Қоплама полистирол плиткалар квадрат ёки тўғри тўртбурчак шаклидаги ясси ва орқа томони тарам-тарам бўлган юпқа материалдир. Композиция таркибида полистирол боғловчидан ташқари кукун тўлдиргич (талк, каолин ва бошқ.), пигмент ва зарурат бўлса, модификацияловчи қўшимчалар бўлади. Плиткалар тўла автоматлаштирилган машиналарда қуйма усулда тайёрланади. Плитка қалинлиги 1,25-1,5 мм, 1 м3 плитка массаси 1,5-1,7 кг. Асосга плиткалар полимерли ёки каучукли мастикалар билан елимланади.
Плиткалар гигиена талабларига жавоб беради, сувга ва кимёвий муҳитларга чидамли,турли рангларда бўлади. Улар санитария хоналари, савдо-сотиқ бинолари ва ш.к.ларнинг деворларини қоплашда ишлатилади. Плиткаларнинг асосий камчилиги ёнувчанлиги бўлиб, олов марказига яқин жойларда ишлатишга рухсат берилмайди.
Органик шиша (полиметилметакрилат) шаффоф, мустаҳкам, ёруғликка чидамли енгил конструкцион полимер материал.
Органик шиша узунлиги 1350 мм гача, эни 1250 мм гача ва қалинлиги 2-2,3 мм листлар сифатида ишлаб чиқарилади. У шаффоф тўсиқлар, пардеворлар, жамоат ва саноат биноларининг устки ёруғлик фонарлари қурилишида ишлатилади.
Полимербетонлар композицион материал бўлиб, полимер боғловчи, кукун, майда ва йирик тўлдиргичлар, қотурувчи ва турли модификаторлар аралашмаси қотишидан ҳосил бўлади.
Боғловчи сифати асосан термореактив полимерлар- фенолформалдегидлар, эпоксидлар, полиэфирлар, фуранлар, карбамид-формалдегидлар ишлатилади. Термопластлардан метилметакрилатлар, стирол полимери ва бошқалар полимербетонлар учун боғловчи сифатида қўлланилиши мумкин. Тўлдиргичлар полимербетонларнинг ишлатилиш муҳитига қараб танланади. Полимербетон кислотали муҳитда ишлатилиши мўлжалланган бўлса кислотага чидамли тўлдиргичлар-кварц, базалт, гранит қуми ва кварцит чақиқ тоши, кислотага чидамли ғиштнинг майдаси ва ш.к. ишлатилади. Аксинча, ишқорий муҳитда қотадиган ацетон-формалдегид полимери ва эпоксид смоласи таркибига калцит, доломит ва бошқа ишқорий тошлар асосида олинган тўлдиргичларни киритиш мумкин. Полимербетонлар оптимал структураси ҳосил бўлишида кукун тўлдиргичларнинг таркиби, хоссалари катта аҳамиятга эга. Кукун тўлдиргич сифатида андезит, диабаз, кварц, кокс, шамот, антрацит, маршалит, шлак, куллар, фосфогипс ва бошқалар ишлатилади.
Фенол-формалдегид, карбамид-формалдегид смолалари асосидаги полимербетонлар таннархи арзон ва кенг тарқалган. Бу полимербетонлар кислотали қотирувчи иштирокида хона ҳароратида қотади.
Фуран полимерлари ва уларнинг эпоксид, фенол-формалдегид ва бошқа полимерлар билан аралашмалари юқори концентрациядаги кислоталарга чидамли полимербетонлар олишда боғловчилар сифатида ишлатилади. Фуранли полимерлар бензолсулфокислота, Петров контакти каби кучли кислоталар муҳитида қотади.
Эпоксид смолалари асосидаги полимербетонлар юқори мустаҳкамлик, кимёвий муҳитларга универсал чидамлилик хусусиятларига эга.
Полимербетонлар таркибини танлаш мураккаб бўлиб, кўплаб ўтказилган тажрибалар асосида келтириб чиқарилган эмперик формулалар ёрдамида амалга оширилади. Полимербетон учун боғловчи сарфи 100-240 кг/м3 атрофида бўлиб, полимер-кукун тўлдиргич нисбати 1:2-1:4 орасида бўлади. Полимербетон қотишини тезлаштириш учун 40-900С ҳароратда 6-24 соат давомида ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Карбамид-формалдегид сингари кучсиз кислоталар ва нордон тузлар таъсирида тезликда қотадиган полимерлар асосидаги полимербетонларни хона ҳароратида қотириш мумкин.
Полимербетонларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 60-130 МПа, чўзилишдаги мустаҳкамлиги 6-22 МПа, эгилишдаги мустаҳкамлиги 15-42 МПа бўлади. Уларнинг совуққа чидамлилиги /200-/500 ва ундан кўп бўлиши мумкин; иссиққа бардошлилиги 100-2000С.
Полимербетонларнинг мўртлигини янада камайтириш учун пластификаторлар, қотаётганда ички зўриқишини пасайтириш мақсадида галоген ва сулфат тузлари киритиш мумкин. Полимербетонларнинг чўзилишдаги мустаҳкамлигини ошириш учун, ёриқлар ҳосил бўлишиги бардошли бўлиши учун таркибига асбест, шиша толаси, базалт толаси, бошқа синтетик толалар киритилади.
Полимербетонлар камчилигига юклама таъсирида вақт бўйича деформацияланиш кўрсаткичининг юқорилиги, иссиқлик ва намликнинг алмашиб таъсир этиши натижасида эскириши киради.
Полимербетон ишлаб чиқариш технологияси кўп жихатлари билан (компонентларни ўта аниқ дозировкалаш, уларни аралаштириш ва ш.к.) кимё технологиясига яқин туради. Полимерлар, қотирувчилар, пластификаторлар ва бошқа модификаторлар махсус идишларда сақланиш, дозировкалаш, қоришма тайёрлаш, қолиплаш ва иссиқлик билан қайта ишлаш жараёнида аниқлик ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш талаб этилади. Полимербетон цехи кучли шамоллатиш тизими билан таъминланган бўлиши, ишчилар шахсий ҳимоя воситалари (кўзойнак, махсус кийим, резинали қўлқоп, респиратор ва ҳ.к.) билан таъминланиши зарур.
Полимербетонлар умуман, бошқа композицион материаллар (цементли бетон, асфалтбетон ва бошқ.) бардош бера олмайдиган муҳитларда ишлатилади. Улар асосида кимёвий муҳитларга (кислота, ишқор, тузли ва бошқа муҳитлар) бардошли буюм, қисм ва конструкциялар тайёрланади. Фуранли, фенол-формалдегидли полимербетонлар кислоталар, минерал ўғитлар ишлаб чиқариладиган корхоналарда, эпоксидли, полиэфирли полимербетонлар кислотали ва ишқорли муҳитларда, санитария-техника буюмлари ва қисмлари тайёрлашда ишлатилади.
Полимербетонлар биологик актив муҳитларга (ачитқилар, бактериялар) чидамли бўлгани учун биотехнология корхоналари, мева-сабзавотлар сақланадиган омборхоналар, молхоналар ва бошқа қурилишларда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |