Эрамиздан аввалги юнон файласуфлари (Афлотун, Арасту, Протагор) ва Марказий Осиё мутафаккирларининг ижтимоий қарашлари.
Социологияни фан сифатида тасаввур этиш учун энг аввало унинг вужудга келиши ва тарихий ривожланиш босқичларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ижтимоий ҳаёт ривожланиши қонуниятларини ўрганишга қаратилган таълимотлар, қарашлар эрамиздан аввалги IV асрдаёқ юнон файласуфлари Афлотун (эрамиздан аввалги 427-347 йил) нинг “Қонунлар ”, “Давлат тўғрисида”, Арасту (эрамиздан аввалги 384-322 йил) нинг “ Сиёсат тўғрисида”, “Метафизика”, “Этика”, Протагорнинг (эрамиздан аввалги 490-420 йил) “Ҳақиқат” каби асарларида ёритилган.
Марказий Осиёнинг мутфаккирлари бўлмиш Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо каби улуғ алломалар ўз даври ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини илмий асосда тадқиқ қилганлар ва ўзлариниг ижтимоий қарашларини асарларида ёзиб қолдирганлар.
Абу Наср Фаробий ўзининг “Фозил шаҳар аҳли қарашлари ҳақида китоб”, “Сиёсат ал – мадания” каби асарларида олийжаноб жамият, адолатли тузум, одил ҳукмдорлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилган. У ўзи яшаган даврнинг ижтимоий тизимини, унинг зиддиятлари ва бу зиддиятларнинг келиб чиқишидаги муаммоларни назарий жиҳатдан таҳлил қилишга уринган.
Давлат ва жамият масалаларида давлатни ижтимоий тизимни бошқарувчи ташкилот деб, уни муваффақиятли бошқариш эса кўп жиҳатдан давлат бошлиғи, ҳокимнинг характерига, фазилатларига боғлиқ деб билган. “Фозил шаҳрининг биринчи бошлиғи”, деб таъкидлайди Фаробий, - шу шаҳар аҳолисига имомлик қилувчи оқил киши бўлиб, у табиатан ўн иккита ҳислат фазилатни ўзида бирлаштирган бўлиши зарур:
1. Ҳокимнинг 4 мучали соғлом бўлиб, ўзига юкланган вазифаларни осон бажарилиши лозим;
2. Нозик фаросатли, хотираси яхши, зеҳнли, фикрини равшан тушунтира оладиган билим, маърифатга ҳавасли бўлиши шарт;
3. Таом ейишда, ичимликда, аёлларга яқинлик қилишда очофат бўлмаслиги, ўзини тия оладиган бўлиши ва ҳақиқатни севадиган, ёлғон ва ёлғончиларни ёмон кўрадиган, олийҳиммат бўлиши, олий ишларга интилиши зарур;
4. Мол – дунё кетидан қувмайдиган;
5. Табиатан адолатпарвар, истеъдод ва жабр-зулмни ёмон кўрувчи, саботли, журъатли, жасур бўлиши, қўрқоқлик ва хадиксирашларга йўл қўймаслиги каби хислатлар киради.
“Маданий жамият ва маданий шаҳар шундай бўладики, шу мамлакатнинг аҳолисидан бўлган ҳар бир одам касб - ҳунарда озод, ҳаммага баравар бўлади, кишилар ўртасида фарқ бўлмайди, ҳар ким ўзи озод бўладилар” - каби фикрлари Фаробийнинг жамият ҳаётини чуқур таҳлил қилганлигидан далолат беради.
Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Минерология”, “Ҳиндистон” асарларида ижтимоий ҳаёт масалаларини ёритган.
“Минералогия” асарининг муқаддимасида инсон ва унинг ижтимоий адолат тўғрисидаги қимматли фикрларни баён этган.
Беруний ўз даврининг этносоциологи ҳам эди. “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида турли халқлар: форслар, юнонлар, яҳудийлар, христиан моликийлар ва христиан настурийлар, мажусийлар, собитлар, будпараст араблар, мусулмон араблар, турклар тўғрисида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.
Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳам “Бобурнома” асарида ўз даври ижтимоий ҳаёти воқелигини, инсон шахси хусусиятларини, яхши ва ёмон томонларини, Андижондан – Ҳиндистонга қадар бўлган улкан ҳудудида яшаган халқларнинг ижтимоий жиҳатларини шахсий кузатишлари, илмий тадқиқотлари асосида ўрганган ва ёзиб қолдирган.
Юқорида номлари зикр этилган буюк мутафаккирлар яшаган даврда социология ҳали мустақил фан сифатида шаклланмаган эди. Уларнинг ижтимоий ҳаёт жараёнлари тўғрисидаги илмий тадқиқотлари натижалари эса ижтимоий – фалсафий қарашлар тарзида намоён бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |