Дипальмитоилфосфатидилхолин — ўпка сурфактантининг асосий таркибий қисми
Сурфактант — ўпка альвеолалари юзасини қопловчи оз миқдорда гидрофоб оқсил ва ҳужайрадан ташқари липид қавати бўлиб, нафас чиқарилганда альвеолалар ёпишишининг олдини олади (14-расм).
14-расм. Дипальмитоилфосфатидилхолиннинг нормал (А) ва
сурфактант етишмовчилигидаги (Б) альвеола холатига таъсири
Сурфактантнинг асосий таркибий қисми — дипальмитоилфосфатидилхолин, сурфактант таркибига кирувчи фосфолипидларнинг 80 %ини ташкил этади. Улардан ташқари сурфактант таркибига гидрофоб оқсиллар киради, уларнинг умумий миқдори 10-20 %дан ортмайди.
II турдаги пневмоцитларда дипальмитоилфосфатидилхолин (лецитин) синтези ҳомиладорликнинг 32-ҳафтасидан бошлаб 36-ҳафтасигача кескин кўпаяди.
Сурфактант меъёрий шаклланишининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, фосфатидилхолин/сфингомиелин нисбатининг > 4 бўлиши ҳисобланади. Амниотик суюқлик таркибини текшириб, бу нисбатни аниқлаш мумкин. Чала туғилган болаларда сурфактантнинг етарли даражада шаклланмаслиги чақалоқлар асосий гуруҳида ўлим сабаби бўлган респиратор дистресс-синдромнинг келиб чиқишига олиб келади. Фосфатидилхолин/сфингомиелин нисбати < 2 бўлиши респиратор дистресс-синдром ривожланишига юқори ҳавф борлигини кўрсатади. Зарур бўлган ҳолатларда ҳомиладорларни кортикостероидлар билан даволаш ҳомила ўпкасида сурфактант синтезини стимуллайди ва респиратор дистресс-синдром ривожланиш ҳавфини камайтиради.
Фосфатидилинозитол ва кардиолипин синтези
Диацилглицерол ўзгаришининг бошқа йўлида фаол бўлган шакл – ЦДФ-диацилглицерол ҳосил бўлиши фосфатидилинозитол ва кардиолипин ҳосил бўлишига олиб келади.
Фосфатидилинозитол фосфорилланиб, фосфатидилинозитол-4,5-бисфосфат ҳосил қилади, бу фосфолипид ҳужайра мембраналарининг ташқи тарафида жойлашиб, ҳужайра ичига гормонал сигнални ўтказишда қатнашади. Кардиолипин асосан митохондриянинг ички мембранасида ва кам миқдорда сурфактант таркибида бўлади.
Глицерофосфолипидлар катаболизми
Ҳужайра мембранасида ёки лизосомаларда жойлашган турли фосфолипазалар глицерофосфолипидлар гидролизини катализлайди. Фосфолипазалар таъсирида баъзи глицерофосфолипидлар гидролизи нафақат катаболизм йўли учун аҳамиятга эга, у биологик фаол моддалар – эйкозаноидлар синтезида оралиқ моддалар ёки ўтмишдошларнинг ҳосил бўлиш йўлидир. Бундан ташқари фосфолипаза А1 ва А2 глицерофосфолипидларда ёғ кислоталар таркибини ўзгартиришда, масалан эмбрионал ривожланиш даврида сурфактант таркибий қисми бўлмиш – дипальмитоилфосфатидилхолин синтезида қатнашадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |