5 – мавзу: Жамият ва инсон фалсафаси.
Мавзу режаси :
Жамият тушунчасининг моҳияти ва ривожланиш босқичлари. Тарихнинг мазмуни, йўналишлари ва концепциялари. Ижтимоий ҳаёт сфералари: иқтисодий, маънавий, ижтимоий ва сиёсий кичик тизимлар. Жамиятнинг сиёсий ҳаётида давлатнинг ўрни ва роли.
Цивилизация тушунчаси ва унинг типлари. Техноген цивилизациянинг устувор йўналишлари. Маданият ва цивилизация мутаносиблиги.
Инсон борлиғининг ўзига хос хусусиятлари. Жамият ривожида тил, онг ва тафаккур имкониятлари. Онгнинг табиати, структураси ва функциялари. Онглилик ва онгсизлик диалектикаси.
Фалсафий антропология ва элитологиянинг уйғунлиги. Ҳаётнинг маъноси ва унда инсоннинг вазифаси. Ҳаётни тарк этиш босқичлари. Суицид, парасуицид, эвтаназия ва унинг шакллари, эсхаталогиянинг моҳияти.
Мавзуга оид таянч тушунча ва атамалар:
Ижтимоий фалсафа, жамият, иқтисодий кичик тизим, ижтимоий ишлаб чиқариш, моддий ишлаб чиқариш, маънавий ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш кучлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулк ва мулкчилик, маънавий соҳа, ижтимоий онг, ижтимоий психология, мафкура, ижтимоий соҳа, ижтимоий жамоа ва гуруҳлар, этник гуруҳ, табақа, синф, ижтимоий институтлар, сиёсий тизим, давлат, партиялар, сиёсат ва сиёсий онг, фуқаролик жамияти, сиёсий эркинлик, демократия, фуқаролик уюшмалари, цивилизация, цивилизация типлари, маданият, тарих, тарих фалсафаси, тарихни билишга монистик ва плюралистик, чизиқли ва циклик (даврий), формацион ва цивилизацион ёндашувлар, тарихий тараққиёт, зарурият ва эркинлик, шахснинг роли, қадрият, акциология, қадриятлар турлари, инсон борлиғи, фалсафий антропология, онг ва билиш, онгнинг табиати, онгнинг структураси ва функциялари, индивидуал онг, ижтимоий онг, онг ва тил, иррационализм, онгсизлик, ҳаётнинг мазмуни, ҳаётни тарк этиш, суицид, парасуицид, эвтаназия, эсхаталогия, инсоннинг вазифаси.
1-савол баёни: Оламнинг моддий бирлиги тамойилига кўра жамият борлиқнинг, объектив реалликнинг кўринишларидан бири, унинг кичик тизимидир. Жамият ҳаёти ва ривожланишининг энг умумий қонунлари тўғрисидаги фалсафий фан соҳаси ижтимоий фалсафадир.
Жамият – кишилар уюшмасининг махсус шакли, кишилар ўртасида амал қиладиган жуда кўплаб муносабатлар йиғиндиси; табиатнинг бир қисми; ижтимоий борлиқ.
Кишилик жамиятини ўрганадиган фан соҳалари кўп. Жамиятнинг иқтисодий ҳаёти иқтисодиёт назарияси, унда кечадиган тарихий жараёнлар тарих, жамиятни бошқариш соҳаси «Давлат ва ҳуқуқ назарияси»нинг тадқиқот объекти бўлиб ҳисобланади. Ижтимоий фалсафа бошқа фанлардан фарқли ўлароқ жамиятни ўз-ўзини ташкилловчи ва бошқарувчи яхлит бир тизим сифатида ўрганади ва бу тизимга хос бўлган қонунларни очишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Фалсафа фанида жамиятни англашнинг асосий тамойиллари қуйидагилар:
Жамият моддий оламнинг, хусусан табиатнинг ўзига хос бир қисми, табиат ва унинг қонунлари ижтимоий ҳаётнинг мавжудлигини таъмин этади, яъни табиат – жамият ҳаётининг зарур шарти, деб ўрганилади;
Жамият – бир бутун, яхлит ижтимоий организм, яхлит тизим сифатида таҳлил қилинади;
Жамият – уни ташкил этувчи кишилар фаолиятининг мажмуидир, жамият ҳаётининг барча томонлари ва уларнинг ривожланиши кишилар ўртасидаги муносабатлар билан тақозолангандир. Шунга кўра ижтимоий ҳаётнинг моҳиятини кишилар амалий фаолиятининг таҳлили асосида билиш мумкин.
Жамият тўғрисидаги социологик фикр тарихида унга турлича таърифлар берилган. Бу тушунчани қуйидагича таърифлаш мумкин: Жамият – мураккаб бир бутун ижтимоий организм (тизим) бўлиб, кишилар фаолияти жараёнида улар ўртасида амал қиладиган ахлоқий, диний, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, мафкуравий ва ҳоказо муносабатларнинг, тарихан таркиб топган оила, дин, давлат, ахлоқ, сиёсат, ҳуқуқ ва шу каби ижтимоий институтларнинг мажмуидир.(Қаранг: Фалсафа: қомусий луғат.- Т.: Шарқ, 2004, 124-бет).
Ҳозирги замон антропология ва этнография фанлари нуқтаи-назаридан одам бундан тахминан 5 миллион йиллар муқаддам шу Ер деб аталган Қуёш системаси таркибидаги сайёра – Она табиат ҳаракати натижасида тирик мавжудотлар ичида бир тур сифатида вужудга келган. Одам мия тузилишининг ҳайвонларникидан сифат жиҳатидан фарқ қилиши ва онгли меҳнат туфайли аста-секин физиологик ва интеллектуал (ақлий) жиҳатдан такомиллашиб бориб, бундан қариийб 50-40 минг йиллар бурун Кроманьон типидаги одам жамият бўлиб яшашга ўтган. Одамзотнинг жамият бўлиб яшаши учун маънавий маданият керак эди. Ана шу эҳтиёжлар сабабли илгариги одам типлари (австралопитек, питекантроп, синантроп, неандерталь)даги инстинктлар ўрнини аҳлоқ нормалари эгаллаб борди. Натижада дунёнинг турли минтақаларида вужудга келган одамлар жамоасида рухсат ва таъқиқ тизими шаклланди. Ибтидоий жамият одамлари мифологик дунёқараш асосида шаклланган. Дастлаб улар сеҳрли кучлар борлигига ишонганлар, улардан нажот тилаб яшаш тарзига ўтганлар. Диний дунёқарашнинг шаклланиши туфайли рухсат ва таъқиқлар ўрнига савоб ва гуноҳ ҳақидаги тушунчалар таркиб топди; одамзотнинг кейинги уч минг йиллик маънавий маданияти ана шу қарашлар доирасида такомиллашиб борди. Давлатнинг демократик шакллари юзага келгач, жамият маънавияти қонун устиворлиги руҳида шаклланиб борди.
Do'stlaringiz bilan baham: |