МУАММОЛИ САВОЛЛАР
1. Ҳадя шартномасининг тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари.
2. Ҳадя шартномаси тарафлари.
3. Ҳадя шартномаси бўйича ҳуқуқий ворислик.
4. Ҳадя шартномасини бекор бўлиши.
5. Хайр-эҳсон.
6. Хайр-эҳсоннинг бекор бўлиши
32-БОБ. РЕНТА ШАРТНОМАСИ
1-§. Рента шартномаси тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари
Фуқаролик кодексининг 512-моддасида рента шартномасига қуйидагича таъриф берилган. Рента шартномасига мувофиқ, бир тараф (рента олувчи) кўчмас ёки кўчар мол-мулкни бошқа тарафга (рента тўловчига) мулк қилиб беради, рента тўловчи эса олинган мол-мулк ўрнига рента олувчига вақти-вақти билан белгиланган пул суммаси ёки уни таъминлаш учун бошқа шаклда маблағ бериш тарзида рента тўлаш мажбуриятини олади.
“Рента” сўзи Fapб мамлакатларида (Германия, Франция, Англия) алоҳида даромад келтириш деган маънони англатади. Бунда рента олувчи рента тўловчи фойдаланиш учун берган ери учун олинадиган ҳақ назарда тутилади.
Шартнома берилган таъриф мазмунидан келиб чиқиб, унга қуйидаги ҳуқуқий белгилар хослигини кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, шартнома реал характерга эга, чунки унга мувофиқ рента тўловчига мулк ўтказилган пайтдан бошлаб тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади.
Иккинчидан, рента шартномаси ҳақ бараварига тузилиши мумкин.
Учинчидан, рента шартномаси бир томонлама шартномалар туркумига киради. Яъни, рента олувчида фақат рента тўловини ўз вақтида тўлашни ва мол-мулкдан оқилона доирада фойдаланишни талаб қилиш ҳуқуқи, рента тўловчида рента тўловларини ўз вақтида тўлаб бориш мажбурияти мавжуд бўлади.
Қонунда рента шартномаси шаклига жиддий эътибор берилган. Рента шартномаси нотариал тасдиқланиши, кўчмас мол-мулкни рента тўлаш шарти билан бошқа шахсга беришни назарда тутадиган шартнома эса бундан ташқари давлат рўйхатидан ҳам ўтказилиши лозимлиги Фуқаролик кодексининг 513-моддасида ўз аксини топган. Фуқаролик кодексида назарда тутилган ушбу норма императив характерга эга бўлиб, тарафлар ушбу қоидага қатъий амал қилишлари шарт. Ушбу қоидага амал қилмаслик шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.
Рента шартномасининг объекти кўчмас ва кўчар мулклар ёки уларнинг мажмуи бўлиши мумкин. Жумладан рента объекти сифатида ер участкаси, корхона, бино, иншоот ва бошқа катта қийматдаги кўчмас ёки оддий кўчар мол-мулклар бўлиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 515-моддасига мувофиқ, рента тўлаш шарти билан берилган ер участкаси, корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулкдан рента олинади. Рента тўловчи бундай мол-мулкни бошқа шахсга берган тақдирда рента шартномаси бўйича унинг мажбуриятлари мол-мулкни олувчига ўтади. Рента олинадиган кўчмас мулкни бошқа шахсга мулк қилиб берган шахс, агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонунда ёки шартномада бу мажбурият бўйича солидар жавобгарлик назарда тутилмаган бўлса, рента олувчининг рента шартномаси бузилгани туфайли келиб чиққан талаблари бўйича бошқа шахс билан субсидиар жавобгар бўлади.
Яъни, рента тўловчи рента шартномаси асосида олган мол-мулкни бошқа шахсга ҳам бериши мумкин. Дастлабки рента тўловчи рента объекти бўлган кўчмас мулкни бошқа шахсга берган тақдирда, рента тўловчининг мажбуриятлари мол-мулкни олувчи янги шахсга ўтади. Бунда янги рента тўловчи биринчи рента тўловчининг барча мажбуриятларини бажариши шарт. Агар рента олувчининг шартнома шартлари бузилиши натижасида келиб чиққан талаблари юзасидан, Фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки тарафлар ўртасидаги шартномада дастлабки рента тўловчи солидар жавобгар бўлиши назарда тутилмаган бўлса, рента олувчи олдида биринчи рента тўловчи субсидиар (қўшимча) жавобгар бўлади.
Рента тўлаш шарти билан ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк берилганида рента олувчи ўз мажбуриятларини бажаришни таъминлаш мақсадида бу мулкка гаров ҳуқуқини олади.
Рента сифатида пул суммаси ёки бошқа кўчар мол-мулкни беришни назарда тутадиган шартноманинг муҳим шарти шуки, унда рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришнинг гаровини тақдим этишга ёки ушбу мажбуриятларни бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик хавфини рента олувчи фойдасига суғурталашга мажбур бўлади (ФКнинг 516-моддаси).
Ушбу моддада рента тўлашни таъминлашнинг қуйидаги усуллари назарда тутилган:
Рента олувчи берилган рента объекти, яъни ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк учун ўз мажбуриятларини бажаришни таъминлаш мақсадида бу мулкка гаров ҳуқуқини олади;
Рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажариш гаровини рента олувчига тақдим этади;
Рента тўловчи ўз мажбуриятларни бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик хавфини рента олувчи фойдасига ёки у кўрсатган бошқа шахс фойдасига суғурталашга мажбур бўлади.
Санаб ўтилган рента тўлашнинг таъминлаш усулларидан биринчиси ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулк рента шартномаси объекти бўлганда қўлланилса, иккинчи ва учинчи усуллари пул суммаси ёки бошқа кўчар мол-мулкни рента сифатида берилганда қўлланилади.
Рента тўловчи Фуқаролик кодексининг 516-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек, рента олувчи жавобгар бўлмайдиган ҳолатларда таъминлаш йўқотилган ёки таъминлаш шароитлари ёмонлашган тақдирда рента олувчи рента шартномасини бекор қилишга ёки шартнома бекор қилиниши туфайли кўрган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Рента тўлаш шарти билан ер участкаси ёки бошқа кўчмас мол-мулк берилганида рента олувчида рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш мақсадида бу мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи вужудга келишини баён қилинган эди. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида” ги қонунининг II бобидаги “Ипотека тўғрисида”ги қоидалар амал қилади.
Одатда рента шартномасига мувофиқ рента тўловчи рентани пул суммаси шаклида ёки бошқа шаклда тўлаши мумкин. Шартнома бўйича тўловлар топширилаётган мулкнинг қийматига монанд равишда кўп ёки озроқ бўлиши ҳам мумкин, чунки бир неча юз миллион сўмлик қийматга эга бўлган мулк билан оддий автомобиль учун тўланаётган рента ўртасида фарқ бўлиши табиий ҳолдир. Рента бўйича топширилаётган мулк учинчи шахслар ҳуқуқларидан озод ҳолда бўлиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 517-моддаси рента тўлашни кечиктирганлик учун жавобгарликни белгиловчи қуйидагича қоидани белгилайди;
Рента тўлашни кечиктирганлик учун рента тўловчи рента олувчига, агар рента шартномасида бошқача фоизлар миқдори назарда тутилган бўлмаса, Фуқаролик Кодексининг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни тўлайди. Бу фоизлар миқдори рента шартномасининг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин. Агар шартномада мазкур фоизлар белгилаб қўйилмаган бўлса, ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар тадбиқ этилади. Бунда тўловни рента тўловчи рента олувчи яшайдиган жойда, рента олувчи юридик шахс бўлганда эса, унинг жойлашган ерида рента тўловларининг тегишли қисми тўланган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади.
Шунингдек, рента олувчи рента тўловчи ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариб келаётгани ва унга нисбатан ҳеч қандай зарарли ҳаракатлар қилмагани ҳолларда шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақли. Лекин бундай ҳолларда фуқаролик қонунчилигининг умумий қоидаларига асосан рента олувчи рента тўловчининг талабига мувофиқ, у томонидан қилинган барча харажатлар (рента тўлови, шартномани тузишдаги харажатлар, шунингдек, кўрсатган хизматлари ва рента объектини сақлаш билан боғлиқ харажатлар) ни тўлашга мажбур бўлади. Бундай харажатларни тўлаш рента объектидан олинган соф даромад ҳисобидан рента тўловчи фойдасига ундирилиши мумкин.
Юқоридаги ҳуқуқий белгилар ва бошқа хусусиятларига қараб рента шартномасини бошқа олди-сотди, ҳадя, мулк ижараси шартномалардан ўхшаш ва фарқли жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |