Нодемократик сиёсий режим иккитурга: тоталитар ва авторитар сиёсий режимларга бўлинади.
Тоталитар сиёсий режим. “Тоталитаризм” (лот. totus – ҳамма, бутун, тўлиқ) термини Италия фашистларининг идеологи Ж.Джентиле томонидан ХХ асрнинг бошларида сиёсий муомалага киритилган. Бу тушунча биринчи бўлиб 1925 йилда Италия парламентида янграган. Уни Италия фашизмининг сардори Б.Муссолини ишлатган.
Тоталитар сиёсий режим вужудга келган ва ривожланган ҳар бир давлатда унинг ўзига хос жиҳатлари бўлган. Шу билан бир қаторда тоталитаризмнинг барча шаклларига тегишли бўлган умумий жиҳатлари мавжуд бўлиб, улар унинг моҳиятини англатади. Тоталитар режим ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари устидан давлат контролини амалга оширилишини, инсоннинг сиёсий ҳокимият ва ҳукмрон мафкура томонидан тўлиқ бўйсиндирилганлигини англатади.
Тоталитар сиёсий рижимнинг асосий тавсифлари қуйидагилардан иборат:
давлат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари устидан глобал контрол ўрнатишга, кенг қамровли ҳокимиятга ҳаракат қилади;
жамият сиёсий ҳокимиятдан тўлиқ бегоналаштирилган, бироқ у буни тушиниб етмайди, чунки сиёсий онгда халқ билан ҳокимиятнинг “бирлиги”, “қўшилганлиги” тўғрисида тассаввурлар шакллантирилади;
иқтисодиёт, оммавий ахборот воситалари, маданият, дин ва бошқалардан тортиб то шахсий ҳаётгача, кишиларнинг хатти-ҳаракатларигача давлат монопол контроли ўрнатилади;
давлат ҳокимияти бюрократик усулларда, жамиятдан ёпиқ каналлар орқали шакллантирилади, у “сир-асрорлар қобиғи” билан ўралган ва халқ контролидан йироқ;
бошқаришнинг устивор усуллари бўлиб мажбурлаш, зўрлаш ва террор ҳисобланади;
битта партиянинг ҳукмронлиги, унинг давлат профессионал аппарати билан қўшилиб кетганлиги, оппозиция кайфиятидаги кучларнинг тақиқланганлиги; инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг декларатив эканлиги, уларни рўёбга чиқариш кафолатлари йўқлиги;
плюрализмнинг аслида бекор қилинганлиги, давлат ҳокимиятининг диктатор ва унинг ҳамтовоқлари бошчилигида марказлаштирилганлиги, жамият томонидан репрессив давлат органларининг фаолияти контрол қилинмаслиги ва ҳ.к.
Тоталитар сиёсий режимнинг алоҳида турига фашистик режим киради. Уни ўзига хос радикал (тўлиқ) тоталитаризм, деб ҳисоблаш мумкин. Дастлаб фашистик сиёсий режимлар вужудга келган давлатларга Италия ва Германия киради. Италияда фашизм 1922 йилда ўрнатилган. Итальян фашизмига Рим империясини қайта тиклашга уриниш хос бўлган. Германияда фашизм 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, мақсади арий ирқининг ҳукмронлигини ўрнатиш бўлиб, герман миллати олий миллат, деб эълон қилинган.
Фашистик типдаги тоталитар сиёсий режим жангари антидемократик, ирқчилик ва шовинизм (жангари миллатчилик) жиҳатлари билан тавсифланади. Фашизм авторитар партиянинг умумий ҳукмронлигига, доҳий шахсига таянган кучли, бешафқат ҳокимиятнинг зарурлигига асосланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |