Тамойиллар деганда, асосий назарий билим, илмий далилларни тушунтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилувчи раҳбар ғоялар тушунилади. Тамойиллар сифатида, жумладан, исботлаб бўлмайдиган ва исбот талаб қилмайдиган аксиомалар, постулатлар амал қилиши мумкин.
Категориялар – борлиқнинг энг муҳим томонлари, хоссалари ва муносабатларини акс эттирувчи умумий тушунчалардир. Фан категорияларига ҳам шундай таъриф бериш мумкин. Бироқ, умумий хусусиятга эга бўлган фалсафий категориялардан фарқли ўлароқ, фан категориялари бутун борлиқнинг эмас, балки борлиқнинг муайян парчаси хоссаларини акс эттиради.
Фан қонунлари ҳодисалар ўртасидаги зарур, муҳим, барқарор, такрорланувчи муносабатларни ёритади. Бу ҳодисаларнинг амал қилиши ва ривожланиши қонунлари бўлиши мумкин. Табиат, жамият ва инсон тафаккури қонунларини билиш – фаннинг муҳим вазифаси. У ўрганилаётган ҳодисаларнинг тушунчалар ва категорияларда қайд этиладиган умумий ва муҳим томонларини ёритишдан уларнинг барқарор, такрорланувчи, муҳим ва зарур алоқаларини аниқлашга қадар бўлган йўлни босиб ўтади. Фан қонунлари ва категориялари тизими унинг парадигмасини ташкил этади.
Парадигма – фан тарихининг муайян даврида унинг ривожланишини белгиловчи барқарор тамойиллар, умумий меъёрлар, қонунлар, назариялар ва методлар мажмуи. У бутун илмий ҳамжамият томонидан фаннинг мазкур даражасида юзага келувчи вазифаларни қўйиш ва ечиш усулларини белгилайдиган андоза сифатида тан олинади. Парадигма тадқиқотчилик фаолияти, илмий экспериментларнинг натижаларини талқин қилишга йўл кўрсатади, янги далиллар ва назарияларнинг башорат қилинишини таъминлайди. У ўзига мос келмайдиган концепцияларни инкор этади ва тадқиқотчилик вазифаларини ечиш учун андоза бўлиб хизмат қилади. Парадигма тушунчаси билиш назариясига америкалик файласуф Т.Кун томонидан киритилган.
Интуиция ва ижод. Янги билимни эгаллашда мантиқий тафаккур, унинг тушунчаси, қонунлари, тушунчаларнинг шаклланиш усуллари ва йўллари катта аҳамиятга эга. Лекин билиш фаолияти тажрибаси шундан далолат берадики, кўп ҳолларда илмий муаммоларни ҳал қилишда оддий мантиқнинг имкониятлари камлик қилади. Янги ахборотнинг ҳосил бўлиш жараёнини тафаккурни индуктив ва дедуктив тушунишга тенглаштириб бўлмайди. Бу жараёнда билишга янги куч, имкон ва ҳаракат йўналиши берувчи интуиция муҳим ўрин эгаллайди.
Инсоннинг бундай қобилияти борлигини кўплаб олимлар эътироф этишади. Масалан, Луи де Бройль таъкидлайдики, “интуиция бизга қандайдир ички англашни тўсатдан очиб, мураккаб, ҳеч қандай умумийликка эга булмаган реалликнинг сермаънолигини аниқлашга ёрдам беради. Улар органик равишда инсон ақлига хос бўлган имкониятлар бўлиб, фаннинг пайдо бўлишида муҳим роль ўйиаган ва бугунги кунда ҳам шундай роль ўйнамокда». Ана шу туфайли илмий ютуқларга эришилмоқда. Мана шунинг учун инсон ақли, пировард натижада, инсонга нисбатан яхшироқ ҳисоблаётган ва таснифлаётган, бироқ тасаввур ҳам, башорат ҳам қилишга қодир бўлмаган барча машиналар устидан ҳукмронлик ўрнатишга қодир.
Интуицияни экспериментал ўрганиш мумкин ва уни эксперимент ёрдамида ўрганишга бағишланган ишлар орасида Ж. Олтон, К. Факуаруи асарларини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Интуициянинг умумийлиги ва кенг тарқалганлигини олиб борилган кўплаб кузатишлар тасдиқлаши мумкин. Кутилмагаи вазиятларда, ахборотлар чекланган шароитда тез қарор қабул қилиш зарур бўлганда, ўз қарорини «олдиндан сезгандай», айнан шундай қилиш лозимдек, қабул қиладиган ҳолатлар инсон хаётида кўп учрайди.
Инсоният тарихида олимлар, конструктор ва рассомлар ўз соҳасида «илҳом келиб қолгани» туфайли ёки «тўсатдан эсга тушиб қолиш» оқибатида янги кашфиётларга эришилганлиги билан боғлиқ мисоллар кўплаб учрайди.
Америкалик математик Леонардо Юджин Диксон ажойиб бир ҳодисани бевосита кузатган: мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онаси ва онасининг синглиси геометриядан бир вазифани ечиш учун бир кечани бедор ўтказишган. Тунда онасининг тушига масала кирган, у масалани баланд ва аниқ овоз билан еча бошлаган. Унинг синглиси эса буни эшитиб қолиб, дарров ёзиб ола бошлаган. Эртасига эрталаб холасининг қўлида масаланинг Диксоннинг онасига номаълум бўлган ечими турган. Бу мисол «математик туш» деб аталувчи англанмаган ҳодиса билан бирга инсон руҳиятининг онгсизлик даражасида содир бўладиган ҳодисани изоҳлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |