«Дизайн» - бу ишлаб чиқаришда рассомлар томонидан бўлажак буюм лойиҳасининг яратилишини ҳам ўз ичига оладиган эстетик фаолиятнинг тури ҳамда ижод натижаси-эстетик сифатга эга бўлган тайёр саноат буюми. Техника эстетикаси дизайн назариясидир. Дизайн оммавий саноат ишлаб чиқариш ҳамда атроф претметлар мушитини билишнинг гўзаллик ҳақидаги тасавурларимизга мос келтириш эҳтиёжи билан боғлиқ холда вужудга келади. Предметлар тартибсизлигига барҳам бериш ва претметлар оламини тартибга келтириш техника эстетикаси ва дизайн назарияси амалиётининг вазифаси ана шундай.
Ишлаб чиқариш муҳитининг нафосатли жиҳатларини вужудга келтириш, унга «маънавий қадрият» мақомини бериш дизайн (техника нафосатшунослиги) га оид расм-чизмалар, моделлар, безаклар воситасида ҳам амалга оширилади.
Ҳозирча адабиётларда дизайннинг ягона, ҳаммабоп яхлит қоидага айланган илмий таърифи яратилмаган. Лекин, кўпчилик тадқиқотчилар дизайнни бадиий-техник фаолият туридир, деб қарашга мойилдирлар. Хуллас дизайн бадиий-техник фаолият муҳитини яратишдир.
Дизайнда муҳандислик, илмий ва бадиий фаолият қоришиқ ҳолда намоён бўлади, лекин дизайн уларнинг бирортасига айланиб қолмай. Дизайн моддий ишлаб чиқариш муҳитини нафосатли қайта қуришга, уни инсоннинг манфаатлари ва эҳтиёларига мос келтиришга хизмат қилади.
Дизайн саноатни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришни уюштиришда нарсалар - чизмалар, расмлар, моделларнинг мақсадга мувофиқлигини ва технологик фойдалилигини ҳисобга олиш фаолиятининг ажралмас қисмидир. Саноатда кенг истеъмол маҳсулотларидан, нодир дастгоҳлар ва асбобларни лойиҳалаш ва яратиш ишида турли-туман касб эгалари-муҳандислар, технологлар, ишчилар, иқтисодчилар, бошқарувчилар, руҳшунослар, социолог-ижтимоийшунослар қатнашадилар. Бу ерда дизайнчи-мусаввир-лойиҳа яратувчи алоҳида мавқега эга: унинг зиммасига нафосатли қийматга эга бўлган маҳсулотлар ва меҳнат қуролларини яратиш бурчи юклангандир. Ишлаб чиқариш билан истъемол, ишлаб чиқарувчи билан истеъмол қилувчи ўртасидаги ўзаро муносабатларни уйғунлаштириб туриш дизайнчининг энг муҳим вазифасидир. Дизайнчи биринчи навбатда ишлаб чиқариш соҳасида имкон қадар истеъмолчи манфаатлари томонида туради. Иккинчидан, у истеъмолчи, эхтиёжларини фаол шакллантириб ва уйғунлаштириб боради. Бу ерда дизайнчининг эстетик маданияти, эстетик дидининг табиати ва мазмуни ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Техника эстетикаси тушунчаларининг вужудга келиши тарихининг ўзи ҳам қизиқ. Қадимги вақтларда санъат алоҳида ишлаб чиқаришдан ажралган холда мавжуд эмас эди, балки у билан амалий жиҳатдан боқлиқ эди. Масалан, Қадимги Грецияда шаҳарлар қурилиши ҳам, ҳайкалтарошлик ҳам, астрономия билан шуғулланиш ҳам, табобат амалиёти ҳам, оддий буюмлар тайёрлаш ҳам биргина сўз «техне» билан санъат ва маҳорат кабилар бирлаштирилган.
Рассом-конструктор (дизайнер) - бу ишлаб чиқаришда фақат вазифа талабларига кўрагина эмас, балки гўзаллик талабларига кўра ҳам жавоб бера оладиган санъат буюмлари формасини лойиҳалайдиган мутахассисдир.
Рассом конструктор ўз касбига кўра, инженер конструкторлар ёки техникадан фарқ қилади, техник конструкция бўлими ва унинг вазифаси асосида ўзининг фойдаланганлиги билангина эмас, гузаллик билан ҳам ажралиб турадиган буюмларнинг ташқи шаклини тайёрлайди. Инженерлик ва конструкторлик ғояси рассомнинг идроки ва фантазияси саноат буюмининг ўзида ифодаланади.
Буюм яратишдаги икки асоснинг узвий бирлиги-техник ва бадиий рассом конструкторнинг бадиий конструкциялаш деб атланган ижодий методидиа ифодасини топади. Бу метод биз учун дастлабки фикрда машғулот турига кўра дизайнерни ҳам рассомга яқинлаштиради. У фақат чизмадагина эмас, балки эскиз макетдан ҳам фойдаланади, ранг ритм, компазиция ҳақида ўйлайди-бир сўз билан айтганда бўлажак буюмнинг бадиий лойиҳасини яратади. Сунгра бошқа мутахассислар билан биргаликда уни амалга оширади, яъни лойиҳани охирги натижасига етказади. Инженер буюмларнинг саноат ва техникага доир вазифасини, социолог олим ижтимоиий зарурлигини, иқтисодчи иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, эргономист предметдан фойдаланиш қулайлигини, дизайнер эса унинг эстетик сифатини аниқлайди. Буюмлар муҳитини дизайнер орқали ташкил қилиш ҳаётимизнинг ҳам маиший томомнини ҳам ишлаб чиқариш томонини қамраб олади. Ишлаб чиқаришда предмет макон мушитини эстетик ташкил қилиш ишлаб чиқариш эстетикаси дейилади. Бунга иш жойи, унинг жиҳозланниши ва ускуналанишини ташкил этиш ва лойиҳалаш киради.
Ишлаб чиқариш муҳитини ташкил этиш инсон атрофини ўраб олган барча нарсалар муҳитини ташкил этишнинг бир қисмидир. Дизайн санъатнинг анъанавий қисмидир. Дизайн санъатнинг анъанавий турлари - архитектура, декоратив-амалий санъат билан бир қаторда предматлар муҳитини ташкил қилишда иштирок этади. Шунинг учун муҳит эстетикаси ишлаб чиқариш эстетикасига қараганда янада кенгроқ тушунчадир. Худди шунингдек ишлаб чиқариш эстекикаси бизнинг умумий мавзумиз меҳнат эстетикасининг фақат бир қисмигина холос, у ишлаб чиқариш муҳитини ташкил этишга қаратилган. Дизайн барча вазифаларини комплекс бажаради. У ишлатаётган ҳар буюм гўзаллиги бутун предмети муҳитнинг, атроф шароит гўзаллигининг яхлит манзараси бўлмоғи лозим.
Ҳар қандай техник шаклга дизайн томонидан қўйиладиган асосий талаб фойдалилик, қулайлик ва гўзалликдир.
Дизайнердан; биринчидан, конструкциянинг ишончлилиги, шаклнинг гўзаллиги ва равшанлигини таъминловчи предмет ечимлари, иккинчидан айрим предмедлар, деталлар ва элементлар ўзаро алоқасини таъминловчи ечимлар, учунчидан табиатни ҳам қўшганлиги мухитнинг бутун компанентлари синтезининг берадиган яхлид ечим талаб қилинади.
Дизайннинг уч бирлик - фойда, қулайлик, гўзалликлардан келиб чиқувчи тамойиллари ана шулардан иборат.
Меҳнатни илмий ташкил этиш (НОТ), меҳнат маданияти ва ишлаб чиқариш эстетикаси масалалари билан мамлакатимизда кам шуғулланилади.
Дизайнлар фақат яхши, чиройли буюмлар яратибгина қолмайди, шу билан бирга кераксиз, усти ялтироқ ва қийматсиз буюмлардан халос бўлишни тақозо этади. Саноат ишлаб чиқарадиган буюмлар хилма-хиллигини ҳар бир буюмнинг аниқ мақсадли бўлишини ўйлаш шунинг учун ҳам муҳимдир.
Предметлар дунёси ва техника эстетикасини тартибга сола туриб, дизайн айни вақтда кишиларнинг диди ва эҳтиёжи турли-туман эканлигини ҳам хисобга олади. Шунинг учун ҳам, дизайн соф индивидуал талаблар билан бошқа буюмлар ишлаб чиқаришда чегараланишга йўл қўймайди.
Дизайнернинг вазифаси бу шунчаки ташқи муҳит ташкил қилган яхши ва қулай буюмгина эмас, балки ижтимоий эҳтиёжларни қондиришдир.
Техника эстетикаси ишчига қуйидаги вазифаларни олиб келади. Аввало эстетик жихатдан яратилган, меҳнат ва ишлаб чиқариш шароити ишчи кучининг кайфияти, соғлиги ва меҳнат қобилиятига таъсир кўрсатади. У ишчининг жисмоний кучини тежайди ва асаб системасини асрайди, дидини тарбиялайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига таъсир қилади, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатли ва самарали тарзда вужудга келади.
Меҳнат эстетикаси техника эстетикаси каби атроф-муҳитни гўзаллаштириш тизими билан боғлиқ. Корхона ҳовлисидаги яшил олам, фаввора, дарахтлар, ҳайкалларнинг уйғунлиги ичкаридаги бинолар пештоқлари ва деворларида акс этган кўргазмали амалий санъат намуналари, бинолар ичининг юксак дид билан безатилиши – ҳаммаси инсон меҳнатини гўзаллаштиришга, меҳнат жараёнининг эстетик завқ билан амалга ошувини таъминлашга хизмат қилади.
Шундай қилиб, меҳнат эстетикаси меҳнат жараёнидаги нафосатни фақат саноат ишлаб чиқариши билан чегараламайди, дизайндан кенг фойдаланган ҳолда ўзини атроф-муҳитни гўзаллаштириш тизимидаги асосий омиллардан бири сифатида намоён этади ва техника эстетикаси билан доимий ҳамкорликда иш олиб боради.
Спорт эстетикаси спорт соҳасидаги эстетик қонуниятларни ўрганади, спортнинг эстетик мазмунини, унинг жамият маданиятидаги ўрнини, спорт билан санъатнинг ўзаро алоқадорлигини тадқиқ этади, инсон жисмоний камолотининг маънавий-эстетик жиҳатларини таҳлилдан ўтказади.
Маълумки, спорт ва жисмоний тарбия деярли доимо ёнма-ён тилга олинса-да, улар бир-биридан жиддий фарқ қилади. Жисмоний тарбия асосан инсон саломатлигини таъминлашга қаратилган жамиятнинг турли ёшдаги барча табақалари ихтиёрий тарзда “ўзи учун” шуғулланадиган, оммавийлик табиатига эга машқлар ёки машқ мажмуларидан иборат. Спорт эса, унинг қайси соҳасида бўлмасин, мутахассис устозлар назорати остида махсус тайёргарлик кўрган одамларнинг, асосан ёшларнинг яккама-якка ёки жамоавий тарзда беллашувини ўз ичига олади. Жисмоний тарбия қай кўринишда бўлмасин, (индивидуалми, жамоавийми), беллашувни рад этади ва инсонга турли машқ шаклларидан хоҳлаганини ташлаш имконини беради. Спортда эса мусобақа биринчи ўринда туради ва унда муайян машқлар мажбурий тарзда бажарилади. Лекин бу мажбурийлик спортнинг маълум бир тури доирасида спортчига эркин ҳаракат қилиш имконини беради, яъни спортда ижодий ёндашув тақиқланмайди, балки қўллаб-қувватланади. Масалан, бадиий гимнастика мусобақаларида ҳар бир спортчи ўзи танлаган машқни, ўзи танлаган куй жўрлигида бажаради, лекин спортнинг ушбу турига доир қонун-қоидалардан четга чиқолмайди. Шундай қилиб, жисмоний тарбияни спортга қўшиб юбориш ёки уларни айнанлаштириш мумкин эмас. Спортнинг бошқа кўпчилик турларида эса барча спортчилар бир хил машқни бажарадилар, лекин уларни бир-биридан фарқлантириб турадиган, мусобақа руҳини сақлаб, уни сўндирмайдиган нарса, бу – ҳар бир спортчининг бир хилдаги машқ ижросига ижодий, ўзига хос ёндашувдир. Бунда спортчининг ўз аъзои бадани устидан ҳукмронлик қилиши шу ҳукмронликни эгилувчан гўзаллик, эпчиллик, улуғвор хатти-ҳаракатлар шаклида томошабинга тақдим этишини тақозо қилади, хуллас, спорт инсон танаси гўзаллигининг намойиши сифатида диққатга сазовор.
Спортга қадимги юнонлар, бундан бир неча минг йиллар аввал ана шундай нуқтаи назардан ёндашганлар. Лекин, афсуски, кейинчалик мусобақа омили гўзалликни четга суриб, уни ғолиблик ва мағлублик билан баҳоланадиган эҳтиросни ўйинга, қиморнинг ўзига хос турига айлантириб қўйди (қадимги Румодаги гладиаторлар баҳси, кейинчалик от пойгасига пул тикишлар в.ҳ.).
Ҳозирги пайтда спорт жаҳон бўйлаб жуда кенг ёйилган маданий соҳа сифатида тан олинади. Айниқса, буни Ўзбекистон мисолида яққол кўриш мумкин. Бизда мустақиллик шарофати билан спортга миллий маданиятнинг узвий қисми сифатида қараш шаклланди, унинг ҳамма тури бўйича мусобақалар ўтказиш одат тусига кирди, ўзбек кураши эса умумбашарий спорт тури мақомини олди, махсус Жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирлиги ташкил этилди. Буларнинг деярли барчаси республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва назорати остида амалга оширилди. Шу туфайли бугун Ўзбекистон спорт диёрига, инсон жисмоний гўзаллигини жаҳонга намойиш этаётган мамлакатлардан бирига айланди.
Спорт эстетикасидаги энг муҳим муаммо, бу унинг санъат билан ўхшашлигида. Шундан келиб чиқиб, замонавий спортни (жуда бўлмаганда, унинг баъзи турларини) ўзига хос санъат сифатида талқин қилиш кенг ёйилган. Рэне Мэҳю, Морин Кович, Бэнжамин Лоу сингари ғарб олимлари ва кўплаб машҳур спортчилар спортни санъат сифатида қабул қилиш мумкин деган фикрни ўртага ташлайдилар. Лекин ҳақиқатан ҳам спорт санъатми, уларни айнанлаштириш мумкинми? Бу саволга тўғридан-тўғри жавоб бериш қийин. Шу боис спортнинг келиб чиқиши ва моҳиятига эътибор қилиб кўрайлик.
Маълумки, ўйинни Қадимги юнон файласуфлари эстетик табиатга эга эканини таъкидлаб, уни санъат билан тенглаштирганлар, Шиллер эса, кўриб ўтганимиздек, бадиий фаолиятни ўйиннинг энг юксак шакли деб ҳисоблайди. Спорт эса, энг аввало ўйин. Ундан инсон икки томонлама эстетик завқ олади: ўйинчи-спортчи ва томошабин-тарафкаш сифатида. бунда томошабин санъатни идрок этаётгандек спортчи билан уйғунлашиб, унинг хатти-ҳаракатларига қўшилиб кетади, айни пайтда ўзи спортчи эмаслигини, яъни эстетик масофани ҳис қилиб туради. Бу борада Б.Лоу ўзининг “Спорт гўзаллиги” деган китобида Ф.Киноннинг қуйидаги фикрларини келтиради: “Театр, – деб ёзади Ф.Кинон, – томошабинга суяниб ривожланадиган санъат тури... Спорт мусобақаларида томошабинлар ўзларини худди спектакл томошосидагидек тутадилар: улар юксак маҳорат эгаларига қарсак чаладилар ва ёмон ўйин кўрсатганга нисбатан салбий муносабатларини яширмайдилар. Спортда ҳам, театрда ҳам биз “ўйин” ҳақида гапирамиз”2. Бошқа бир ўринда Б.Лоу Ҳ.Слюшернинг “Спорт ва экзистенция” китобидаги қуйидаги сатрларга эътибрни қаратади: “Спорт – токи ҳақиқий спорт экан, у эстетик фазилат ва нафисликка эриша олади. У спортчи учун чуқур маънога бой ҳолат... спорт ботиний яхлитликни ва юксак даражадаги ҳиссий кўтаринкиликни талаб қилади, – деб ёзади Ҳ.Слюшер спортчи ҳис этадиган эстетик завқ ҳақида3.
Санъат билан спортнинг яна бир ўхшаш томони шундаки, ҳар иккаласи ҳам бирор бир моддий эҳтиёжни қондирмайди, бевосита мақсад эмас, мақсадга мувофиқлик тарзида воқе бўлади, уларнинг асосий хусусияти, мавжудлигини оқлайдиган нарса, бу – одамларга эстетик завқ бериш хусусияти. Айни пайтда санъатда ҳам спортда ҳам ўйин ижтимоийлик касб этмаслиги мумкин эмас, спортчи санъаткор каби ғоявий-мафкуравий майлпарастлик табиатига эга. Санъаткор ватанпарварлик, миллатпарварлик ғояларини билвосита – бадиий асари орқали илгари сурса, спортчи ўз жисмоний хатти-ҳаракатлари билан мусобақаларда ватан байроғини кўтаришга, “миллатни уялтириб қўймасликка” интилади, яъни бевосита ва табиий равишда мафкуравийликни амалга оширади. Демак, санъат ҳам, спорт ҳам шунчаки завқ бериш ва ўз истеъдодидан завқланиш билангина чегараланиб қолмайдиган ижтимоий-маънавий ҳодисалардир. Бироқ ана шу мафкуравийлик мафкурабозликка айланса, яъни ижодкор мафкура учун ахлоқийликдан чекинса, санъатда ҳақиқий бадиий асар яратишнинг иложи бўлмаганидек, спорт мусобақасида ҳам ғирромлик йўли билан, “бир амаллаб” ютиб чиқиб, ҳақиқий ғалабага эришиши мумкин эмас, зеро ҳақиқий ғалаба томошабиннинг баҳоси билан белгиланади. Масалан, футбол майдонида рақиби йиқилиб, ўрнидан тура олмаётганини кўрган футболчи ўзи қулай вазиятда бўлса ҳам, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборади, рақиб ўрнидан туриб, ҳакам тўпни ўйинга киритишга рухсат берганида йиқилган рақибнинг ўзи ёки командадоши уни яна майдон ташқарисига чиқариб, тўп эгаллаш навбатини ихтиёрий тарзда рақиб командага беради. Бу – ҳар иккала команда ўйинчиларининг жўмардлигини “ҳақиқий йигитлар” эканини, уларнинг фақат жисмоний эмас, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам етуклигини кўрсатади, томошабин ҳеч қачон уларнинг бирортасини тўпни рақибига бериб қўйди деб айбламайди, афсус чекмайди, аксинча хурсанд бўлади, намойиш қилинган мардликдан завқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |