Бухгалтерия ҳисоби стандартлари бухгалтерия ҳисоби объектларини тан олиш ва баҳолаш тартиби, принцип ва қоидаларнинг қўлланилиши ҳамда молиявий ҳисоботлардаги ахборотларнинг мазмуни ва таркибига доир минимал талабларни белгилайди. Бухгалтерия ҳисоби стандартлари ҳозирги кунда молиявий ҳисобот стандартлари деб юритилади. - Молиявий ҳисобот стандартлари бу бухгалтерия ҳисоби концептуал асослари (қоидалари)ни амалиётга жорий қилиш воситаси бўлиб, у бухгалтерия ҳисоби объектлариниўрганиш борасидаги умумий ғояларни мужассамлаштирувчи ҳужжатлар тизимидир.Ушбу тизим қуйидагиларни қамраб олиши лозим: (1) молиявий бухгалтерия ҳисоби муҳим атамаларининг тавсифини; (2) молиявий бухгалтерия ҳисоби концептуал қоидаларининг, жумладан, тамойил (концепт)ларнинг қўлланилишини; (3) молиявий ҳисоботларнинг мазмуни ва унда акс эттириладиган ахборотлар таркибини.
- Молиявий ҳисобот стандартларига қўйиладиган талабларга қуйидагиларни киритиш мумкин: (1) энг умумий доирадаги масалаларни қамраб олиши; (2) қисқа, ихчам, мазмунли ва тушунарли бўлиши; (3) турли хил шароитда қўллана олишлиги; (4) бухгалтерия ҳисоби соҳасида энг илғор тажрибаларни умумлаштира олишини.
- Стандартларнинг фақат умумий қоидалар билан чегараланиши иккита муҳим имкониятни очиб беради. Биринчидан, стандартларда аниқ вазиятли ҳолатларда масалаларнинг айрим томонларини бухгалтерларнинг ўз профессионал доирасида ҳал қилишга йўл бериши, уларни профессионал даражасини ошириш устида ишлашга, масалаларни ҳал қилишда ижодий ёндашишга, профессионал компитенциясини юксалтиришга муҳит яратади. Иккинчидан, стандартларнинг умумий масалалар билан чегараланиши унинг хато қилиш, айрим вазиятли ҳолларга стандарт қоидаларининг тўғри келмаслик каби ҳолатларини камайтиради, яъни уни обрўсизлантиришдан сақлайди, қўлланилиш доирасини янада кенгайтиради.
- Бухгалтерия стандартлари жуда ихчам, қисқа, мазмунан бой, тушунарли ва оммабоп бўлиши керак. Масалан, 1-сон Бухгалтерия Ҳисобининг Халқаро Стандарти (БҲХС) “Молиявий ҳисоботни тақдим қилиш” деб аталиб, унда молиявий ҳисоботнинг фойдалилигини ошириш мақсадида уни тузиш ва тақдим қилишдаги бир қанча мулоҳазалар, унинг таркиби бўйича тавсиялар ва мазмунига қўйиладиган минимал талаблар белгиланган. Ушбу стандарт фойда олиш мақсадидаги барча корхоналарга, жумладан банк ва суғурта компаниялар учун ҳам мўлжалланган. Бундан ташқари, хоҳловчи давлат секторидаги ҳукумат нотижорат компаниялари ҳам ушбу стандартдан фойдаланишлари мумкин.
- Халқаро ҳисоб таълимотида бухгалтерия ҳисобига оид стандартларни уч тоифага ажратадилар: (1) Бухгалтерия Ҳисобининг Халқаро Стандартлари (БҲХС ёки IAS); (2) Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандартлари (МҲХС ёки IFRS); (3) Бухгалтерия Ҳисобининг Миллий Стандартлари (БҲМС ёки NAS).
- 1-сон БҲХСда “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари – бу Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандартлари Кенгаши томонидан қабул қилинган стандартлар ва интерпретациялардир” – деб таъкидланган. Уларга қуйидагилар киради:
- а) Бухгалтерия Ҳисоби Халқаро Стандартлари (IAS);
- б) Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандартлари (IFRS);
- с) Интерпретациялар (SICва IFRICлар).
- БҲХС (IAS-International Accounting Standarts)лар Бухгалтерия Ҳисоби Халқаро Стандартлари бўйича Кенгаши (БҲХСК) (IASВ) томонидан ишлаб чиқилади. Ҳозирги пайтда ушбу Кенгаш таркибида 112 мамлакатдан 153 таси аъзо ҳамда 2 миллиондан ортиқ бухгалтерларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар. 2018 йил 1 январь ҳолати бўйичаБҲХСК томонидан 1 та концептуал асос, 29 та БҲХСлари (охирги стандартнинг рақами41), 17 та Молиявий Ҳисобот Халқаро стандартлари (МҲХС), 33 та стандартларга интерпретациялар (SIC) ҳамда 23 та IFRICлар нашр қилинганлиги кўрсатилган.
- Бухгалтерия ҳисоби тизими мустақил иккита қисмга менежментлик (бошқарув) бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига ажратилади. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари курсини “Молиявий бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи” фанининг алоҳида тармоғи сифатида қараш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |