Социология фан сифатида
Социология /лотинча ”societas” – жамият ва юнонча “logos” – тушунча, таълимот маъносини англатиб/ жамиятнинг таркибига кирувчи алоҳида институтлар, тизимлар, гуруҳлар ва уларнинг ўзаро алоқадорлигини ўрганувчи фандир. Демак, социология умумий маънода жамият тўғрисидаги фандир.
Социология фан сифатида XIX асрнинг 30-йилларида шаклланиб, бу тушунча фанга француз файласуфи Огюст Конт томонидан киритилган.
Маълумки, О.Конт фалсафаси “позитивизм” номи билан машҳур. У фалсафани фан ва методология сифатида рад этади. Унингча, “позитив” фалсафанинг асосий мақсади хусусий фанлар умумий хулосаларини умумлаштириш вазифасидан иборат бўлган. Бу принципни социологияга ҳам тадбиқ қилган. Унинг социологияси эмпирик маълумотларни тўплаш ва кузатишдан иборат бўлган. Эмпирик маълумотларни фалсафий жиҳатдан умумлаштириш эса рад этилган. Илмий назариясиз ва илмий методологиясиз жамият ҳаёти тўғрисидаги эмпирик маълумотларни илмий жиҳатдан умумлаштириб бўлмайди. Улар нари борганда, субъектив хулосалардан иборат бўлиб қолаверади.
Ҳозирги кунда “социология”, “социлог”, “социологик савол-жавоб” “социологик тадқиқот натижалари” деган иборалар кундалик ҳаётга кириб келмоқда. Уларни радио ва телевидениеда эшитишимиз, турли рўзнома ва ойномаларда ўқишимиз мумкин. Социологик тадқиқотлар ижтимоий фикрларни ўрганишнинг, сиёсий партиялар, лидерлар, программаларнинг рейтингини, ижтимоий ташкилотларнинг ва ҳаракатларнинг мавқеини аниқлашнинг, давлат сиёсати ишлаб чиқиш ва бошқа масалаларни ечишнинг зарур воситаси бўлиб келмоқда.
Лекин социологиянинг фан сифатидаги предметини аниқлашга ёндашиш суст бормоқда. Кўпчилик социологияни анкета, интервъю, савол-жавоблар билан тенглаштириб қўяди. Тўғри, анкета, интервью, савол-жавоблар социологик тадқиқотларнинг муҳим воситаларидир, лекин уларни социология билан тенглаштирмаслик зарур. У ҳолда социологларни 2-3 ойлик курсларда етиштириб чиқариш мумкин бўлиб қолади. Лекин профессионал социологни, профессионал юрист, врач ёки иқтисодчи каби курсларда етиштириб чиқариш мумкин эмас. Унда социологларни ишлари юзаки, илмий жиҳатдан паст ва обеъктив бўлмай қолади. Улар у ёки бу баҳо, прогноз, программаларни ишлаб чиқиш учун нотўғри асос бўлиб, охир-оқибат сиёсий ёки бошқа спекуляцияларни келтириб чиқариши мумкин.
Социологиянинг предметини аниқлашнинг мураккаб томони, ижтимоий ҳаётнинг социология ўрганадиган қисмини аниқ кўрсатиб бериш қийинлигидадир.
Баъзан социологияни “жамият ҳақидаги фан” деб атайдилар. Америкалик социолог Нейл Смелзер социологияни “жамият ва ижтимоий муносабатларни илмий жиҳатдан ўрганувчи” фан сифатида белгилайди. Аммо, бундай таъриф анча умумий тарзда бўлиб, социологиянинг фан сифатидаги аниқ чегаравий мазмунини, моҳиятини белгилаб бера олмайди. Чунки ижтимоий фалсафа, иқтисодиёт назарияси, сиёсатшунослик, тарих, маданиятшунослик каби кўплаб ижтимоий ва гуманитар фанлар ҳам жамият ҳаётини объект сифатида ўрганади. Бошқача қилиб айтганда, гап социологиянинг бошқа фанлардан фарқли ўлароқ ўзига хос предмети ҳақида бормоқда. Агарда, “социология” сўзининг этимологиясидан келиб чиқсак, социология “социаллик” /жамият/ тўғрисидаги фан /таълимот/дир, демакки, «социал» тушунчасининг аниқ моҳиятини, унинг соҳасини аниқлаш зарур.
Ҳар бир фан ўз ўрганиш объекти ва предметига эга. Лекин фаннинг у ёки бу объекти, бошқа илмий фанларнинг тадқиқот предмети бўлиб келиши мумкин. Конкрет фаннинг предмети ушбу фаннинг объектида ўрганиладиган ўзига хос томонидир.
Объект – бу объектив воқелик сифатида тадқиқотчига қарама-қарши турган, унинг фаолияти қаратилган нарсалардир. Объектив воқеликнинг ҳар қандай воқеа-ҳодисалари ҳар қандай ижтимоий фаннинг тадқиқот объекти бўлиб келиши мумкин.
Маълум бир фаннинг тадқиқот предмети ҳақида сўз борар экан, унда объектив воқеликнинг у ёки бу қисми /шаҳар, қишлоқ, инсон, маданият, ташкилот ва б./ шу фанга хос бўлган томони ушбу объектнинг иккиламчи томони ёк мавжуд бўлиши учун шарт-шароит бўлиб хизмат қилади /масалан, иқтисодиётнинг социал контексти/.
Илмий адабиётларда “объект” ва “предмет” тушунчаларининг қўшилиб кетиш ёки тенглаштириш ҳолларини кўриш мумкин. Предмет ҳам объект сингари объектив воқеликнинг аниқ ёки ўзига хос хусусиятига эга қисми ёки элементлари бирлигидир. Шу билан бирга ҳар бир фан ўз предмети билан бошқасидан фарқ қилади. Физика, химия, биология, иқтисодиёт, социология ва бошқа фанлар ҳам ўз предметига эга. Бу фанларнинг ҳаммаси табиат ва жамиятни характерловчи турли хил воқеа-ҳодиса ва жараёнларни ўрганади. Лекин бу фанларнинг ҳар бири объектив воқеликнинг:
а) ўзига хос томони ёки ўз соҳасини; б) шу фанга хос қонун-қоида ва қонуниятларини;
в) шу қонун ва қонуниятларнинг ўзига хос шакллари ва механизмларини ўрганади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ижтимоий фан жамиятни, объектив воқеликни объект сифатида ўргана туриб, унда ўз предметини ажратиб олади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш зарурки, объектив воқеликнинг айнан бир томони бир неча фанларнинг тадқиқот объекти бўлиб келиши ҳам мумкин.
Шундай қилиб, жисмоний воқелик – кўпчилик ва табиий ва техник фанларнинг, социал воқелик эса - ижтимоий ва гуманитар фанларнинг тадқиқот объетидир. Г.В.Осиповнинг таъкидлашича: “фан предметини фақатгина объектга қараб аниқлаш нотўғри, чунки ҳар қандай фаннинг тадқиқот объектлари кўп бўлиши мумкин, лекин предмети эса фақатгина шу фаннинг ўзигагина хос ва ягона бўлиши керак”.
Турли хил фанларнинг бир-биридан фарқи шундаки, улар биригина объект мисолида ушбу жамиятни ривожлантирадиган ўзига хос қонун ва қонуниятларни ўрганадилар. Айтайлик, жамиятнинг ривожланиши ва ҳаракатланиши шу фанларнинг предмети бўлиб иқтисодий, социал, сиёсий, маънавий, психологик эҳтиёжлардан келиб чиқади. Бундан ташқари, ушбу объектив воқеликнинг алоҳида қисмлари ҳам шу фанларнинг тадқиқот объекти бўлиб келиши мумкин: масалан, меҳнат, кундалик ҳаёт, таълим, оила, шаҳар, қишлоқ, сиёсий институтлар ва бошқалар иқтисод, социология, психология демография, ҳуқуқ ва бошқа шу каби фанларнинг тадқиқот обеъктидир.
Социологиянинг предмет ва объектини аниқ ажратиб бериш ҳозирда социологлар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Социология предметига турли адабиётларда турлича таъриф берилган. Масалан, Весбстеров луғатида социлогия инсонларнинг социал гуруҳларнинг вакили сифатида, биргаликдаги ҳаётининг тарихи, ривожланиши, ташкил топиши ва муаммоларини ўрганувчи фан деб берилган. О.Конт социологияни жамият тўғрисидаги фан деб билган. Э.Дюркгейм эса социология предметини ижтимоий маълумотлар, яъни социал фактлардан иборат деб билган, немис социологи Г.Зиммель таърифига кўра, - социология хусусий ижтимоий фанларнинг билиш назарияси, яна бир немис социологи М.Вебернинг фикрича, социлогия ижтимоий хулқ тўғрисидаги фандир. Ижтимоий хулқни М.Вебер инсоний муносабатлардан иборат деб билган. Инсоний хулқ эса ўз навбатида ижтимоий моҳиятига эгадир.
Машҳур рус социологи П.А.Сорокиннинг фанни предмети ҳақидаги фикри умумий маънога эга бўлиб, у “жамият ёки ижтимоий ҳодисалардан иборат” деб билган. Жамият эса руҳий ўзаро алоқадорликка эга бўлган бирликлар мажмуидан иборат. Социология худди шундай ўзаро алоқадоликлардан иборат жамият ҳаётини ўрганади.
Совет даври социологлардан В.А.Ядовнинг фикрича, “социология- жамиятнинг бир бутун организм эканлиги, ижтимоий муносабатларнинг бир бутунлиги тўғрисидаги фан”.
Яна бир социолог Г.В.Осипов “Социология” ўқув қўлланмасида, социология – ижтимоий тизимларнинг функционаллашуви ва ривожланиши тўғрисидаги, умумий ва ўзига хос ижтиомий қонун ва қоидалари, қонуниятлари, бу қонун ва қонуниятларнинг шахс, ижтимоий бирликлар, синфлар, халқлар фаолиятидаги юзага келиш ва амал қилиш шакллари тўғрисидаги фан, деб таърифлаган.
Юқорида келтирилган фикрлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, социология – ижтимоий бирликлар, ташкилотлар, жараёнлар ва муносабатларнинг юзага келиши, функционаллашуви ва ривожланиши қонуниятларини ўрганувчи фандир. Юқорида биз жамиятнинг социал соҳаси /социал гуруҳлар, институтлар, социал муносабатлар ва алоқалар, социал системалар/ социологиянинг, уни ўрганишнинг ўзига хос области, соҳаси эканлигини таъкидлаб ўтдик, яъни социологияни фан сифатида социалликни ўрганади, деб айтиш мумкин экан. Бундан келиб чиқиб социологиянинг фан сифатидаги предметини қуйидагича таърифлаш мумкин:
Социология - социал системаларнинг юзага келиши, функционаллашуви ва ривожланишини, уларнинг структурасини, компонентларини /социал бирликлар, социал ташкилотлар ва институтлар/, шунингдек, уларнинг жамиятда тутган ўрни, эҳтиёжлари ва қизиқишларининг қондирилишига мувофиқ улар ўртасида юзага келадиган муносабатларни ўрганувчи фандир.
Айрим олинган шахсдан бошлаб оила, ижтимоий гуруҳлар, синфлар, табақалар, ташкилотлар, бирликлар ва бошқа тизимлар ўртасидаги ижтимоий оқибатлари социологик тадқиқот объекти сифатида ўрганилади. Бошқа ижтимоий ва гуманитар фанлардан фарқ қилиб, социология ижтимоий ҳаёт жараёнларини уч босқичда ўрганади:
1. Аниқ – эмпирик;
2. Хусусий;
3. Умумий;
Шунга мувофиқ равишда социология эмпирик социологик тадқиқот, махсус социологик тадқиқот, умумсоциологик тадқиқот жараёнларини ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |