Объект – бу субъектнинг билиш фаолияти қаратилган нарса, ҳодиса ва жараёнлардир. Билиш асбоби ҳам, бошқа индивид (инсонлар) ҳам, индивиднинг ўзи ҳам билиш объекти бўлиши мумкин. Объект тушунчасини объектив борлиқ билан айнанлаштирмаслик керак. Масалан, ҳайвонларнинг хўжайраларидаги хромосомалар цитология ва генетикада ўрганиш “объекти”га айланишидан олдин ҳам объектив мавжуд бўлган.
Шунингдек, ҳозирги замон гносеологиясида билиш объекти ва предметини ҳам фарқлаш лозим. Билиш объекти деганда бутун борлиқнинг ўрганилаётган амалда мавжуд бўлаклари тушунилади. Билиш предмети – ўрганилаётган объектнинг билишимиз диққат марказидан ўрин олган муайян жиҳатлари, хусусиятлари ва ривожланиш қонунларидир.
Билиш фаолият тури сифатида. Инсоннинг ўзини қуршаган дунёни тушуниб етиши муҳим фалсафий муаммолардан биридир. Моҳият эътибори билан, дунёни билиш мумкинми, деган масала дунёнинг инсон онгида аниқ ва тўлиқ акс этиш, инсоннинг бу дунёда онгли ва эркин мўлжал олиш ва фаолият олиб бориш имконияти тўғрисидаги масаладир.
Инсоннинг ўзини қуршаган дунёда мўлжал олиш функсиясини билим бажаради. Билим – инсон онг ёрдамида оладиган дунё ҳақидаги маълумотларнинг энг олий даражасидир. Билим образлар ва белгилар шаклида мавжуд бўлади ва ундан одамлар амалий фаолиятининг идеал режаси сифатида фойдаланади. Билимсиз (оддий, илмий, бадиий ва бошқа билимларсиз) дунёнинг манзарасини шакллантириш мумкин эмас. Ф.Бекон шу муносабат билан билим кучдир деб таъкидлаган эди. Билимни Гегел таъбири билан айтганда фақатгина субъектив тасаввур, эркин мулоҳаза, тасаввур маҳсули бўлган фикрдан фарқлай билиш лозим. Инсоннинг дунёни билишга интилишининг моҳияти у аниқ ёки ноаниқ билимларни фаол ва изчил излаши ва уларни олишидан иборат. Фалсафанинг билиш муаммолари кўриб чиқиладиган бўлими гносеология ёки билиш назарияси деб аталади. Инсоннинг дунёни билиш жараёнини бошқа фанлар – мантиқ, психология, сотсиология ҳам ўз нуқтаи назаридан ўрганади.
Билиш ва билим тўғрисида сўз юритганда ўрта асрлардаги каби билим ва эътиқодни қарама-қарши қўйиш ярамайди. Эътиқод – моддий ва маънавий дунё нарсалари, жараёнлари ва ҳодисаларини далил-исботсиз билиш демак. «Мен Худонинг борлигига ишонаман»; «мен яқинда баҳор келишига ишонаман»; «мен ўз ишимнинг муваффақиятига ишонаман» ва ҳ.к. ва ш.к. Эътиқод – бу инсоннинг ишончи. Билим бизга аниқ-равшан кўриниб турадиган нарсаларни кашф этиш имконини берса, эътиқод, ишонч инсонга ҳозирча кўринмайдиган сирли нарсаларни аниқлашга ёрдам беради. Шу тариқа эътиқод билиш жараёнида фаол иштирок этади ва унинг муҳим унсури ҳисобланади. Бироқ, шу билан бир вақтда, замирида ақлнинг сўқирлиги, мутаассиблик ва инсоннинг кучсизлиги ётувчи сохта эътиқод ҳам мавжудлигини қайд этиб ўтиш лозим.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, инсон куч-қудратининг рамзи саналган оқилона эътиқод мавжуд бўлиб, у одамзотнинг эмотсионал ва интеллектуал фаоллигига имконият яратади, билиш йўлида изланишга рағбатлантиради. Барча олимларнинг илмий фаолияти замирида инсон тафаккурига қаттиқ ишонч ётади, акс ҳолда улар ўз кашфиётларини ярата олмайдилар. Шу маънода оқилона эътиқод гўё зулматдаги нур, ҳақиқат ва тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Оқилона эътиқод билим йўлини машъал каби ёритади, ижодга имконият яратади, бу йўлда инсонга ишонч ва куч бахш этади. Эътиқоднинг йўқлиги эса, аксинча, скептитсизм, бўшлиқда мавжудлик ва билишнинг самарасизлиги туйғусини уйғотади. Шундай қилиб, фикр, эътиқод ва билим ҳақиқат сари юксалишнинг зарур босқичлари, инсон маънавий тажрибасининг муҳим шакллари ҳисобланади.
Хўш, билишнинг ўзи нима? Унинг моҳияти нимада?
Аввало, билиш – инсон акс эттириш фаолиятининг алоҳида тури. У «инсон – меҳнат воситалари – табиат» тизими доирасида инсоннинг нарсалар моҳияти, масалан, магнетизм табиати, ҳаёт мазмуни ва ҳоказолар яшириниб ётган дунёнинг «қобиғи»ни очишга йўналади. У дунёнинг сирларини очади.
Билиш – инсон қўлга киритадиган ахборотнинг энг олий даражаси. Бу ахборотни у билиш муаммолари ва вазифаларини қўйиш ва ечиш йўли билан, изчил англаб етади. Ахборот миянинг мвҳумлаштирувчи фаолияти ёрдамида белги шаклини (2 2 4) касб этадики, бу унга ишлов бериш, сақлаш ва кейинчалик ундан фойдаланиш учун қулайдир.
Билиш инсон изчил ва ижодий фаолиятининг ижтимоий жараёни бўлиб, унда ташқи дунёнинг идеал образлари юзага келади ва билиш мақсади бўлган билим шаклланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |