Чўкинди тоғ жинслари
Бир қисм сочилувчан жинслар сув ёки шамол таъсирида дарё, денгиз ёки кўллар остига тушиб, асрлар мобайнида иккиламчи ёки чўкинди жинсларга айланади. Майда жинсларнинг бир қисми сувда эрийди, қолганлари эса геологик қатламлар ҳосил қилиб сув остига чўкади. Эриган жинслар ўта тўйинган эритмалар ҳосил қилади ва кимёвий чўкиндилар пайдо бўлади. Қатламлар босими остида ҳамда табиий цементларнинг ўзаро бирикиши натижасида чўкиндилардан мустаҳкам ва зич цементланган жинслар ҳосил бўлади. Чўкинди жинсларнинг ғовакларини тўла тўйинган эритмалардаги (СаСО3, СаSО4, темир оксиди) моддалар тўлғизиб, ундаги майда доналарни ўзаро бириктиради ёки бошқа сўз билан айтганда, табиий цемент вазифасини бажаради.
Табиатдаги кўпгина минерал қатламлар ҳайвонот ва ўсимлик қолдикларининг ўзаро бирикишидан ҳосил бўлган. Бундай жинслар органогенлар деб аталади.
Қурилишда қўлланиладиган чўкинди жинсларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин.
Майдаланган жинслар – лой, қум, шағал, харсангтош, майда тош ва цементланиб қолган жинслар - конгломератлар, брекчийлар, қумтошлар.
Кимёвий чўкиндилар - гипс, ангидрид, оҳактошнинг айрим хиллари, доломит, магнезит, оҳак туфи, мергель.
Органоген қатламлар – чиғаноқ, оҳактош, бўр, трепел, диатомит, углеродли жинслар (торф, нефт, озокерит).
Қурилиш саноатида ишлатиладиган табиий тош ашёларининг катта бир гуруҳи - чўкинди жинслар ғовакли ва зич буюмлар тайёрлашда хом ашё сифатида муҳим аҳамиятга эга.
Алюмосиликатлар чўкинди жинслар таркибида кўп бўлади. Улар асосан табиатда каолин (Аl2О33SO22Н2О) ва бошқа тоғ жинсларининг емирилиши натижасида вужудга келган минералдир. Тупроқнинг таркиби асосан каолинитдан иборат. Унинг солиштирма оғирлиги 2,5–2,6, қаттиклиги 1–2. Алюмосиликатлар чўкинди жинслардан оҳактош, доломит, мергел, қумтош ва бошқа жинслар таркибида ҳам учрайди. Бу чўкинди жинслар таркибини асосан карбонат тузлари ташкил этади. Айниқса, кўп тарқалган кальций ёки оҳак шпати деб аталувчи кальций карбонати (СаСО3) ва магний карбонат (МgСО3) тузлар гуруҳига киради.
Чўкинди жинслардан гипс ва ангидрид (СаSО42Н2ОСаSО4) асосан сульфатлардан иборат.
Ер юзида чўкинди тоғ жинсларидан энг кўп учрайдигани кремнезем гуруҳига кирувчи опал, халцедон ва чўкинди кварцлардир.
Опал (SiO22Н2О) таркибида 2 дан 14 %гача сув бўлган аморф (кристалланмаган) минералдир. У рангсиз ёки хира оқ. Унда аралашмалар кўп бўлса, сариқ, кўк, қора рангларда бўлиши мумкин. Зичлиги 1900–2500 кг/м3, қаттиқлиги 5–6, мўрт.
Халцедон (SiO2) толали, яширин кристалли кварцдир. Табиатда оқ, кулранг, ялтироқ, сариқ, қўнғир ва кўк рангларда учрайди. Зичлиги 2600 кг/м3, қаттиқпиги 6. Халцедон опал минералининг кристалланиши ҳамда тўйинган қуйқалар чўкиндисидан ҳосил бўлади.
Чўкинди кварц (SiO2) – чўкинди тоғ жинслари таркибида кварц бўлган ёки опал билан халцедоннинг қайта кристалланишидан ҳосил бўлган минерал. У кўпинча кремнеземли тоғ жинслари таркибида дарз ва ёриқларни тўлғизган ҳолатда учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |