллий ғурур ва ифтихор ҳиссиёти кучли бўлган ёш Темур эса амакиси ҳокимлик қилган ерларни душман қўлига бермаслик учун Тўғлуқ Темур хизматига кирди ва тез орада унинг ишончини оқлаб Кеш вилояти ерларига ҳокимлик қилиш учун ёрлиқ олади.
Амир Темурнинг тутган бу йўли ўша даврда яъни Мовароуннаҳрда сиёсий тарқоқлик ўзаро курашлар ўзбошимчалик ҳукм сурган даврдаги бирдан бир тўғри йўл эди. Чунки Мовароуннаҳр ҳокимлари Тўғлуқ Темурга қарши бош кўтариб чиқиши мўғул босқинчиларининг Мовароуннаҳр ерларини яна бир бор вайрон қилишига олиб келиши муқаррар эди.
Тўғлуқ Темур 1361 йилда Мовароуннаҳр ерларини бошқаришни тажрибасиз ўгли Илёсхўжага топширади. Амир Темур Илёсхўжага хизмат қилишдан бош тортади. У Балх ҳокими бўлиб турган Амир Қозоғоннинг набираси Амир Ҳусайн билан иттифоқ тузади. Амир Темур ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида мўғулларга қарши кураш бошлайди. Маҳаллий ҳокимият учун бўлган жангларнинг бирида аниқроғи Сейистондаги туркманлар билан бўлган жанглардан бирида ўнг қўл ва ўнг оёғи яраланиб бир умрга оқсоқ бўлиб қолади.
1363 йилда Тўғлуқ Темурнинг вафоти Мовараннаҳр учун бўлган курашларни кучайтириб юборди, лекин мўғул босқинчилари осонликча Мовароуннаҳр ерларини бермаслиги маълум эди. Шу муносабат билан Амир Темур Тўғлуқ Темур вафотидан сўнг Мовароуннаҳрдан ҳайдалган Амир Ҳусайннинг қўшинлари 1365 йилда Илёсхўжага қарши иттифоқда кураша бошлайдилар. Тошкент ва Чиноз оралиғида бўлган машҳур Лой жанги иттифоқчилар ўртасидаги келишмовчилик туфайли мағлубият билан тугайди. Бу воқеалардан сўнг Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасида дастлабки ихтилоф бошланди Лой жангида ғалабага эришган Илёсхўжа учун Мовароуннаҳрга кенг йўл очилган эди. У катта қўшинлар билан Самарқандга юриш бошлайди. Бу пайтда Самарқанддаги сарбадорлар ҳаракатнинг раҳбарлари Мавлонзода ва Абубакр Калавий бошчилигида шаҳар аҳолиси Илёсхўжага қаттиқ қаршилик кўрсатиб Самарқандни ҳимоя қилишади. Маҳаллий аҳолининг бундай қаршилигига учраган мўғул қўшинлари Самарқандга киролмай қайтиб кетишга мажбур бўлади.
Моварауннаҳрда мўғуллар устидан қозонилган ғалаба ҳақида хабарни эшитган Амир Темур ва Амир Ҳусайн Балхдан Мовароуннаҳрга йўл олиб Самарқанд яқинидаги Конигил деган жойда сарбадорларнинг раҳбарлари билан учрашадилар. Бу учрашув ўзаро келишмовчилик чиқиб сарбадорларнинг раҳбарлари ўлдирилади. Амир Темурни Самарқанд ҳокими этиб Амир Ҳусайн Балхга қайтиб кетади. Бир оз вақт ўтгач Амир Темур ва Амир Ҳусайн ўртасида муносабатлар бузилади.
Бу вақтга келиб Мовароуннаҳр ерларида ўзаро урушлардан сўнг ижтимоий-сиёсий аҳвол оғирлашиб кетган эди. Мана шундай бир вақтда мамлакатда ўзаро урушларга барҳам берадиган давлат тизимини барпо этиш муҳим эди. 1370 йилда Амир Темур Мовароуннаҳр тахтни эгаллаб марказлашган давлат барпо этиш учун киришди. Балх шаҳрида чақирилган қурултойда Амир Темур Мовароуннаҳр амири деб эълон килинади. Амир Темур Кешда Самарқандга ўтиб уни Мовароуннаҳр пойтахтига айлантиради. Соҳибқирон халқни зулмдан озод қилиш ва узоқ йиллик тарқоқликни тугатиш ва марказлашган давлат қуриш мақсадида ҳаракат бошлайди. У ишни аввало мамлакатни ташқи хавфдан сақлаш учун барлослар уруғидан ташкил топган енгилмас ва миллий қўшин тузади. Барлос ва жалойир қавмидан бўлган ҳарбий бошлиқларга жуда катта имтиёзлар беради.
А.Темур давлат бошқарувида ички ва ташқи сиёсатда асосан ўз қўшинларига суянганлиги сабабли ҳарбий ислоҳотларга, яъни қўшин бошлиқларни танлаш лашкар қисмлари уларнинг жойлашиши аскарларнинг қуролланиши ва ҳарбий интизом масалаларига кенг эътибор берган. У қўшинларни ўнлик, юзлик, минглик каби аскарий бирикмаларга бўлган. Унинг учун ҳар бир аскар жанг қилиш услубларни яхши билиши фарз ҳисобланган. Амир Темур лашкарларга ҳам катта эътибор бериб улар интизомли бўлиб низомни қатъий бажариши жангда аёвсиз ва довюрак бўлиши душманга юмшоқ муомалали ва адолатли бўлиши лозим деб ҳисобларди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, А.Темур аскарлари ичида тақводор саховатли художўй кишилар кўп бўлган. Улар бечораларга хайру-эҳсон кўрсатиш бошга оғир кунлар тушганда ёрдам қўлини чўзиш асирларга юмшоқ муомалада бўлиш ва уларни озод этишга одатланганлар. Амир Темур доим жангда жасорат кўрсатган амирлар ва аскарларга алоҳида эътибор билан қаради. Шунинг учун у мустаҳкам қўшинларга эга бўлган ва узоқ йиллар давомида муваффақиятларга эришиб юрган.
А.Темур Мовароуннаҳр тахтни эгаллаган вақтдан бошлаб ўз давлати чегараларни мумкин қадар кенгайтиришга киришади ва шу мақсадда у Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ерларни ўз тасарруфига олади. Хоразмга 5 марта юриш қилиб 1388 йилда уни бутунлай бўйсундиради. Хоразмда хукмронлик қилаёган Сўфийлар сулоласни бутунлай тугатади. А.Темур ўзининг 3 йиллик (1386-1388йй), 5 йиллик (1392-1396йй) 7 йиллик (1399-1405йй) юришлари давомида Озарбайжонда Жалойирлар, Сабзаворда сарбадорлар давлатини, Ҳиротда курдлар давлатини тугатиб Эрон ва Хуросонни ўз давлати тасарруфига киритади. 1394-1395 йилларда Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга карши юриш қилиб унинг кўп сонли қўшинини мағлубиятга учратади ва Олтин Ўрда ҳудудини эгаллайди. А.Темурнинг бу ғалабаси Олтин Ўрдага жуда катта зарба бериш билан бирга А.Темур қўшинларининг Волга дарёси бўйларида бемалол юришларига, Буюк Ипак йўлини Мовароуннаҳр шаҳарларидан ўтишга кенг йўл очиб берди. Таъкидлаш жоизки, А.Темурнинг бу ғалабаси тарихда улкан аҳамиятга эга бўлди. Амир Темур 1398 йилда Ҳиндистонга қилган юришида Деҳлини 1400 йилда, 1401 йили Сурияга қилган юришда Халаб, Байрут ва Дамашқ шаҳарларини эгаллайди. 1402 йилда Усмонийлар империясининг султони Йилдирим Боязидга қарши юришда уни мағлубиятга учратди. Бу ғалабаси билан Амир Темур Европани Усмонли турклар асоратига тушишини бир неча ўн йиллар орқага сурди. А.Темур 1404 йилда Кичик Осиёдан Самарқанга келади ва у Хитойга юриш учун ҳарбий тараддуд кўради.