Жан Жак Руссо француз файласуфи, ёзувчиси,педогоги,талантли мусиқашунос ва маърифатпарваридир. У 1712-1778 йилларда яшаб ижод этган. Француз адабиёти тарихига Ж.Ж.Руссо сентиментализм оқимининг асосчиси сифатида киради. Унинг «Юлия, ёки янги Элоиза» романи замондошлари орасида мисли кўрилмаган даражада муваффақият қозонади. Руссонинг бу романи эпстоляр (хат) жанрида ёзилган бўлиб, унда Речардсон ижодининг излари сезилиб туради. Романда табиий ахлоқ билан сохта одат анъаналари ўртасидаги зиддият кўрсатилади. Бу зиддиятнинг асл моҳияти севишганлар ўртасидаги ижтимоий тенгсизликдир. Ўша замон одатига кўра дворян қизи Юлянинг қуйи табақа вақили Сан Перга турмушга чиқиши қонун хилоф ҳисобланган. Шу сабабли Юля ўзининг қалб жавҳарига зид иш тутиб бахтли бўла олмайди Унинг бевақт ўлими ички азобларга чек қўяди. XVIII аср маърифатпарвар гуманистлари каби, Руссо ҳам шахснинг табиатан тенг ҳуқуқлилигини тан олади. Шу билан бирга, сентименталист Руссо учун эркин шахс сезгиси, табиатнинг ўз овози бўлиб, ҳақиқатнинг, эзгуликнинг ва гўзалликнинг мужассам тимсоли эди.
Пьер Огюстен Карон Бомарше маърифатчилик даврининг талантли драматурги, публицисти бўлиб майдонга чиқди. Бомаршенинг фаолияти, драматик ва публицистик асарлари учинчи табақа вақилларининг манфаатларини ёқлайди. Эски феодал тартибларга зарба бериб, янги, илғор ғояларнинг тантанаси учун хизмат қилади. Бомарше драматург сифатида «Севилиялик сартарош» (1775 й.), «Фигаронинг тўйи» (1780 й.) комедиялари билан шуҳрат қозонади. Драматург «Евгения» драмасига «Жиддий драматик жанр ҳақида тажриба» номли сўзбоши ёзиб, ўзининг саҳна асарларига бўлган талабларини илгари суради.
«Севилиялик сартарош» Бомарше мўлжаллаган Фигаро ҳақидаги трилогиянинг биринчи қисмидир. Асар воқеалари Испанияда кечади. Комедиянинг қаҳрамони эпчил, ақилли йигит Фигародир. У ёшлигидан бошлаб кўп қийинчиликларни бошидан кечиради, турли ишларни қилиб охири Севилия шаҳрига келиб сатарошлик қилади. Фигаронинг ёрдами билан граф Альмавива севган қизи Розинага уйланишига муаффақ бўлади.
Комедиянинг ҳар бир саҳнасида Фигаронинг ишбилармонлиги, чаққонлиги, халққа яқинлиги яққол кўриниб туради. У ҳар қадамда юқори табақа вақилларидан устун эканлигини намоиш қилб боради. Бу билан муаллиф ўзи ҳам мансуб бўлган учинчи табақа вақилларининг афзалликларини таъкидлайди. Асарнинг иккинчи қисмида, яъни «Фигаронинг тўйи» да қаҳрамоннинг сартарошликдан хўжайиннинг ишончли вақили даражасига бориб етганлигини эътироф этади. Граф Альмавива ҳалокатга маҳкум қилинган эски (дворян) задогонлар дунёсининг вақили, ахлоқсиз,енгилтак киши. Қонун ва ҳокимият граф томонида лекин Бомарше унга қарши ақилли шахсни қарама-қарши қилиб қўяди. Сюзанна, графиня ва Фигаро бирлашиб Альмавиванинг кирдикорларини ошкор қиладилар.
Франциядан кейин Германияда шақиллана бошлаган маърифатчилик адабиётининг илк вақиллардан бири Готхольд Эфраим Лессингдир. У немис халқининг олижаноб фарзанди, феодал муносабатларнинг ашаддий душмани, замонасининг улуғ мутафаккири, танқидчиси, адабиёт ва санъат назариётчиси, шоир ва драматурги ҳамда жамоат арбобидир. Драматург 1729-1781 йилларда яшаб ижод этди. Лессинг «Лаокоон» (1766 й.) ҳамда «Гамбург драматургияси» (1769 й.) номли асарларида халқчил санъат эстетикасининг назариётчиси сифатида майдонга чиқди. «Лаокоон» рисоласи билан адиб замонасида жуда ҳам кўпайиб кетган мазмунсиз тасвир поэзиясига қарши чиқади. Иккинчи асари «Гамбург драматургияси» тўплами орқали ҳақли равишда немис маърифатчилик ҳаракатининг дастуриламали бўлиб қолди. У немис миллий театрининг майдонга келиши учун кўп хизмат қилди. XVIII аср феодал Германияси шароитида драма жанрига асос солди. Бу ҳаётий жанрни классицизм трагедиясига қарама-қарши қўйди.
«Минна фон Барихельм», «Эмилия Галотти» номли асарлари билан ўзи илгари сурган театр талабларининг амалдаги намуналарини яратди.
Шу даврнинг йирик шоирларидан бири Фридрих Шиллердир. У ижодининг дастлабки йилларида «бўрон ва тазйиқ» адабий ҳаракатининг энг сўл вақилларидан бири бўлган. Ёзувчининг ёрқин ҳаётбахш асарлари чинакам халқчиллиги, исёнкорлиги ва мустабид ҳокимият тузумига қарши кескин норозилиги билан умумхалқ ғояларини ифодалаб берди. Шиллер «Қароқчилар» (1780й), «Фиеско фитнаси» (1783й), «Макр ва муҳаббат» (1784й), тарихий мавзуда ёзган «Дон Карлос» (1787й), «Валленштейн» (1789й), романтик трагедиялари, «Мария Стюарт» (1800й), «Орлеан Қизи» (1802й), ҳамда «Вилгельм Телл» (1804й) каби шоҳона асарларини яратиб жаҳон драматургиясининг хазинасини бойитди. Шиллернинг «Макр ва муҳаббат» асарида воқеа немис реал шароитидан олинган, унда ҳукм сураётган ахлоқий пасткашлиқ герцог саройининг дабдабаси ва бузуқлиги кўрсатилган. Асарнинг сиёсий тенденцияси шу қадар бўрттирилиб кўрсатилган-ки, натижада конфликт чинакам ҳаётий бўлиб чиққан. Фожеада бир бирига муросасиз бўлган икки қарама-қарши дунё вақилларининг тўқнашувини кўрсатади. Бир томонда вилоятнинг герцоги чегараланмаган ўзбошимча ҳоким. Президент фон Вальтер унинг номидан давлат ишларини бошқаради. У амал параст лаганбардор сарой ходимининг типик намояндаси унинг котиба Вурм ўтакетган қабиҳ герцог саройида бузуқлик билан ном чиқарган енгилтак аёл Мильфорд хоним, қўрқоқ гофмаршал фон Кальб юқори синф вақиллари бўлиб, макр хийла–найранг бозорини қиздирадилар. Бу лагерь кишиларини Шиллер ўз кўзи билан кўрган, кузатган герцог Карл Евгений бошлиқ сарой атрофидаги тартибларнинг барча иллатларини ўзларида акс эттирадилар. Иккинчи томондан эзилагн ҳуқуқлари оёқ ости қилинган қуйи табақа вақиллари оддий меҳнат кишилари–мусиқачи Миллер, унинг беозор хотини, мусиқачиинг гўзал қизи Луиза турадилар. Президентнинг ўғли ўзининг ҳаётий қарашлари билан иккинчи лагерь вақилларига яқин турадиган майор Фердинанд, гарчи юқори табақага мансуб бўлсада, у ердан ўзига маслакдош дўст, чинакам севгини тополмайди. Майор камбағал мусиқачилар оиласида ҳақиқий инсоний фазилатли кишиларни учратади, Миллердан мусиқа дарсини олаётган Фердинанд билан Луиза бир-бирларини қаттиқ севадилар. Икки ёшнинг муҳаббати фитначиларнинг макр-ҳийласига дуч келади. Шу тариқа икки синф ўртасидаги тўқнашув Шиллер асари сюжетининг динамикасини ташқил қилади. «Дон Карлос» Шиллернинг Дрезденга келиб яшай бошлаганидан кейин унинг ижодида исёнкорлик руҳи йўқолиб, мавжуд тузумни маърифат йўли билан тузатиш мумкин деган ишонч пайдо бўлган бир даврда яратилган. Ёзувчининг бу шеърий трагедияси халқ аҳволини юқоридан туриб ўтказиладиган ислоҳот билан яхшилашга қаратилган.
XVIII асрнинг йирик маърифатпарвар шоири немис халқининг буюк мутафаккири ва файласуфи Гётедир. У ёшлигидан бошлаб халқ оғзаки ижоди ва антик дунё мифологиясига қизиқади. Немис халқ қўшиқлари бўлажак шоирни миллий ғурур ҳақиқат учун курашга давъат этади.
Гёте лирикаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Гёте шеърияти кишининг мураккаб ички дунёси хусусиятларини очиб беради. Халқ тили. Унинг оханграбо мусиқийлиги қайноқ лапар оҳанглари китобхон қалбини жунбушга келтириб лирикасининг сирли сеҳрига мафтун қилиб қўяди. Гёте лирикаси инсониятни ўраб турган муҳитни гуманистик равишда мушоҳада қилади.
«Мағрибу машриқ девони» Гёте поэтик ижодининг чўққиларидан ҳисобланган. Девон 1814-1819 йиллар мобайнида яратилди. Бунда шоир XIV аср форс шоири Ҳофиз Шерозий ижодига эргашади. Шоирнинг шарқ мавзуига бўлган қизиқиши янги ҳодиса эмас эди. Бир қанча ғарб санъаткорлари ўз ижодларида шарққа мурожаат қилганлар. Жумладан Шекспир «Отелло», Жон Рассин «Боязид», Монтескье «Форс мактублари», Вольтер «Муҳаммад ва Заира», Гёте «Муҳаммад», Байрон «Шарқ достонлари», Виктор Гюго «Шарқ мотивлари» каби мисолларни айтиб ўтиш кифоя.
Гёте Ғарб ва Шарқ адабиётларининг бойиб ривожланишини бир-бири билан яқинлашувида деб билади. У Шарқ билан Ғарб, ўтмиш билан ҳозирги замон, уларнинг урф-одатлари, мулоқат ва мушоҳадаларини, бири орқали иккинчисини тушунишни мақсад қилиб қўяди. «Мағрибу машриқ девони» да Гёте шарқнинг буюк шоирлари Ҳофиз, Низомий, Фирдавсий ҳамда Саъдий ижодини нозик талқил қилиб, оригинал фалсафий лирика жанрларини яратади. Шоирнинг девони шарқ ва ғарб поэзияси бир бирига яқин умумбашарий адабиёт эканлигини исботлайди.
Мағрибу машриқ девони ўн икки китобга бўлинади «Қўшиқчи китоби», «Ҳофиз китоби», «Севги китоби», «Мушоҳада китоби», «Қобус китоби», «Соқи китоби», «Норозилик китоби», «Ҳикмат китоби», «Зулайҳо китоби», «Темур китоби», «Масал китоби», ҳамда «Жаннат китоби»дан иборат. Бу шеърий тўпламда шоирнинг ҳаёт, инсонларнинг тадбири, тинчлик ҳақидаги ўйлари ўз ифодасини топади. Девонда шоир тимсоллар, мажозлар, қочириқлар йўли билан шеърият, ижодиёт, шарқ маданиятларининг хусусиятлари ҳақида фикр юритади. Девоннинг «Ҳижрат» деб аталувчи шеъри тўпламнинг муқадимаси ҳисобланади. «Ҳижрат» - қочиш демакдир. Девоннинг тарихий мазмуни шуки, унда 622 йилда Муҳаммад пайғамбарнинг Маккадан Мадинага кўчиб кетиш воқеаси кўзда тутилади. Айни вақтда «Ҳижрат» шоир Гётенинг ҳам шарққа қочишини, Шарққа юз ўгиришини билдиради. У Ғарбнинг (Веймарнинг) бўғиқ диққинафас муҳитидан қочиб, шарқнинг кенг ва соф мусаффо осмонидан ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишга ошиқади. «Ҳижрат» дан парча М. Шайхзода таржимаси.
Бузилди ғарб, жануб ва шимол,
Тахту тожлар бўлди паймол!
Сен йироққа
Кун чиққарга бор!
Унда қўшиқ, севги бор, май бор…
У табаррук ҳавони шимир,
Ва бошлагин янгидан умр!
Пайғамбарнинг дуоси ила,
Қайт аслингга, руҳингни сийла!
Гёте ижодининг ёрқин намунаси Фауст фожиасидир. Асар XVIII асрнинг охири ва XIX асрнинг биринчи чорагида ёзилгани (1773-1831) учун ана шу хилма-хил воқеаларга бой бўлган Европа ҳаётини акс эттиради. Табиатнинг, коинотнинг қудратли кучларини инсон иродасига бўйсиндириш, унинг қонунларини ўрганиш бу сирларни одамзод фойдасига хизмат қилдириш улуғ мутафаккир олим Гётенинг доимий орзуси бўлиб келди. Унинг буюк қаҳрамони Фауст ана шу орзуни амалга оширишдек олийжаноб ишга бел боғлайди.Фауст немис халқи орасида кенг тарқалган афсонанинг қаҳрамони. Мазкур афсона Германияда XVI асрда пайдо бўлган. Гётенинг бу асарини Э. Воҳидов ўзбек тилига таржима қилган.
Арши аълода шайтон Мефистофель худо билан Фауст тўғрисида мунозара қилади. Шайтоннинг фикрича, коиноти азимда инсон ожиз бир нарса. У бахтсиз, абадул- абад азоб-уқубатда яшайди. Агар худо унга ақл ато қилмаса, инсон ёмон яшамаган бўлур эди. Бунинг устига Фауст бутун коинот ва табиат сирларини илму фан кучи билан билиб олмоқчи. Мефистофель Фаустнинг бу интилишларига ишонмайди, унга шубҳа билан қарайди. Худо эса инсон адашиб бўлса ҳам, излаш, қидириш натижасида камолот чўққиси томон боради, деб унга умид билдиради.
Иблис Мефистофель Фаустнинг пинжига кириб, уни ҳар-хил ўйларга бошлаб юради. Ауэрбахнинг ертўласи, кенг дала баҳор байрамини қутлаётган халойиқ, жодугар кампирнинг ошхонаси китобхон кўз ўнгидан ўтади. Шайтон Фаустнинг кўнглини севги билан тўлдирмоқчи. Кекса Фауст унинг сеҳри билан яшариб, навқурон йигитга айланади. Маргарита (Гретхен) номли қизни севиб қолади. Улар ўртасида фарзанд туғилади. Аммо руҳонийлар жазосидан қўрққан Маргарита фарзандини сувга чўктириб ўлдиради. Черков ходимлари бу сирдан воқиф бўладилар ва Маргаритани зиндонга ташлайдилар. Маргаританинг фожиали ўлимида Фауст ўзини айбдор деб билади. Фауст билан Мефистофель ўртасида баҳс-мунозара давом этади. Улар император саройида бўладилар. Улар ажойиб кашоналарда, базму зиёфатларда қатнашадилар. Лекин Фаустнинг кўнгли бу нарсалардан таскин топмайди. Унинг руҳи фаолият ва ижодга мойил. Боши қотиб қолган Шайтон Фаустнинг кўнглини гўзаллик билан тўлдиради. Уни қадимги Юнонистонга олиб боради. Спарта маликаси Елена билан таништиради ва улардан туғилган фарзанд Эвфорион (Байрон) жуда эрта ҳалок бўлади. Гўзаллик ҳам севги ҳам Фауст назарида ўткинчи. Лекин бу икки нарса Фаустнинг маънавий оламининг қарор топишида муҳим роль ўйнайди. Изланиш, фикрлаш, кураш, адашишлар унинг ақлий камолатига ижобий таъсир кўрсатади. Кишининг дунёга келишидан, яшашдан мақсади ўз халқи, ватани учун ҳалол меҳнат қилишда, деган ҳақиқатга тушуниб етади. Атрофига бир тўда кишиларни тўплаб, денгиз чеккасида ажойиб шаҳар барпо қилишга киришади. Машаққатли меҳнат самарасидан мамнун бўлган Фауст оламдан ўтади. Унинг жонини фаришталар осмонга олиб чиқиб кетадилар. Фауст ўлгандан кейин ҳам унинг жонига эга бўла олмаган шайтон лақиллаб қолаверади. Асар халқи, ватани учун ҳалол хизмат қилган кишининг юраги энг юксакликда бўлиши керақ деган ғоя билан тугайди.
Гёте ўз асарларида халқларнинг дўстлиги ва озодлиги ғояларини куйлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |