Амалиёт – одамларнинг тарихан шаклланган эҳтиёжларини қондириш учун у ёки бу объектни ўзгартириш мақсадида унга таъсир кўрсатиш фаолиятидир. Билишга нисбатан амалиёт уч хил вазифани бажаради. Биринчидан, у билишнинг манбаи, ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади, билишга умумлаштириш ва назарий ўрганиш учун зарурий материал беради. Шу тариқа амалиёт билишни озиқлантиради, у реал ҳаётдан узоқлашишга йўл қўймайди. Иккинчидан, амалиёт билимларни татбиқ этиш соҳасидир. Шу маънода у билишнинг мақсадидир. Учинчидан, амалиёт билиш натижаларининг ҳақиқийлигини текшириш мезони. Билишнинг амалиёт синовидан ўтган натижаларигина амалда объектив аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, амалиёт – барча босқичларда билишнинг шаклланиш ва ривожланиш негизи, билим манбаи, билиш жараёни натижаларининг ҳақиқийлиги мезондир. Тажриба тушунчаси ҳар хил маънога эга: тажриба (эмпирия) мавҳум фикр юритишга қарши қўйилади ва шу маънода у кузатиш ва экспериментни тушуниш ҳисобланади. Ҳаёт тажрибаси, машина ҳайдаш, маърузалар ўқиш ва шу кабилар маъносидаги билим ва кўникмалар даражаси ҳам тажриба деб аталади.
Ўз-ўзидан равшанки, инсон борлиқни ёлғиз ўзи тушуниб етмайди: ҳақиқатни билиш тажрибага асосланади, деганда, илдизлари ўтмишга, асрларнинг йиғма ва жамланиб борадиган тажрибасига бориб тақалувчи ворисий ахборот назарда тутилади. Индивидуал тажриба, агар у мавжуд бўлган тақдирда ҳам, ҳақиқатни англаш учун мутлақо етарли бўлмайди.
Амалиёт фалсафаси. Инсон – фаол мавжудот. Юнонча «практикос» сўзи фаол деган маънони англатади. Шунингдек амалиёт инсоннинг фаолиятидир.
Инсон фаолияти сифатида амал қиладиган ҳамма нарса амалиётдир. Тил, маданият ва унинг кўп сонли таркибий қисмлари амалиёт турларидир. Кўпинча амалиёт деганда моддий амалиёт, яъни воситаси ва маҳсули сифатида предметли моддий дунё амал қиладиган фаолият тушунилади. Бироқ моддий амалиёт ҳам амалиёт турларидан бири, холос.
Антик жамиятда жисмоний меҳнатни бажариш қуллар вазифаси ҳисобланган. Ҳатто санъатга ҳам паст назар билан қаралган. Доно одамнинг мушоҳада қилиши фаолиятнинг энг олий шакли сифатида тан олинган. Борлиққа нисбатан бундай ёндашув амалиёт муаммосини инсон ақли соҳасига кўчирган. Амалиёт ҳақидаги таълимот (праксиология) ахлоқ, яхши хулқ ҳақидаги таълимот сифатида амал қилади. Ахлоқни ўрганиш антик фалсафага ҳам, қадимги ҳинд фалсафасига ҳам хос. Амалиётни ахлоқий тушуниш анъанаси бутун жаҳон фалсафаси орқали ўтади. Қадимги манбалардан бири “Авесто”да амалиёт инсон моддий ва маънавий ҳаётини яхшилашга интилишида намоён бўлади. Жумладан, меҳнат қилиб, бойлик яратиб, ташландиқ жойларга ишлов бериб, суғориб обод қилган сут, гўшт, дон етиштириб, фаровонликни таъминлаган деҳқонлар, чорвадорлар, боғбонлар овчилар, ҳунармандлар улуғланган. Асарда“Кимки ҳам чап қўли ва ҳам ўнг қўли билан ерга ишлов берса, у ерга фойда келтиради” деб таъкидланади.
Шундай қилиб, амалиёт турли фалсафий йўналишларда ҳар хил талқин қилинади. Амалиёт категорияси кенг ва тор маънода ё инсоннинг ҳар қандай фаолияти, ё унинг фақат моддий фаолияти сифатида тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |