биринчи кучлар, Н. Рижков ва В.Павлов дастури тарафдорлари собиқ СССРни сақлаб қолиш, халқ хўжалигини марказдан бошқариш, ҳуқуқни кўпроқ марказда тўплаш ниятида эдилар. Улар иқтисодиётни ривожлантиришда социалистик йўлдан воз кечмасликни талаб қилар эдилар;
иккинчи кучлар, С. Шаталин гуруҳ аъзолари СССРни тарқатиб юбориш, иттифоқдош республикалар ўрнида суверен, мустақил давлатлар тузиш, чексиз хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мулкни давлат тараффудан чиқариш, хусусийлаштириш, колхоз ва совхозларни тугатиб, фермер хўжаликларини тузишни кўзда тутдилар. Бу моҳиятан иқтисодий ривожланишнинг социалистик йўлидан воз кечишни билдирар эди;
учинчи кучлар, М.С.Горбачев тарафдорлари муроса йўлини қидириб, юқорида тилга олинган ҳар икки дастур йўналишларини уйғунлаштириш, СССРни сақлаб қолиш, марказлашган маъмурий буйруқбозлик ҳокимиятини йўқотмаслик, “шоковая терепия” (“фалаж қилиб даволаш”) усулидан фойдаланиш ғоясини илгари сурар эди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Янги Иттифоқ Шартномасини тайёрлаш ҳам шу мақсадларга йўналтирилган эди. Жумладан, янги Иттифоқ Шартномасида мамлакат номини “Мустақил Давлатлар Иттифоқи” деб аташ тўғрисидаги таклифлар ҳам ўртага ташланди.
Шундай қилиб, собиқ СССР ижтимоий тараққиётида учта йўналиш – тоталитаризмга қайтиш, буржуача трансформация ва социалистик йўналишдаги демократик кучлар тўқнашиб қолган эди. Табиийки, бу мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида таназзулни вужудга келтирган эди.
1989–1991 йилларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари бўйича Иттифоқ билан Ўзбекистоннинг янги сиёсий раҳбарияти ўртасидаги зиддият тобора кескинлашди. Бу даврда Болтиқбўйи ва Кавказорти республикалари бўлган Литва, Латвия, Эстония, Грузия ва Озарбайжондан ташқари бошқа кўпчилик иттифоқдош республикалар, шунингдек, Ўзбекистон ССР ҳам СССР таркибидан чиқиб кетиш тўғрисида фикр билдирмай, бироқ ўз ўзини бошқариш ҳуқуқини, миллий давлат суверенитетига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш зарурлиги ва Иттифоқ давлатидаги Марказ ролини сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ташқи сиёсий жиҳатларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида тамомила ҳақли, халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келувчи тенг сиёсий ва иқтисодий талабларни қўя бошлади.
Ўзбекистон ССР Президенти И.А.Каримов 1990 йилнинг март ойидаёқ республикалар билан ССР Иттифоқи (СССР) ўртасидаги ваколатларни аниқ равшан ажратиб қўйишни кўзда тутадиган янги федератив шартнома ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди. Бироқ Москвадаги марказий партия ва совет раҳбарияти, жумладан, КПСС Марказий Комитети иттифоқчи республикалар ва қардош халқлар сиёсий раҳбариятининг чинакам суверенитетига интилиши билан ҳисоблашиш ниятида эмас эди. Болтиқбўйи ва Кавказортидаги воқеаларга, Ўзбекистонда, кейинчалик бошқа республикаларда президентлик бошқарувининг жорий этилишига ва бу республикалар томонидан суверенитет тўғрисидаги Декларациялар ва Баёнотномаларнинг қабул қилинишига Марказнинг ғайритабиий равишда кескин қаршилик кўрсатгани ана шундан далолат беради.
Шундай бўлсада, мамлакатнинг бошланиб келаётган емирилишидан жиддий хавотирга тушган ва қўрқиб қолган партия – давлат раҳбарияти СССРда чуқурлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий инқироз тазйиқи остида 1990 йилнинг кузида иттифоқ Маркази билан республикалар ўртасида муносабатларни янгилаш юзасидан музокара жараёнини бошлашга мажбур бўлди. Лекин у 1991 йилнинг баҳорига қадар иттифоқчи республикаларга бериладиган ҳуқуқлар ва кафолатларда ҳал қилувчи ролни ўйнашга уриниб, республикалар ҳаёт фаолиятининг деярли барча соҳаларида ўзининг ҳукмронлик вазиятини сақлаб қолишга интилди.
Ўзбекистон сиёсий раҳбариятининг янги Иттифоқ шартномасини тузишга доир музокаралардаги позицияси СССР ҳаётининг сўнгги босқичларида (1991 йил март-ноябрь) айниқса, фаол бўлди. 1991 йил мартда Киевда, ўша йилнинг апрелида Москва яқинидаги Ново-Огарёвода СССР Президенти ва тўққизта иттифоқдош республика раҳбарлари учрашишди.
1991 йил март ойида Марказ ва республикалар вакиллари томонидан Иттифоқ шартномасининг бошқа лойиҳаси тайёрланди. Бу лойиҳа 1991 йил 12 мартда “Суверен республикаларнинг иттифоқи тўғрисида шартнома” лойиҳаси номи билан марказий ва республика матбуотида эълон қилинди. Мазкур ҳужжатнинг асосий ғояси – кўп миллатли иттифоқ давлатини федерация сифатида сақлаб қолиш, шу билан бирга, республикалар суверенитетини рўёбга чиқариш туфайли Марказнинг янги вазифаларини ҳам белгилаш эди. Гарчи лойиҳа республикаларнинг суверенитети тўғрисидаги декларациясини ҳисобга олган бўлса-да, бу “суверен давлатлар” эмас, балки “суверен республикалар” иттифоқи тўғрисидаги шартнома эди. Кейинчалик 1991 йил 23 апрелда СССР Президенти М.С. Горбачёв ва тўққизта иттифоқдош республикалар раҳбарлари иштирокида (табиийки, бу музокараларда ўзларини мустақил давлат деб эълон қилган Литва, Латвия, Эстония, Грузия, Арманистон, Молдавия давлатлари раҳбарлари қатнашмади) Москва яқинидаги Ново-Огарёвода бўлиб ўтган йиғилишда принципиал низоли масалалар юзасидан томонларни қаноатлантирадиган битимга келишди – “Суверен Давлатлар Иттифоқи тўғрисида”ги шартномани тузишга келишиб олинди. Ўзбекистон делегацияси музокараларнинг бориши жараёнида янгиланган иттифоққа киришнинг ўзи учун жуда муҳим бўлган шартини – барча республикалар аҳолиси учун ягона бўлган пенсия билан таъминлаш, даромадларни индексация қилиш ва кун кечириш учун зарур бўлган кафолатланган энг кам миқдор тартиби амал қилишини қаттиқ туриб ҳимоя қилди.
СССР Президенти ва тўққизта иттифоқчи республикалар (РСФСР, Украина, Белоруссия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон) раҳбарларининг 1991 йил 23 апрелда бўлган Ново-Огарёводаги учрашувида “Мамлакатдаги аҳволни барқарорлаштириш ва тангликни бартараф этишга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида қўшма баёнот” қабул қилинди. Баёнотда янги Иттифоқ шартномаси ҳужжати лойиҳасини тайёрлаш ишини яқин вақт ичида тугаллаш таъкидланди. Қўшма баёнот “9+1” (тўққизта республика+Марказ ) деган номни олди. Бироқ бу қўшма баёнот ҳам ўша вақтдаги бошқа кўпгина ҳужжатлар сингари фақат газета саҳифаларида қолиб кетди, чунки марказий ҳокимият тузилмалари буюк давлатчилик шовинизми ва империяпарастлик мавқеларини сақлаб қолиш ташвишида бўлиб, энди ўз вазифаларини амалда бажармас эдилар. 1991 йил баҳори-ёзига келиб, ҳокимиятни юқори (Марказ) янгича бошқара олмайдиган, қуйи (республикалар) эса эскича олмайдиган вазият юзага келди.
Аслини олганда, ҳатто янгиланган иттифоқ ҳам Ўзбекистон ва бошқа республикаларни мустабид совет тузумининг қайта тикланиш хавфидан сақлаб қололмасди. Бироқ жамиятнинг демократлашуви натижасида совет режимининг қудратига зил кетди, ижтимоий тузум ва миллий муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги тамойилларига ўтиш учун реал имкониятлар очилди. Шу билан бирга, 1991 йил ёзи ва кузида СССР давлатини сақлаб қолиш учун Марказ раҳбарияти бир қатор чоралар кўрди. Иттифоқ шартномасини тайёрлаш янги босқичга кўтарилди.
Мустақиллик сари интилаётган миллий республикаларга нисбатан тазйиқ ва таъқибларни кучайтириб, тобора заифлашиб бораётган қизил империяни сақлаб қолиш мақсадида 1991 йил 19–21 август кунлари Москвада СССР вице-президенти Г. Янаев, СССР Министрлар Советининг раиси В.Павлов, КГБ раҳбари Б.Крючков, мудофаа вазири Д. Язов, ички ишлар вазири Б. Пуго ва бошқа юқори лавозимдаги масъул партия ва давлат арбоблари томонидан ҳарбий тўнтариш амалга ошириб, М.Горбачевни раҳбарликдан четлаштирди. Улар Фавқулодда ҳолат давлат комитетини (ГКЧП) тузиб, амалда ўзларининг демократия, ошкоралик, жамиятни янгилаш, ислоҳотларга, умуман халққа қарши эканликларини кўрсатди. 1991 йил август воқеалари амалда СССРнинг чуқур таназзули эди. Мамлакатдаги демократик кучлар ГКЧП фаолиятига чек қўйиб, ҳукмрон партия – КПСС фаолияти тўхтатилди.
Ўзбекистоннинг раҳбари бу вақтда Ҳиндистон сафарида бўлиб, Республика раҳбарининг йўқлигидан фойдаланган Ўзбекистон ССР вице-президенти ва Ўзбекистон Компартиясининг иккинчи котиби Ўзбекистон ССР ҳудудида СССРда Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳақида кўрсатма бердилар. И.Каримов ГКЧП эълон қилинганини эшитиб, зудлик билан Тошкентга қайтади. У 19 август куни кечқурун Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашиб, қатъий тарзда Ўзбекистон нуқтаи назарини маълум қилди ва Ўзбекистон ССР ҳудудида ГКЧПнинг қонунги зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма беради. 1991 йил 20 август куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Совети, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказади. Унда сўзга чиққан И.Каримов “ҳар биримиз оғир ва вазмин бўлишимиз кераклигини, бошимизга тушган синовлар, ноаниқ давр ва шароитдан, авваламбор, ақл ва идрокимизни бир жойга йиғиштириб, инсоф ва виждонни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан чиқишимиз кераклигини” алоҳида таъкидлаб ўтади. Мажлисда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш йўли ўзгармаслиги ҳақида Баёнот қабул қилинди. Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигига эришиш йўли қатъий эканлиги таъкидланди. 1991 йил 21 август куни Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг Фармони билан Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасининг Ўзбекистон Конституцияси ҳамда қонунларига зид келадиган қарорлари ва фармонлари ноқонуний деб эълон қилинди. Шундай мураккаб шароитда, яъни марказ ва республикалар ўртасидаги муносабатлар тобора таранглашиб, Марказ бошқарув қобилиятини йўқотган, ҳар бир республика ўз ҳолига ташлаб қўйилган бир шароитда тарихий вазиятни тўғри баҳолаган давлатимиз раҳбари Олий Кенгаш сессиясини чақириш ва унда Ўзбекистон Мустақиллиги ҳақида Қонун қабул қилишни талаб қилди.
Мустақил сиёсат юргизиш сари қилинган муҳим тадбирлардан яна бири Ўзбекистон Президентининг 1991 йил 25 августда қабул қилган Фармони бўлди. Ушбу Фармонда республика Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига ўтганлиги белгиланди. Шу билан бирга, республика ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилди. Айнан мана шу Фармонда қисқа муддатда республиканинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессияси муҳокамасига киритиш таклифи белгилаб берилди. Бу билан Иттифоқнинг мамлакатимиз ҳудудида ҳарбий соҳада фаолият олиб боришига амалда чек қўйилиб, ҳарбийлашган тузилмалар республика бошқарув органлари бўйсунувига ўтди.
Мамлакат Президенти томонидан қабул қилинган қарорлардан яна бир муҳими 1991 йил 29 августдаги “КПССнинг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги мулки тўғрисида”ги қарор ҳисобланади. Ушбу қарорда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Ўзбекистон ССР ҳудудидаги бутун мулки республика мулки, яъни умумхалқ мулки эканлиги Президент томонидан эълон қилинди.
Мана шу оламшумул ишлардан ва қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, халқ ва фуқаро эрку озодлигининг тарафдори ва жонкуяри бўлган Президент Ислом Каримов миллий мустақилликнинг забардаст ижодкоридир. Бу халқимиз асрий орзуларини рўёбга олиб чиқувчи халоскорнинг сиёсий чигал вазиятда тарих саҳнасига келиши эди. Бу чигал вазиятлар оқилона, вазминлик билан, энг муҳими – эртанги кунни кўзлаб амалга оширилган изчил ислоҳотлар ёрдамида ўз ечимини топа борди.
Шундай қилиб, коммунистик партия Ўзбекистон ва бошқа миллий республикалар Совет Иттифоқига қарамлигининг янгича давлат шаклини вужудга келтирар экан, у Ўрта Осиё классик мустамлакачилиги даврида вужудга келган ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви ва иқтисодий алоқаларига асосланди. Бинобарин, барча иттифоқдош республикаларнинг иқтисодиётини бараварлаштириш ғояси ўн йилликлар мобайнида фақат номигагина амалга оширилди, уларнинг тенгсизлиги эса барибир амалда сақланиб қолди. Ўзбекистонга Конституция бўйича берилган суверен ҳуқуқлар ҳам фақат кўр-кўрона эди, аслида эса республика метрополия мустамлакасига айлантирилиб, бундан келиб чиқадиган барча оқибатларга дучор қилинди. Мустабид тузум “халқ ҳокимияти” сифатида “меҳнаткашлар оммаси”ни давлат қурилишига кенг жалб қилар экан, айни вақтда ўзининг 70 йилдан кўпроқ ҳукмронлик даврида аҳолининг “эксплуатация қилувчи”, “меҳнаткаш бўлмаган” синфларини ва ижтимоий гуруҳларини энг оддий фуқаролик ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этди. Ўзбекистонни дабдабали равишда ишчилар ва деҳқонлар республикаси, кейин эса “меҳнаткашлар” ва ниҳоят “халқ оммаси” республикаси деб эълон қилган “халқпарвар” тузум уни мамлакатда ҳукмрон бўлган коммунистик партиянинг қатъий бошқарувига, “партия-совет номенклатураси” қўлига топшириб қўйди, барча жамоат ташкилотлари эса партиянинг оддий “дастёрига”, унинг ҳаракатлантирувчи воситасига айлантрилди. Марказ республикада саноатни ривожлантирар экан, айни вақтда унга бир томонлама, мустамлака хусусиятига алоҳида эътибор қаратди. Совет давлати қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, унга маълум даражада маблағ ажратар экан, бу ерда метрополия манфаатлари йўлида республика иқтисодиёти аграр секторининг бошқа анъанавий тармоқларига зарар етказган ҳолда пахтачиликни юқори суръатлар билан ривожлантирди, бу эса пировард натижада оғир ижтимоий-иқтисодий ва экологик оқибатларга эга бўлган пахта яккаҳокимлиги қарор топишига олиб келди. Москванинг империяча иқтисодий сиёсати натижасида Ўзбекистон совет ҳокимияти йилларида метрополиянинг хом ашё базасига айлантирилди, уни иттифоқнинг саноат марказларига ва озиқ-овқат минтақаларига тўла-тўкис боғлиқ қилиб қўйди. Мустабид тузум Ўзбекистонда умумий, ўрта махсус ва олий таълимни, фан ва маданиятни кенг ривожлантира бориб, уларни кўп даражада мафкуралаштириш, сиёсий ва байналминал тус беришга ва ҳатто руслаштиришга, халқни кўп асрлик маънавий меросидан, миллий анъаналари ва урф-одатларидан бебаҳра қилишга интилди.
Буларнинг барчаси охир-оқибатда мустабид Совет давлатини таг-томири билан емирадиган ички зиддиятларга айландики, бу иллатлар тузум инқирозини муқаррар қилиб қўйди. Хўш “Шўролар салтанати инқирозининг асосий сабаблари нималардан иборат эди?”
Do'stlaringiz bilan baham: |