2-§. ДОИМИЙ РЕНТА
Фуқаролик кодексининг 518-моддасига кўра, доимий рентани фақат фуқаролар ва нотижорат ташкилотлари олишлари мумкин, башарти, бу ҳол қонунга зид келмаса ва уларнинг фаолият мақсадига мос бўлса.
Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, доимий рента шартномаси бўйича рента олувчининг ҳуқуқлари Фуқаролик кодекси 518-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга талабдан воз кечиш йўли билан топширилиши ва ворислик бўйича ёки юридик шахслар қайта ташкил қилинганда бошқа шахсларга ўтиши мумкин.
Кўп ҳолларда рента олувчи рента объекти бўлган мулкнинг эгаси, мулкдори бўлади. Олувчининг субъект ёшига етмаганлиги ёки муомалага лаёкатсизлиги сабабли шартнома уларнинг қонуний вакиллари ёки васий ва ҳомийлари томонидан ҳам тузилиши мумкин. Бундай ҳолларда шартнома бўйича тўловчи мажбуриятларининг бажарилишини ҳам улар назорат қилиб турадилар. Доимий рента учинчи шахслар фойдасига тузилган тақдирда учинчи шахс рента олувчи бўлиб иштирок этади ва унинг розилигисиз шартнома бекор қилиниши ва ўзгартирилиши мумкин эмас.
Доимий рента шартномасининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири рента олувчи ҳукуқларининг талабдан воз кечиш йўли билан бошқа фуқаро ва нотижорат ташкилотига топширилиши мумкинлиги ва ушбу ҳуқуқларнинг ворислик бўйича ёки юридик шахслар қайта ташкил этилганда бошқа шахсга ўтиши мумкинлигидир. Демак, доимий рента шартномаси субъектлар доирасида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Агар рента олувчи фуқаро бўлса, у рента тўловчининг розилигисиз рента олиш ҳуқуқини бошқа шахсга мерос қилиб қолдириш ёки ҳадя қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Нотижорат юридик шахслар ҳам бундай ҳуқуқлардан фойдаланишлари мумкин, лекин рента олиш ҳуқуқининг тижорат ташкилотларига ўтказилишига йўл қўйилмайди. Борди-ю, нотижорат ташкилотлари вақт ўтиши билан тижоратчи ташкилотга айланса ҳам қонун рента олиш ҳуқуқини бермайди. Бундай рента объектини сотиб олиш дастлаб рента тўловчига берилади, акс ҳолда, рента олувчи рента тўловчининг шартнома бўйича барча харажатларни тўлаб, шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, рента олувчида рента олиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Рента тўловчилар сифатида муомалага лаёқатли бўлган барча фуқаролар ва ҳар қандай мулк шаклига асосланган юридик шахслар иштирок этишлари мумкин.
Доимий рента пул билан тўланиб, у рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкка ўхшаш мол-мулкни ижарага беришда қўлланиладиган мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг ўртача ставкаси доирасида шартнома билан белгиланадиган миқдорда, рента тўлаш шарти билан пул суммаси топширилганда эса Фуқаролик кодекснинг 327-моддасида назарда тутилган банк фоизининг тегишли даражада жорий этилган ставкаси доирасида бўлади.
Шартномада рентанинг пул суммасига тенг қийматдаги ашёларни бериш, ишларни бажариш ёки хизмат кўрсатиш йўли билан ҳам рента тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Агар доимий рента шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг тегишли ставкаси ёки банк фоизи ставкаси ўзгарса, тўланадиган рента миқдори ҳам мутаносиб равишда ўзгаради (ФКнинг 519-моддаси).
Фуқаролик кодексининг 520-моддасига кўра, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, доимий рента йилнинг ҳар бир календар чораги тугаши билан тўланади.
Фуқаролик кодексида назарда тутилган қоидада доимий рента йилнинг ҳар бир календарь чораги (ҳар уч ой) тугаши билан тўланиши белгиланган. Аммо бу муддат тарафларнинг келишувига мувофиқ шартномада ўзгача тартибда ҳам бегиланиши мумкин. Доимий рентани тўлаш муддати тарафларнинг келишувига мувофиқ, ҳар ойда ёки йил охирида ёхуд бошида ҳам тўланиши мумкин.
Қонунда рента объекти бўлган ер участкаси, корхона, бино, иншоот ва бошқа объектлардан фойдаланишда рента тўловчига ҳеч қандай чеклашлар йўқ. Лекин рента тўловчи рента предмети бўлган объектдан ижара ёки қарз ҳақидаги умумий қоидаларга амал қилган ҳолда фойдаланиши лозим.
Доимий рентани тўловчи уни сотиб олиш йўли билан бундан буён рента тўлашдан бош тортишга ҳақли. Агар рента тўловчи рента тўлашдан бу тарзда бош тортишини рента тўлашни тўхтатишидан камида уч ой олдин ёки шартномада назарда тутилганидек ундан ҳам аввалроқ ёзма равишда маълум қилган бўлса, бундай бош тортиш ҳақиқий ҳисобланади. Агар шартномада сотиб олишнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, рента тўлаш мажбурияти, рента олувчи сотиб олиш суммасининг ҳаммасини олиб бўлгунга қадар тўхтатилмайди.
Шартноманинг доимий рента тўловчи уни сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиши тўғрисидаги шарти ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Шартномада доимий рентани сотиб олиш ҳуқуқини рента олувчи ҳаётлигида ёки шартнома тузилган пайтдан бошлаб ўттиз йилдан ошмайдиган муддат мобайнида амалга ошириб бўлмаслиги назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 521-моддаси).
ФКнинг 522-моддасида доимий рента олувчи рента объектини рента тўловчидан сотиб олиши мумкин бўлган ҳолатлар баён қилинган:
Рента тўловчи томонидан шартнома шартларига хилоф равишда тўлов муддати бир йилдан ортиқ муддатга кечиктирилган ҳолатда.
Рента тўловчи томонидан рентани тўлаш бўйича мажбуриятлар бузилган ҳолатда.
Рента тўловчи томонидан рента шартномасида белгиланган
миқдор ва муддатларда тўланмаслигини келтириб чиқарадиган вазият вужудга келса ёки рента тўловчи тўловга қодир эмас деб топилса.
Рента тўлаш шарти билан топширилган кўчмас мол-мулк умумий мулкка айланган ёки бир неча шахс ўртасида тақсимланган ҳолатда. Масалан: рента тўлаш шарти билан топширилган уй-жой оила (эр-хотин) мулкига айланса ёки улар ўртасида тақсимланса.
Шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Шартномада рента олувчининг эҳтиёжларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги учун тўловчи юқоридаги ҳолатлар бўйича сотиб олишдан бош тортса, шартнома бир томонлама бекор қилиниши ва мулк рента олувчига қайтарилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 521-522-моддаларида назарда тутилган ҳолларда доимий рента шартномада белгиланган баҳода сотиб олинади.
Рента тўлаш шарти билан мол-мулк ҳақ эвазига топширилган доимий рента шартномасида сотиб олиш бахоси тўғрисида шарт бўлмаганида сотиб олиш йиллик рента тўловлари суммасига мос баҳода амалга оширилади.
Рента тўлаш шарти билан мол-мулк текинга берилган доимий рента шартномасида сотиб олиш бахоси тўғрисида шарт бўлмаганида сотиб олиш бахосига йиллик рента тўловлари суммаси билан бир қаторда топширилган мол-мулкнинг ўхшаш вазиятларда белгиланадиган бахоси ҳам қўшилади (ФКнинг 523-моддаси).
Фуқаролик кодексининг 524-моддасида доимий рента тўлаш шарти билан рента тўловчига топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи қайси тарафда бўлишлиги баён қилинган. Унга биноан агарда мол-мулк доимий рента тўлаш шарти билан бепул топширилса, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи рента тўловчи зиммасида бўлади, яъни бундай ҳолатда мол-мулк нобуд бўлса ёки бирон тарзда бузилса, юзага келган зарарнинг барчасини рента тўловчи ўз зиммасига олиши шарт.
Агар мол-мулк доимий рента тўлаш шарти билан ҳақ эвазига топширилган мол-мулк тасодифан нобуд бўлганда ёки тасодифан бузилганда тўловчи рента тўлаш мажбуриятини тегишли равишда тўхтатишни ёки уни тўлаш шартларини ўзгартиришни рента олувчидан талаб қилишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |