7- Мавзу: XVIII аср маърифатчилик адабиёти.
Режа:
1. Ғарбий Европада маърифатчилик ҳаракати.
2.
3. Француз маърифатчилик адабиёти намояндалари.
4. Итальян маърифатчилигининг ўзига хослиги.
5.
6. Немис маърифатпарвар адиблари.
Таянч конспект
Маърифатчилиқ Инглиз адабиёти. Памфлет. Роман. Сатира. Эпистоляр роман. Драматургия. Публицистика. Ижобий қаҳрамон масаласи. Халқ образи. Француз адабиётида ижодий метод масаласи. Трагедия. Энциклопедия. Сентиментализм. Немис адабиётида миллий театр. Фалсафий драма. Реализм. Исёнкорлик руҳи. Лирика.
Маъруза матни
XVII –XVIII асрлар жаҳон тарихида янги даврни бошлаб берди. XVII –XVIII аср инглиз ва француз буржуа инқилоблари ўрта асрлардаги эски тартибларни емириб ташлади, минг йилдан ортиқ вақтдан бери ҳукумронлик қилиб келаётган феодал тузумга зарба берди жамият тараққиётини янги босқичга кўтарди. XVIII аср Европада тараққийпарвар кучларнинг чириган ўрта асрчилик тартибларига қарши кураш сиёсий тус ола бошлагани каби, адабиётда ҳам бу кураш жанговар маърифатчилик руҳини ола бошлади. Ўзининг антифеодал моҳияти билан ажралиб турадиган маърифатчилик адабиёти феодализмга қарши курашаётган, ҳали у вақтда прогрессив руҳда бўлган ва халқ ҳаракатидан фойдаланаётган буржуазиянинг фалсафий ва сиёсий таълимоти билан суғорилган эди.
Маърифат сўзи кенг маънода халқни билимли, маърифатли қилиш маъносида, тор маънода буржуазиянинг феодализга қарши кураши авж олган даврдаги ақлий ҳаракатни ифода этади.
Маърифатпарварлар учун ақл – идрок бош масаладир. Улар инсоннинг ақлий фаолиятига, одамийлик фазилатларига юқори баҳо берганлар, ақлу-инсофга бегона бўлган зулмни, жаҳолатни қоралаганлар. Шу билан бирга, улар маърифатчилик ғоясига, унинг таъсир этувчи кучига ортиқча баҳо бериб, катта хатога йўл қўядиларки, натижада бундай қараш уларнинг давлат бошида ўқимишли,одил, яъни маърифатпарвар мустабид ҳоким туриши керақ деган хом хаёлларга боришларига сабаб бўлади. Маърифатчилик адабиётининг эстетик қарашлари шу билан қадирли эдики, улар санъатнинг тарбиявий аҳамиятини жамиятни қайта қуриш манфаатларига хизмат қилдирдилар. XVIII аср ёзувчилари маърифатчилик руҳидаги сиёсий – фалсафий роман, фалсафий повесть, сиёсий-ахлоқий характердаги драматик асарлар яратдилар. Маърифатпарвар ёзувчилар адабиётни туғилиб келаётган янги синфнинг ғоявий кураш қуроли деб билдилар. Уларнинг ижобий қаҳрамонлари гражданлик жасорати, меҳнат ва ташаббускорлик кўрсатиш, шунингдеқ саҳоват ғоясини бўрттириб тасвирлашдан иборат эди. Бу адабиётдаги масалага муайян майлга берилиб қараш ўша тарихий давр талабларига, дунёни қайта қуриш учун қилинаётган қарашларга мос бўлиб тушар эди.
Маърифатчилик ҳаракати Ғарбий Европа мамлакатларида бир тарзда, инқилобий ва изчил шаклда кўринмаса ҳам, лекин тараққийпарвар адабиёт учун муштарак томони борки, бу унинг антифеодал характерида намоён бўлади.
Маърифатчилик адабиётиниг Англиядаги йирик намоёндалари романнавислар:Д.Дефо, Ж.Свифт, С.Ричардсон, Г.Филдинг, халқчил шоир Р.Бренс ва бошқалар ҳисобланади.
Францияда маърифатчилик ҳаракати Франсуа Вольтер, Дени Дидро, Ж.Ж.Руссо, Пьер Огюстен Бомарше каби ижтимоий-сиёсий, фалсафий-адабий фаолияти билан машҳур бўлган санъаткорларни етиштирди.
Немис маърифатчилиги эса Готхольд Эфраим, Фридрих Шилллер, И.В. Гёте сингари буюк адабиётшунос олимларни, драматургларни ва жамоат арбобларини майдонга чиқарди.
Англия ҳукумрон доираларининг босқинчилик урушлари ва колониал сиёсати ўша давр адабиётида, Свифт ва Шеридан ижодида кескин ҳажв остига олинади. Ҳамма ерда бўлгани каби, Англияда ҳам маърифатчилик ғоясининг кескин зиддиятлари кўзга ташланиб турар эди. Бу зиддият маърифатпарварлар олға сурган жамиятнинг гормоник ривожланиши ҳақидаги ғояси билан буржуа воқелигининг амалдаги шарт-шароитлари ўртасидаги номуносибликда кўринади. Ана шу туфайли Англия маърифатчилик мафкурасининг фалсафий асослари ҳам зиддиятли эди. Бу зиддият инглиз файласуфлари ва олимлари Томас Гоббс (1588-1679 й.), Шефтсбери (1671-1713 й.), Бернард Мандевиль (1670-1733 й.) кабиларнинг ижодида ҳам ўз аксини топади.
Ҳар бир мамлакатнинг маърифатчилик адабиёти ҳақида гап борганда, ўша мамлакатнинг миллий-тарихий шароитини, ўзига хос тараққиёт йўлини назардан қочирмаслик керак. Чунки инқилобий ҳаракатлар тарихий шароитга қараб турлича бўлган.
Англиядаги илк маърифатчилик адабиётининг вақили сифатида биринчилардан бўлиб Даниэль Дефо тилга олинади. Д.Дефо жаҳон адабиёти тарихига ўлмас «Робинзон Крузо» асарининг муаллифи сифатида кирган. У инглиз ва Европа адабиётида роман жанрига асос солган машҳур ёзувчидир.
XVIII аср Француз маърифатчилик адабиётининг энг йирик вақилларидан бири Франсуа Мари Аруэ Вольтердир. Вольтер XVIII аср маърифатчилик ҳаракатининг барча кўринишларини ўз ижодида жамлади. Вольтер шоир ва драматург, файласуф ва тарихчи,публицист ва курашчидир. Қарийб 60 йил давомида Европа устидаги чақмоқ бўлиб гулдирос солди. Вольтернинг асарлари 52 та бўлиб, шулардан 21 таси трагедиядир. Ёзувчининг «Брут» трагедияси воқеалари Рим тарихидан олинган. Бу асарда XVIII аср француз ҳокими мутлақ тузум шароитида озодлиқ ватанга садоқат, унинг хоинларига нисбатан муросасизлик ғоялари илгари сурилган.
Вольтернинг ўқувчилари ва томошабинлари унинг асарларида севги йўқлигига ишора қилар эдилар. Драматург «Заира» фожиавий асари билан ўз китобхонларини мамнун қилади. Асар қаҳрамони Заира христиан қизи бўлиб, Миср султони Оросманинг саройида тутқинликда яшайди. Заира билан султон Оросма бир-бирларини севадилар. Бу асарида ёзувчи севишганлар бахтига диний жаҳолатнинг ғов бўлганлигини кўрсатади.
XVIII асрнинг кўзга кўринган файласуфи ва маърифатпарвар ёзувчиси Дени Дидродир. Дидро XVIII аср фаранцуз файласуфлари, маърифатпарварлари орасида энг кўзга кўринган қамровдор олим ва жамоат арбобидир. Д. Дидро 1713 йили Франциянинг Лангр шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилади. У Париждаги Гаркур коллежини тугатиб руҳоний бўлиши керак эди. Аммо уни дин қизиқтирмайди. Шу туфайли у отасидан моддий ёрдам ололмайди. Бир оз вақт моддий қийинчиликда кун кечирган Дидро 1746 йилда ўзининг биринчи асари «Фалсафий фикрлар» асарини ёзади. Асар Париж парламентининг қарори билан ёқиб ташланади. 1749 йилдаги «Кўзи очиқ кишиларга кўрлар ҳақида васиятнома»асари учун уни қамоққа ташлайдилар. Дидро 1751-1780 йиллар мабойнида нашр қилинган, фан, ҳунар-техника, санъат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кенг соҳасини қамраб олган қомуснинг асосчиларидан, бош муҳаррирларидан бири эди. Қомусни нашр қилишда барча маърифатпарварлар иштирок этдилар. Уларнинг назарида қомус моҳият эътибори билан черков таълимотига қақшатқич зарба бериши керак эди. Бу ҳам қирол тарофдорлари томонидан бир неча бор таъқиб остига олинди. Ёлғиз Дидронинг ўзи қомус учун мингдан ортиқ мақола ёзди. Шу билан бир қаторда Дидро бадиий асарлар ҳам ёзди. «Ўгай ўғил» (1757 й.), «Оила бошлиғи» (1758 й.) драмаларини, «Монархия» (1760 й.) романини, «Романинг жияни» (1762 й.), «Жак фаталист» (1773 й.) қиссаларини ҳам ёзади. Санъат саҳасида янгилик бўлган эстетикага оид рисолалар яратди: «Никоҳсиз ўғил ҳақида суҳбатлар» (1757.й.), «Драматик адабиёт тўғрисида» (1758 й.), «Тасвирий санъат ҳақида тажрибалар» (1765 й.), Париж кўргазмаси ҳақида ёзган «Салонлар» (1761-1781й) каби асарлари шулар жумласидандир. Дидро фалсафа соҳасида ҳам бой мерос қолдирган: «Табиатни тушунтириш ҳақида фикрлар»(1754й.), «Д Аламбер билан Дидро суҳбати» (1769й.), «д. Аламбернинг туши» (1769й.), «Материя ва ҳаракатнинг фалсафий принциплари» (1770й.) ва бошқа асарлари шулар жумласидандир.
Дидронинг «Монахиня» романи 1760 йилда ёзилган бўлсада, ёзувчининг ўлимидан кейин босилиб чиқади. Ёш ва гўзал Сюзаннани ота – онаси зўрлаб манастирга беришади У ердаги қабиҳликларни кўрган Сюзанна манастирдан қочиб кетади. «Монахиня» XVIII аср француз маърифатчилик адабиётида католик черковини аёвсиз танқид остига олган роман. Асарда агар жамият шахснинг гаражданлик ҳуқуқларини паймол қилар экан, унга қарши курашиш керак деган ғоя илгари сурилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |