Муаммоли вазият ва унинг аҳамияти. Мавжуд фаолият стратегиялари ва ўтмиш тажрибаси инсонга юзага келган қийинчиликни бартараф этиш имконини бермайдиган, мутлақо янги стратегияни яратиш талаб этиладиган вазият одатда муаммоли вазият деб аталади. Муаммоли вазият аниқланган далилларни мавжуд билим доирасида тушунтириш мумкин эмаслигини ифодаловчи вазиятдир. Илмий кашфиёт сари йўл муаммоли вазиятни аниқлашдан бошланади, уни таърифлашдан ўтади ва бу вазиятнинг ечимини топиш билан якунланади.
Гипотеза – янги далилларнинг моҳиятини тушунтирувчи қонун мавжудлиги ҳақидаги асосли тахминдир. Гипотеза олимлар томонидан илмий муаммонинг қўйилишига сабаб бўлган илмий далилларни тахминий тушунтириш мақсадида илгари сурилади. Гипотеза текшириладиган бўлиши лозим, у эмпирик текшириш имконини берувчи оқибатларга олиб келади. Агар бундай текширишнинг иложи бўлмаса, гипотеза илмий жиҳатдан асоссиз ҳисобланади.
Гипотеза қай даражада асосли бўлмасин, у назарияга айланмайди. Шу сабабли илмий билишнинг навбатдаги босқичи – гипотезанинг ҳақиқийлигини асослаш серқирра жараён бўлиб, мазкур гипотезадан келиб чиқадиган оқибатларнинг мумкин қадар кўпроғи ўз тасдиғини топиши лозимлигини назарда тутади. Шу мақсадда кузатиш ва экспериментлар ўтказилади, олинган янги далиллар гипотезадан келиб чиқадиган оқибатлар билан таққосланади. Эмпирик даражада қанча кўп оқибатлар ўз тасдиғини топган бўлса, уларнинг бошқа гипотезадан келиб чиқиш эҳтимоли шунча кам бўлади. Гипотезанинг энг ишонарли тасдиғи – эмпирик тадқиқот жараёнида гипотезада башорат қилинган оқибатларни тасдиқловчи янги илмий далилларнинг аниқланишидир. Шундай қилиб, ҳар томонлама текширилган ва амалда ўз тасдиғини топган гипотеза назарияга айланади.
Назария – ҳодисаларнинг муайян туркуми, бу туркумдаги ҳодисаларнинг моҳияти ва уларга нисбатан амал қиладиган борлиқ қонунлари ҳақидаги билимларнинг мантиқий асосланган ва амалиёт синовидан ўтган тизимидир. Назария таркибига унинг асослари сифатида мавжуд бўлган ва юзага келишини белгилаган барча элементлар киради. Дастлабки назарий негиз, яъни жамулжам ҳолда тадқиқот объекти ҳақида умумий тасаввурни, объектнинг идеал моделини ташкил этувчи кўп сонли тамойиллар, аксиомалар, қонунлар назариянинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Назарий модель айни вақтда асосий назарий тамойиллар тизимига таянувчи келгуси тадқиқотлар дастури ҳамдир.
Назария тушунтириш, башорат қилиш, амалда синаш ва синтез қилиш каби муҳим функцияларни бажаради. Назария илмий далиллар тизимини тартибга солади, уларни ўз таркибига киритади ва ўзини ташкил этувчи қонунлар ва тамойиллардан оқибатлар сифатида янги далилларни яратади. Пухта ишлаб чиқилган назария фанга маълум бўлмаган ҳодисалар ва хоссаларни башорат қилиш имкониятига эга бўлади. Назария одамлар амалий фаолиятининг негизи бўлиб хизмат қилади, уларга табиий ва ижтимоий ҳодисалар дунёсида йўл кўрсатади.
Назарияда илмий ғоялар, яъни унда акс эттирилган объектлар туркуми доирасида амал қилувчи фундаментал қонуниятлар ҳақидаги билимлар марказий ўринни эгаллайди. Илмий ғоя мазкур назарияни ташкил этувчи қонунлар, тамойиллар ва тушунчаларни мантиқан изчил яхлит тизимга бирлаштиради. Ўз шаклланиш жараёнида назария мавжуд тамойиллар, категориялар ва қонунлар тизимига таянади ва янги тамойиллар, категориялар ва қонунларни кашф этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |