Менежментлик бухгалтерия ҳисоби – бу менежерлар томонидан бизнес фаолияти менежментида фойдаланиладиган ишончли ва ҳаққоний бўлган, асосан пулда ўлчаниладиган ва ўз вақтида бериладиган ахборотларни қайд қилиш, баҳолаш (ўлчаш), классификациялаш, тўплаш, тақдим қилиш жараёнларини қамраб оладиган тизимдир. - Молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи – бухгалтерия ҳисоби бирликларида молиявий ҳисобот принциплари ва стандартлари асосида пулда ўлчаниладиган хўжалик операциялари ёзувларини амалга ошириш, ўлчаш (баҳолаш), тўплаш ва молиявий ҳисобот кўринишида фойдаланувчиларга қарорлар қабул қилиш учун тақдим қилиш тизимидир.
- Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари – бу молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи фанининг алоҳида тармоғи бўлиб, молиявий ҳисоботнинг концептуал асослари, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари зарурияти, ишлаб чиқилиши, уларнинг мазмуни, интерпритацияси ва қўлланилишининг методологик масалаларини ўрганувчи қисмидир.
- Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари курси молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи фанининг бўлими ҳисобланади. Юқорида молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига берилган таърифда таъкидлаганимиздек, у молиявий ҳисоботнинг стандартлари асосида юритиладиган тизим сифатида тавсифланган. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг меъёрий-ҳуқуқий асосини ташкил этади.
- Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ўрганадиган муҳим объектлардан бири бу молиявий ҳисоботни тақдим этиш, ҳисоб сиёсати, концептуал асослари масалалари бўлиб ҳисобланади. Буларга пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот, оралиқ молиявий ҳисобот, консолидациялашган молиявий ҳисобот, гиперинфляция шароитида молиявий ҳисобот, корхоналар бирлашганда ва қўшилганда молиявий ҳисобот, сегментар молиявий ҳисобот, қўшма фаолиятда молиявий ҳисоботнинг назарий ва методологик масалаларини киритишимиз мумкин. Буларнинг ҳар бири алоҳида халқаро стандартларда ўрганиладиган объектлар ҳисобланади.
- Жаҳон амалиётида бухгалтерия ҳисобига доир стандартларни ишлаб чиқишда бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал ташкилотлари муҳим роль ўйнайди. Профессионал ташкилотлар давлатга оид бўлмаган, нотижорат ташкилотлари бўлиб, ўзининг уставидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширади. Профессионал ташкилотлар ўзига энг кучли, шу соҳанинг билимдони ва катта амалий тажрибаларга эга бўлган соҳа олимлари, компания ва фирмаларнинг молиявий менежерлари, бош бухгалтерларини бирлаштириб уларни битта мақсадга, яъни бухгалтерия ҳисоби ва аудитни ривожлантириш ишларига сафарбар қилади, бухгалтерия ҳисобининг стандартларини ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш ишларини олиб боради.
- Бухгалтерия ҳисоби масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларга қуйидаги ташкилотларни киритиш мумкин:
- Молиявий Ҳисобот Халқаро Стандартлари Кенгаши (IFRSB);
- Бухгалтерлар Халқаро Федерацияси Қўмитаси (IFAC);
- Бирлашган Миллиатлар Ташкилоти Халқаро Стандартлар бўйича Экспертлар Ҳукуматлараро Ишчи Гуруҳи (ISAR);
- Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти ( OECD).
Do'stlaringiz bilan baham: |