Қадимги Ҳиндистон давлати. Бундан 4000 йил илгари Ҳинд ҳавзасида вужудга келган Хараппа ва Моҳенжо-Даро (ҳозирги номлари, уларнинг қадимги номлари етиб келмаган) қадимги циви- лизациянинг катта шаҳарлари ҳисобланган. Археологик қазишма- ларнинг гувоҳлик беришича, милоддан аввалги III минг йилликларда бу ерда шаҳарлар ҳунармандчилик марказлари сифатида майдонга чиққан, деҳқончилик ва савдонинг ривожланиши, мулкий табақалашув кучайган.
Милоддан аввалги II минг йиллик ўрталарида илк ҳинд шаҳар- давлатлари ва маданияти тушкунлик даврини бошидан кечирган. Унинг марказлари инқирозга юз тутган. Бу жараён шимолий-ғарбдан ҳинд-арий қабилаларининг кириб келиши билан ниҳоясига етган.
Милоддан аввалги II минг йилликнинг ўрталаридан I минг йилликнинг биринчи ярмигача бўлган давр тарихшуносликда веда24 даври деб юритилади ва Ҳиндистон тарихининг айнан шу босқичида синфий жамият ва давлатнинг ташкил топиши юз берган. Ишлаб чиқариш соҳасидаги улкан ютуқлар жамиятнинг табақалашувига олиб келган.
Ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши билан қабиланинг сайлаб қўйиладиган ҳарбий бошлиғи - рожа барча бошқарув органларини ўзига бўйсундириб, мансабнинг мерос тариқасида ўтишига эришади. Рожанинг сайланишига таъсир кўрсатган халқ мажлисларининг роли ҳам рожалар ҳукмронлиги кучайиши билан камая бошлаган. Улар рожаларнинг яқинларидан иборат зодагонлар мажлиси бўлиб қолган.
Қабилавий бошқарув органлари аста-секин давлат органларига айлантирилган. Давлат бошқарувининг юқори лавозимларига катта зодагонлар тайинланган. Зодагонлар орасида подшолик коҳини - пурохита, мунажжим ва рожа маслаҳатчиси ҳам бўлган. Қабиланинг кўнгилли қўшини ҳарбий бошлиқ (сенани, сенапати) бошчилигидаги доимий қўшинга ўсиб чиққан. Шу тариқа уруғ-қабила тузуми ўрнини давлатчилик тузуми эгаллаган.
Таъкидлаш керакки, Қадимги Ҳиндистонда илк давлат бирлаш- малари милоддан аввалги I минг йилликда содда қабилавий давлатчалар шаклида ташкил топган. Тахминан милоддан аввалги
VIII асрларда анча йирик давлатлар ташкил топа бошлаган. Милоддан аввалги VI асргача шимолий Ҳиндистонда жуда кўп подшоликлар мавжуд бўлган. Масалан, Ганг ҳавзасининг ўзида 16 та майда давлат бўлиб, улардан бири - Магадха шу даврнинг энг йирик ва кучли давлати бўлган. Айниқса, милоддан аввалги VI-III асрларда Маурийлар сулоласи даврида бу давлат деярли бутун Ҳиндистон ҳудудини бирлаштириб, жуда қудратли давлатга айланади. Унинг асосчиси грек-македон босқинчиларига қарши курашда халқ ҳаракатларига бошчилик қилган машҳурҳинд арбоби Чандрагупта (мил. ав. 321-298 йй.)дир.
Маурийлар сулоласи ҳукмронлиги алоҳида босқич сифатида қаралади. Бу даврда кўпгина давлат институтларига асос солинган. Шундай бўлса-да, у турли даврларда турли халқлар ва қабила- ларнинг йиғиндисидан иборат бўлиб келган. Натижада, кучли қўшин ва мустаҳкам бошқарув аппарати бўлишига қарамай, давлат бирли- гини сақлай олишмаган. Кейинги даврни қадимги Ҳиндистон тари- хида анча беқарор давр дейиш мумкин.
Милоддан аввалги II асрда Ҳиндистон бир қанча майда давлатларга бўлиниб кетади. Милоддан аввалги 190 йилларда уни Юнон-Бақтрия подшоларидан Деметрий қўшинлари, 100 йилларда саклар (скифлар) босиб олади. Шимолий Ҳиндистонда Ҳинд-Скиф давлати вужудга келади.
Янги эра арафасида Шимолий-Ғарбий Ҳиндистонга Парфия қў- шинлари бостириб кирган. Кейинчалик бу ерни Кушонлар босиб олган. Кушонлар даврида Ҳиндистон кучли давлатга айланади. Кушонлар милоднинг III асригача ҳукмронлик қилганлар.
асрдан бошлаб Г анг воҳасидаги Магадха давлати яна кучаяди. Унинг асосчиси Гупта бўлиб, сулола ҳам шу ном билан аталган. Магадха давлати Гуптанинг набираси Чандрагупта I даврида (320335 йй.) Осиёдаги энг қудратли давлат бўлиб, унинг вафотидан кейин парчаланиб кетган.
аср охирида Ҳиндистонга шимоли-ғарбдан кидарийлар, сўнг эфталитлар бостириб кирган.
асрга келиб Ҳиндистонда гупталар тузган давлат яна майда давлатларга бўлиниб кетади. Шу тариқа Ҳиндистоннинг қадимги тарихи ўз ниҳоясига етади.
Қадимги ҳинд жамиятининг ижтимоий табақаланиши синфлар (қулдорлар ва қуллар) шаклланишига эмас, балки алоҳида тоифалар
варна25ларнинг вужудга келишига боғлиқ. Қадимги Ҳиндистонда қуйидаги варналар мавжуд бўлган: брахманлар, кшатрийлар, вайшийлар, шудралар26. Улардан брахманлар ва кшатрийлар ҳукмрон мавқени эгаллаганлар. Вайшийлар ва шудралар имтиёзсиз варналар ҳисобланади. Жамиятда энг хўрланган кишилар - чандаллар деб юритилган. Ундан ташқари шудралардан жуда кам фарқ қилувчи қуллар - дасалар ҳам мавжуд бўлган.
Ҳар бир варнанинг яшаш тарзини белгиловчи ўз қонуни - дхармаси ўрнатилган. Бир варнадан иккинчисига ўтиш тақиқланган. Жиноий жазо юқори варна вакилларига анча енгиллик берган.
Милоднинг I асрларида феодал муносабатлар ташкил топа бошлайди. Бу даврда варналарнинг табақаларга айланиш жараёни вужудга келган. Қуллар манфаати давлат томонидан қонун йўли билан ҳимояланган.
Давлат тузумида илк шаҳар-давлатларнинг ҳукмдорлари - рожалар ер, дин, солиқ, ҳарбий бошқарув ва ташқи хавфсизлик ишлари билан шуғулланганлар. Дастлабки даврларда сайланган рожалар, вақт ўтиши билан барча подшоликларда мерос тариқасида ўтувчи ҳокимиятга эгалик қилганлар.
Подшо сайловчи оқсоқоллар кенгаши монарх ҳузуридаги масла- ҳатчи орган - паришадга айланиб борган.
Давлат бошлиғи князликлар доирасида - рожа, умуммиқёсда эса подшо ҳисобланган. Тахт мерос тариқасида ўтган. Подшо ҳаётли- гидаёқ меросхўр тайинланган. Маурийлар даврида подшога «чакра- вартина» - ягона ҳукмдор деб қараш расмийлашган.
Подшо давлат бошқарув тизимининг чўққисида турган. Молия ва суд маъмуриятига бошчилик қилиб, энг олий судья ҳисобланган. Давлат амалдорларини лавозимга тайинлаган ва лавозимидан озод этган. Подшо ҳокимияти жамоанинг ўзини ўзи бошқариш орган- ларига қадар бўлиб, деспотик характерда бўлмаган. Ману қонунла- рига кўра, унинг асосий мажбурияти фуқароларни қўриқлаш ва ободонлаштириш бўлган.
Подшолар қонун (эдикт) чиқариш ваколатига ҳам эга бўлган. Милоддан аввалги III асрда Маурийлардан Ашока (мил. ав. 293268 йй.) даврига келиб ҳукумат фармонлари ведалар қатори ҳуқуқ манбалари қаторидан ўрин олган.
Подшо маслаҳатчилари (мантриналар, махаматралар) алоҳида мавқега эга бўлиб, улардан иборат тартибда паришад тузилган. Паришаднинг таркиби аниқ ўрнатилмаган, аъзолари асосан ҳарбий ва диний зодагонлардан иборат бўлган. У иккинчи даражали ишлар юзасидангина мустақил қарорлар қабул қилган. Маурийлар сулоласи даврида у бутун бошқарув тизимини текшириш ва подшо буйруқ- ларини бажариш функцияларини эгаллаган. Подшо у билан ҳисоб- лашиши лозим бўлган.
Паришаддан ташқари махфий кенгаш ҳам мавжуд бўлиб, у ишончли кишилардан иборат таркибда тузилган. Фавқулодда ҳолатларда ва кечиктириб бўлмайдиган ишларни ҳал этишда иккала кенгаш аъзолари биргаликда йиғилиши мумкин эди.
Мамлакат бошқарувида барча соҳаларни бошқарувчи амалдор- лар тайинлана бошлаган. Мансаблар асосан тайинлаш ва мерос бўйича эгалланган. Мансабдор шахслар фаолияти подшонинг махсус айғоқчилари томонидан текшириш ва назорат этиш мақсадида кузатиб борилган.
Подшо ва сарой хўжалиги махсус гуруҳ томонидан юритилган. Иқтисодий соҳа адхякшалар томонидан тартибга солинган.
Маурийлар империясининг маъмурий ҳудудий тузилиши ва маҳаллий бошқарув тизими ҳақидаги маълумотларга кўра, йирик давлатнинг фақат бир қисмигина бевосита подшо ва сарой бошқа- рувида бўлган. Давлат ҳудуди асосий ва оддий провинция (жана- пад)лар, вилоят (прадеш)лар ва округ (ахала)ларга бўлинган. Асосий провинциялар тўртта бўлиб, шаҳзодалар томонидан бошқарилган. Провинциялар маълум мустақилликка эга бўлишган. Асосий провин- цияларда маҳаллий амалдорлар шаҳзодалар томонидан тафтишчи- ларни жўнатиш орқали текшириб турилган. Ҳукмдорнинг вазифала- рига ҳудудини ҳимоя қилиш, тартибни сақлаш, солиқларни йиғиш, қурилиш ишларини таъминлаш кабилар кирган.
Жанападлар тепасида йирик давлат амалдорлари - ражуклар турган. Кичикроқ ҳудуд - округларга округ бошлиқлари раҳбарлик қилган. Округ бошлиғининг зиммасига қишлоқ маъмурияти устидан назорат қилиш мажбурияти юкланган. У шаҳардан даромад олган.
Қишлоқ вилоятларининг 4 та тури мавжуд бўлиб, улар 800, 400, 200 ва 100 та қишлоқни ўз ичига олган. Округнинг асосий шаҳар- ларида девонхоналар бўлиб, у ердан бутун округга фармойишлар жўнатилган.
Энг қуйи маъмурий бирлик - қишлоқ-жамоа (гана)лар оқсоқол- лар томонидан бошқарилган. Жамоанинг муҳим масалалари жамоа йиғинлари орқали ҳал этилган.
Қадимги Ҳиндистоннинг суд тизимида подшолик ва ички жамоа судлари фаолият кўрсатган. Олий суд инстанцияси подшо ёки у ваколат берган 3 судьядан иборат махсус суд ҳайъати (сабха) томонидан амалга оширилган. Подшо олий судья сифатида ҳар йили амнистия эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлган.
Барча маъмурий ҳудудий бирликларда 3 судьядан иборат суд ҳайъатлари тузилган. Бундан ташқари жиноят ишларини махсус судьялар кўриб ҳал этган. Бугунги кундаги сингари ички ишлар идораларининг функциялари шаҳар ҳокимият органлари томонидан амалга оширилган. Кўпгина ишлар норасмий кастали судларда кўриб ҳал қилинган.
Давлатнинг ривожланишида қўшин катта роль ўйнаган. Қўшин доимий жангчилар, ёлланганлар ва алоҳида бирлашмалардан иборат тартибда тўлдирилган. Қўшин жамоат тартибини сақлаш функция- сини ҳам бажарган. У давлатнинг бутунлигини ҳимоя қилишга доимо ҳушёр туриши лозим бўлган. Шунинг учун ҳарбий бўлинмалар қишлоқларга жойлаштирилган. Олинган ўлжаларнинг асосий қисми жангчилар ўртасида тақсимланган.