Синергетика. Фалсафанинг замонавий методларидан бири синергетик методдир. Синергетика ўз-ўзидан ташкил топиш механизмлари ва қонуниятларини тараққиёт жараёнининг универсал компоненти сифатида ўрганади. Бу универсаллик ўз-ўзидан ташкил топиш назарияси учун шу қадар муҳимки, синергетика тадқиқотчиларидан бири Г.Хакен бу фаннинг асосий масаласини у билан боғлайди. «Нима учун, - деб ёзади у,- ўз табиатига кўра турли компонентлардан – электронлар, атомлар, молекулалар, фотонлар, хужайралар, ҳайвонлар ёки хатто одамлардан иборат бўлган тизимлар ўз-ўзидан ташкил топганда, айни бир тамойилга бўйсуниб, суюқликдаги тузилмалар, электр тебранишлари, ҳайвонлар популясиялари ёки ижтимоий гуруҳларни ташкил этиши керак?».
Ўз-ўзидан ташкил топиш ҳодисаларининг бу қадар кенг кўлами синергетикада
постулат қилиб олинмайди. У мутахассисларнинг турли туман билим соҳаларида табиий ва ижтимоий жараёнларнинг умумий детерминантларини кашф этиши натижасидир. Шу туфайли синергетика алоҳида фан ғояларининг йиғиндиси сифатида эмас, балки физик, химик, биолог ва математик ўз материалини кўрадиган умумий қарашлар тизими сифатида ва, аксинча, булардан ҳар бири, ўз фани методини қўллаб, синергетиканинг ривожланишига бирон бир тарзда ҳисса қўшади. «Мен янги фанни «синергетика» деб атадим, бунга сабаб, - деб ёзади Г.Хакен, - унда тизимларнинг кўпгина элементларининг биргаликдаги ҳаракати тадқиқ этилишигина эмас, балки ўз-ўзидан ташкил топишни бошқарувчи умумий принципларни топиш учун кўпгина турлитуман фанларнинг кооперациялашуви зарурлигидир».
Синергетика бу турли табиатли тузилмаларнинг ўз-ўзидан ташкил топиш, барқарорлик, парчаланиш ва қайта пайдо бўлиш жараёнларини тадқиқ этувчи
назариядир.
Синергетика диалектиканинг қуйидаги ғоясини тасдиқлайди – ҳар бир объэкт
оламдаги ҳодисаларнинг умумий боғланганлиги оқибатида уни қуршаб турган
хилма-хил жараёнлар билан узвий боғланган бўлиб, айни вақтда турли қисм системалардан таркиб топади. Объэктнинг хар бир таркибий қисми бошқа таркибий қисмлар ва ташқи дунё билан ўзаро боғланишда мавжуд бўлади. Шу сабабли хар бир таркибий қисм ўзига хос индивидуал алоқалар тизимига эга бўлади, демак у ўзига хос ҳаракатга ва ички ҳаракатга эга бўлади ва оқибатда объэктнинг ички ўз-ўзидан дифференциациялануви тенденцияси пайдо бўлади. Айни вақтда бир бутун объэкт унинг бир бутунлиги сақланиши мобайнида ўз қисмларига таъсир ўтказади, шу сабабли объэктнинг ички ўз-ўзидан интеграциялануви тенденцияси пайдо бўлади.
Синергетика тараққиёт концепциясини чуқурроқ ифода этишга имкон беради.
И.Пригожин таъкидлашича: «ҳам классик, ҳам квант механикада агар қайсидир бир вақтда системанинг ҳолати этарли аниқликда маълум бўлган бўлса, унда келажакни жуда бўлмаганда принципда олдиндан айтиш мумкин эди. Бунинг устига бундай турдаги назарий схема кўрсатдики, қайсидир бир маънода «ҳозир» ўзида ўтмиш ва келажакни сақлайди. Кўриб турганимиздек, ҳақиқатда ундай эмас. Келажак ўтмишнинг таркибий қисмига кирмайди. Ҳатто физикада ҳудди социологиядагидек атиги хилма-хил мумкин бўлган «сценарийлар»нигина олдиндан айтиш мумкин».
Синергетика тараққиётнинг қатор фундаментал ўзига хосликларини очиб беришга имкон беради. Тараққиёт жараёнида тизимнинг умумий муҳитида тебранишлар ҳосил бўлиши, яъни тизим муҳитини янги ташқи таъсир вужудга
келтираётган янги таркиби сифат жиҳатдан сакраш нуқтасига яқин босқичда ҳал қилувчи ҳисобланади. Бу жараён флуктацион жараён деб аталади. Бу бифуркация нуқтасини, яъни тараққиётнинг бундан кейинги йўналишининг аниқ бир вариантининг кўпдан кўп мумкин бўлган вариантлардаги «танлови» ни ҳосил қилади. Тараққиёт жараёни когерентлик, турбулентлик, динамик тартибсизлик, диссипатив ва автотўлқинли структуралар динамикаси, кенгмасштабли спонтан флуктуациялар каби бунгача тараққиёт концепцияси қамраб ололмаган кўпгина бошқа феноменларни ўз ичига олади. Ривожланиш ва тараққиёт жараёнида бифуркация нуқталари орасида детерминистик қонунлар, бифуркация нуқталарида эса эҳтимолий қонунлар устунлик қилади. Бу мураккаб жараён янгиланиш элементлари орқали янги ўзаро боғлиқликда бўлган микро ва макро даражадаги тизимларни ҳосил қилади.
Хулоса қилиб айтганда синергетика дунёга янгича қараш усули ва бир вақтнинг ўзида фалсафа фани методи бўлиб, фанлардаги янгиликларни умумлаштириш, ўз-ўзини ташкил қилиш, чизиқсиз тафаккур асосида эволюсион жараённи ташкил қилувчи фанлараро илмий тадқиқот усули сифатида асримизнинг 70-йилларида пайдо бўлди. Синергетика янги таълимот сифатида ўз-ўзини бошқаришнинг умумий қонунлари ва тамойилларини ўрганишни асосида ноорганик ва органик табиатда ўзаро алоқадорликда ўз-ўзини шакллантириш орқали ташкил топиш мавжудлигини исбот қилиб берди. Материяга ташқи таъсир натижасида ўзгарувчи инерт объэкт деб эмас, балки ўз-ўзини ташкил қила оладиган объэкт деб қараладиган бўлди. Бу маълумотлар статик ва жонли материя тушунчаларини ажратиб турган оралиқни анча камайтирди. Агар ўз-ўзини ташкил этувчи тизимларнинг хоссалари ва вужудга келиши шароитлари билан, биологик эволюсиянинг энг муҳим жиҳатларини бир-бирига таққослаб кўрилса, икки ҳолда ҳам ўзгаришлар айни бир хил қонунларга бўйсунади ва ўхшаш тенденцияни намоён қилади, деган хулосага келиш мумкин.
Фан методлари: умумилмий, хусусий илмий ва фанлараро тадқиқот методлари. Фан методининг асосий мазмунини ёки аввал амалиётда синалган
илмий назариялар ташкил этади: ҳар қандай назария бошқа назарияни яратувчи ёхуд амалиёт мазмунини ёки изчиллигини белгиловчи метод вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |