6. ХIII асрнинг иккинчи ярми ва ХIV асрнинг биринчи ярмидаги маданий ҳаёт.
ХIII асрнинг иккинчи ярми - ХIV асрнинг биринчи ярмидаги хўжалик, иқтисодий ҳаётдаги силжишлар, савдо-сотиқнинг ривожланиши, қолаверса Чиғатой мўғулларининг тобора ўтроқ ҳаётга мослаша бориши, босқинчилик вақтида таназзулга юз тутган маданий ҳаётнинг нисбатан жонланишига олиб келди. Аввало шаҳарсозлик билан боғлиқ бинокорлик ва меъморчилик йўлга қўйила бошланди. Маҳаллий диний уламолар ва дунёвий зодагонлар, гоҳида мўғул зодагонларининг баъзилари қурилиш ишларига ҳомийлик қила бошлашди. Меъморчиликда алоҳида ўрин тутган ганчкорлик, ғишт ўймакорлиги, кошинпазлик, меъморий хаттотлик қайта тикланди. Мовароуннаҳр, Хоразмда маҳаллий бинокорлар иштирокида хонақо, мақбара, масжид, мадраса, сарой, миноралар қад кўтара бошлади. Шу даврларда барпо этилган кўпгина меъморий обидалар у ёки бу кўринишда ҳозирги кунларгача етиб келган.
Жумладан, Бухородаги Сайфиддин Боҳарзий мақбарасини биринчилардан барпо этилган меъморий бино сифатида кўриш мумкин. Таниқли бухоролик шайх Сайфиддин Боҳарзий нуфузли диний уламолардан бири бўлиб, у 1258 йили оламдан ўтган эди. Унинг қабри устида тез орада катта мақбара ва ҳонақо барпо этилди. 1333 йили Бухорода бўлган араб сайёҳи ибн Баттута ушбу мақбарага юқори баҳо берган эди. Шунингдек, мана шу даврларда барпо этилган Бухородаги Қусам ибн Аббос мақбараси зиёратхонаси, Хўжа Аҳмад мақбараси, Қўҳна Урганч (Гурганж)даги Нажмиддин Кубро ва Тўрабекхоним мақбараси, масжид ва иккита баланд миноралар (миноранинг ҳозиргача сақланган қисми 62 метрни ташкил этади, минораларнинг биттаси ХХ аср бошларида қулаб тушган), Хўжанддаги Дувахон мақбараси (кейинчалик вайрон бўлган) ва бошқаларни тилга олиб ўтиш мумкин. Қаршидаги бузилиб кетган сарой, Маъсудбек ҳукмронлиги даврида (1238-1289) Бухорода барпо этилган “Маъсудия”, “Хония” мадрасалари ва бошқалар тўғрисида манбаларда маълумот бериб ўтилади.
Мазкур давр бинокорлиги ва меъморчилигида пишиқ ғишт, кошин, парчин, меъморий ўймакор ғиштлар ҳамда ганч ва оҳак, писта кўмир, қумлардан тайёрланган махсус қоришмалар каби қурилиш маҳсулотларидан ҳам биноларни қуришда ҳамда уларни меъморий жиҳатдан безашда кенг фойдаланилади. Ҳашаматли биноларнинг аксарияти эса бир ёки икки гумбазли, тоқу равоқли ва пештоқли бўлган. Нақшинкор ғишт, кошинлар, китоба (лавҳа) билан нақш бериш анъаналари давом эттирилган. Шунингдек нақшларнинг турли-туман, гулдор бўлиши, ўймакор амалий санъат қайта тикланганлигидан ҳам дарак берар эди. Кулолчилик, мисгарлик, заргарликда ҳам нақш билан ишлов бериш ҳолати авж олади.
Шубҳасиз, Чингиз Ўрдаларининг босқини Мовароуннаҳр ва Хуросон илм фан, адабиёт ўчоқларига катта зарба бўлиб тушади. ХIII аср-ХIV аср охирларига қадар мўғуллар қадами етмаган ёхуд уларнинг таъсири кам бўлган Деҳли султонлиги, жанубий Эрон, Кичик Осиё, қисман Сурия ва Мисрда илм-фан, маърифат, адабиёт тараққий эта бошлаган эди. Фақатгина ХIV аср охири- ХV аср бошларига келибгина маърифат, маданият ўчоқлари яна Мовароуннаҳр ва Хуросонга кўчади.
ХIII аср - ХIV асрнинг иккинчи ярмида форс-тожик адабиётида айниқса Жалолиддин Румий (1207-1272), Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (1219-1293), Амир Хусрав Деҳлавийларнинг (1253-1325) ўрни ва мавқеи кўтарилиб, улар жаҳон адабиёти оламига кенг таниладилар. Асли Балх шаҳридан бўлган Румий 14 ёшлигида ўз оиласи билан мўғул босқинидан қочиб Кичик Осиёнинг Кўния султонлигига бориб қолади. Кўния, Ҳалаб, Дамашқда таҳсил олиб, буюк тасаввуф илми шоири ва файласуфи бўлиб танилади. У шеъриятда сўфий-фалсафий жанрни ривожлантириб, ўзининг 36 минг байтдан иборат “Маснавийи-маънавий” деган достонини яратади. Саъдий эса ўзининг “Гулистон” ва “Бўстон” асарлари, ғазаллари, аҳлоқий фикрлари билан кенг шуҳрат қозонади. Унинг асарларида она-Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат ғоялари ҳамиша барқ уриб туради. У ўз асарларида кишиларни ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликка, ҳукмдорларни адолат ва инсофга чақириб, салбий хусусиятларни қоралаб чиқади. Саъдий ўз умрини она шаҳри Шерозда тугатади.
Хусрав Деҳлавий Ҳиндистоннинг шимолига мўғул босқинидан қочиб борган асли Кеш (Шаҳрисабз) лик кишилар хонадонида дунёга келади. У Деҳлида султон саройида яшаб, ўзининг ажойиб “Хамса” достонини, Ҳиндистонда ҳозиргача машҳур “Хизрхон ва Дувалра”ни, “Мифтаҳ ал-футуҳ” (Ғолиблик калити) “Нуҳ сипеҳр” (Фалакнинг тўққиз гумбази) каби асарларни ёзади.
XIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тарихнавислик ҳам ривож топа бошлайди. Бу даврда асли Ғур вилоятидан бўлган Абу Умар Минҳожиддин Жузжонийнинг 1260 йил ёзилган “Табақоти Носирий” (Носирга аталган табақалар), Оловиддин Ота Малик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгўшаий” (Жаҳон фотиҳи тарихи), Файзуллоҳ Рашидиддин Ҳамадонийнинг “Жомэ ат-таворих” (Тарихларнинг жамланиши) Шаҳобиддин ан-Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалолиддин Манкбурни” (султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт фаолияти) каби нодир тарихий асарлари ҳам жаҳон юзини кўрди.
Бу асарлар ўз навбатида мўғуллар истилоси ва ундан кейинги даврни ўрганиш бобида биринчи даражали манбалар ҳисобланади. Бу пайтда шунингдек, ислом, аҳлоқ-одоб ва тақводорлиги асосида туркий тилдаги адабиёт ҳам ривож топа бошлади. Хоразмдаги бу адабиётнинг бир вакили машҳур файласуф шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) ҳисобланади. У нафақат шоир, мутафаккир бўлибгина қолмай, Ҳиндистон, Шероз, Румда ҳам елкаси ерга тегмаган курашчи полвон ҳам эди. Худди шу маънода “Паҳлавон” тахаллуси унга ҳақли равишда берилган. Халқ ичида эса уни яна беҳад саховатли, бағрикенг, адолатли инсон сифатида ҳурмати катта эди. У ғолибликдан тушган мукофотларни етим-есир, ногиронларга ҳадя этар, пўстиндўзлик ҳунаридан келган даромадини атрофидаги камбағаллар билан баҳам кўрар эди. Ўз ёнидан ҳатто XIV аср бошларида мақбара ҳам барпо этади. Унинг мардлиги, тантилиги, ҳақпарварлиги тўғрисида бизнинг кунларимизга қадар турли ҳикоят, ривоятлар ҳам етиб келган. Унинг инсонга хос бўлган ажойиб фазилатларни улуғловчи рубоийлари халқ орасида кенг тарқалган эди. У инсон ақл-заковати, аҳлоқий камолати ва аҳлоқий поклигини қадрлайди.
Туркий тилда ижод қилган яна бир шахс, бу номи бизга ҳали яхши таниш бўлмаган Носириддин Бурҳонуддин Рабғузийдир. У XIII асрнинг охири- XIV аср бошларида яшаб, ижод қилган. Бизгача унинг биргина “Қиссайи Рабғузий” (Қиссасул анбиё) асари етиб келган. Бу асарда муаллиф ўзини “Работ ўғузининг қозиси Бурҳон ўғли Носириддин” деб таништиради. Ушбу асар ислом динини қабул қилган мўғул бекларидан бири бўлмиш Носириддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра ҳижрий 709 (милодий 1309-1310) йилда ёзилган. Ушбу асар 72 қисмдан иборат бўлиб, пайғамбарлар (Довуд, Сулаймон, Муҳаммад) ҳақидаги қиссалар, диний ривоят ва ҳикоятлар, халқ оғзаки ижоди, тарихий асарлар, диний китоблар асосида баён этилган диний-фалсафий, тарихий, аҳлоқий асардир. Ушбу асар халқ орасида, бахши ва оқинлар орасида ҳамиша машҳур бўлиб келган. Асарда баён этилган аҳлоқий фазилатлар, таълим-тарбия, маърифат хусусида фикрлар ҳозирги кунга қадар ўзининг долзарб аҳамиятини йўқотмаган.
Бу пайтга келиб туркий адабиёт ривожи билан бир қаторда, тасаввуф, дин илмларининг ҳам ривожланиши кўзга ташланади. Тасаввуф илмининг машҳур намоёндаси, нақшбандийлик тариқатининг асосчиси Баҳовуддин Нақшбанд (Сайид Муҳаммад ибн Жалолиддин, 1318-1389)-аввало ўз меҳнати билан ҳалол кун кўриш ғоясини ёқлайди. Унинг “Дил ба ёру, даст ба кор” (яъни, дилинг худода бўлсину, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган шиори кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетди. Унинг номи халқ орасида маълум ва машҳур бўлиб кетиб, Бухоро яқинидаги қабри мусулмонлар зиёратгоҳларидан бирига айланиб қолган эди.
Мустақиллик шарофати билан Баҳовуддин Накшбанд сиймосига ҳам муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Республикамиз Президенти И.Каримовнинг ташаббуси билан ўтган буюк зотлар мангу ором топган жойларда, жумладан Баҳовуддин Накшбанд қабрида ҳам ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Ҳозирда ушбу мажмуа муқаддас қадамжой зиёратчилар оёғи аримайдиган зиёратгоҳлар қаторидан жой олган.
Таянч сўзлар
Султон, малик, хос ҳожиб, доруға, қопчур, шулен, ём, ясоқ, босқоқ, суюрғол, нуён, мулк, Кирмон, Синд, Хуросон, Эрон, қипчоқ, қанғли, садр, устоздор, барот.
Do'stlaringiz bilan baham: |