Термореактив полимерлар асосидаги поллар йиғма ва монолит кўринишда бўлади. Полларни қалинлигига қараб полимер композициялар қоришма ва бетон ҳолатида бўлиши мумкин.
Полимер боғловчи сифатида фенол-формалдегид, карбамид-формалдегид, фуран, эпоксид, полиэфир смолалари ишлатилади. Қоришма ва бетон таркибига тўлдиргичлар, қотиргичлар, пластификатор ва модификаторлар киритилади. Қоришма ва бетон тайёрлаш учун таркибига кукун тўлдиргич ва мутаносиб равишда майда ва йирик тўлдиргичлар қўшилади.
Полимер қоришма ва бетон поллар 20-50 мм қалинликда монолит ҳолда қуйилади. Улар аввалдан яхшилаб зичлаштирилган асос устига қуйилади, зичлаштирилади ва юза қисми текисланади.
Ушбу полимерқоришма ва полимербетон композициялар асосида 300х300 мм, 500х500 мм (ҳатто 1000х1000 мм) ўлчамларда ва қалинлиги 20-50 мм (100мм) ли плиталар ишлаб чиқарилади. Бундай плиталар кимёвий муҳитларга чидамли бўлиши билан бирга катта юк ва зўриқишларга ҳам бардошли бўлади. Плиткаларнинг томон ўлчамлари 500 мм ва ундан юқори бўлса, улар арматура тўри ёки дисперс толасимон арматураловчи материаллар билан кучайтирилиши мумкин.
Полимерқоришма ва полимербетон монолит ва йиғма поллар (плиталар) асосан саноат биноларида ишлатилади. Улар асосида кислота, ишқор, минерал ўғитлар, мойлар, органик маҳсулотлар, биологик моддалар ишлаб чиқарадиган кимё саноатида, омборхоналарда ва агрессив шароит кузатиладиган бошқа жойларда (молхоналар, гербецид ва пестецид сақланадиган хоналар, силос сақлагичлар ва бошқ.) ишлатилади.
Чоксиз полимер поллар поливинилацетат, полимерцемент ва полимер композиция асосида бўлиб, асосга битта ёки бир нечта мастикали таркибларни қоплаб олинади.
Мастикалар боғловчи, кукун тўлдиргич, пигмент ва хусусий холларда қотиргичлар, пластификаторлар, стабилизаторлар қўшиб тайёрланади. Чоксиз полимерли поллар олишда асос яхшилаб текисланган бўлиши шарт.
Поливинилацетат поллар боғловчи таркибига кукун тўлдиргич (кварц кукуни, куллар ва ш.к.) пигмент ва суюлтириш учун сув қўшилиб махсус қоргичда 4-5 мин яхшилаб аралаштирилади. Олинган мастика асосга пуркагич воситасида 2-3 қатлам сепилади. Бунда кейинги қатлам аввалги қатлам қуригач сепилиши керак. Улар жамоат бинолари, енгил ва озиқ-овқат саноати хоналари полларини қоплашда ишлатилади. Поливинилацетат поллар гигиена талабларига жавоб беради, лекин намли шароитда ва зарбий таъсирлар кузатиладиган жойларда ишлатиш мумкин эмас.
Полимерцементли поллар портландцемент ва ишқорий шароитда қотадиган полимерлар асосида олинади. Полимер боғловчи сифатида поливинилацетат эмулсияси, ацетон-формалдегид смоласи ва унинг сополимерлари, СГС-65 ГП дисперсияси ва бошқалар ишлатилиши мумкин. Одатда полимер мастикага массасига кўра 5-7% цемент қўшилади. Улар мустаҳкам, едирилишга чидамли, сув ўтказмайди ва гигиена талабларини қондиради. Поллар жамоат ва саноат биноларида интенсив ҳаракат кузатиладиган жойларда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |