Ҳуқуқий тизимнинг таркибий элементларини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1) норматив хусусиятга эга бўлган таркибий элементлар: а) ҳуқуқ; б) ҳуқуқ тизими; в) ҳуқуқий принциплар; г) ҳуқуқнинг манбалари
2) ҳаракатда (муайян жараён орқали) ифодаланадиган таркибий элементлар: а) ҳуқуқ ижодкорлиги; б) ҳуқуқни амалга ошириш, қўллаш жараёни; в) ҳуқуқий муносабатлар; г) ҳуқуқий тартибга солиш механизми.
3) ғоявий – мафкуравий мазмунга эга бўлган элементлар: а) ҳуқуқий онг; б) ҳуқуқий маданият; в) ҳуқуқий мафкура; г) ҳуқуқий сиёсат; д) юридик фан; е) қонунийлик муҳити ва ҳуқуқий тартибот режими.
4) ташкилий – таркибий элементлар: а) юридик муассасалар: ҳуқуқий фаолият билан шуғулланувчи давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар1.
Ҳуқуқ тизимини соҳаларга ажратишда ҳуқуқий тартибга солиш предмети ва методи муҳим мезон вазифасини ўтайди. Ҳуқуқий тартибга солиш предмети деганда, ҳуқуқ нормалари таъсири доирасида бўлган муносабатлар тушунилади. Яъни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши зарур бўлган ҳар қандай ижтимоий муносабат ҳуқуқий тартибга солиш предметини ташкил этади. Бир ҳуқуқ соҳаси доирасида тартибга солинадиган муносабатлар қуйидаги белги ва сифатларга эга бўлади:
ижтимоий муносабатлар барқарорлиги ва доимий қайта такрорланиб туриши;
ушбу муносабатларни тартибга солиш заруратининг объектив мавжудлиги;
давлат-ҳуқуқий назорати остида бўлишлиги;
аниқ мақсадга йўналтирилганлиги.
Кундалик ҳаётда мавжуд бўлган бундай сифат ва белгиларга эга ижтимоий муносабатлар ўз хусусиятлари нуқтаи назаридан ҳуқуқ нормалари ўртасидаги боғлиқликни вужудга келтиради, уларни яқинлаштиради. Шунга кўра ҳуқуқий тартибга солиш предмети ҳуқуқ нормаларини маълум тармоқларга киритишда, гуруҳлашда асос бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқий тартибга солиш предмети хилма-хил ва кўп сонли муносабатлардан иборатдир. Улар ўз мазмунига кўра мулкий, бошқарув, меҳнат, молиявий, сайлов, оилавий, табиатни муҳофаза қилиш, жиноий-ҳуқуқий каби моддий муносабатлар тарзида амал қилиш мумкин. Процесуал муносабатлар ҳам ҳуқуқий тартибга солиш предметини ташкил этади (жиноят процессуал, конституциявий процессуал, хўжалик процессуал ва бошқалар). Бундай хилма-хиллик ўз навбатида улар ҳар бирининг алоҳида, махсус хусусиятларга эгалигидан далолат беради. Айнан ана шу хусусиятларни ҳуқуқий тартибга солиш жараёнида инобатга олиш ҳуқуқ нормаларининг ихтисослашган, нисбатан мустақил алоҳида гуруҳи бўлмиш ҳуқуқ соҳаларини шаклланишини талаб этади.
Ҳуқуқий тартибга солиш предмети тузилмаси мисолида унинг ҳуқуқни соҳаларга ажратишдаги ўрни янада яққол намоён бўлади. Ҳуқуқий тартибга солиш предмети тузилмаси ўз таркибига қуйидаги унсурларни қамраб олади:
ҳуқуқий тартибга солиш предмети субеъктлари (индивидуал ва коллегиал). Масалан, конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқий тартибга солиш предмети субеъктларининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Яъни бутун бир халқ, миллат, алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар конституциявий тартибга солиш предмети субеъктларига айланишлари мумкин(сайлов, референдум каби жараёнларда).
субъектларнинг хулқ-атвори, ҳатти-ҳаракати, қилмиши. Масалан, айрим ҳуқуқ соҳаларига асосан қонунга, ҳуқуққа мувофиқ ҳатти-ҳаракатлардан иборат муносабатларни тартибга солади. Буни фуқаролик ҳуқуқи мисолида кўриш мумкин. Бироқ айрим ҳуқуқ соҳалари ҳуқуққа зид қилмишлардан иборат муносабатлар асосида амал қилади (масалан, жиноят ҳуқуқи).
атроф-муҳит объектлари: нарсалар ва ҳодисалар – булар юзасидан инсонлар бир-бирлари билан муносабатга киришадилар ва маълум манфаат юзасидан уларга қизиқадилар. Масалан, ер ҳуқуқининг субъектлари манфаатлари қаратилган асосий объект ер табиий ресурси ҳисобланади. Ёки молия ҳуқуқида бундай объект вазифасини пул маблағлари бажаради.
муайян муносабатларнинг юзага келиши ва барҳам топишининг бевосита сабабчилари бўлган юридик фактлар: ҳодиса ва ҳаракатлар. Масалан, фуқаролик ҳуқуқида бундай фактлар сифатида асосан шартномалар кўзга ташланади. Оила ҳуқуқида эса никоҳ, фарзандликка олиш, васийлик ва ҳомийлик каби фактлар бирламчи аҳамиятга эга.
Демак, ҳар бир ҳуқуқ соҳаси ўз ҳуқуқий тартибга солиш предметига ва ушбу предметни ташкил этувчи муносабатлар эса ўз белги ҳамда хусусиятларига эга. Шунинг учун ҳам бу ҳолат мазкур тармоқ предмети бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг ҳам алоҳида методи мавжуд бўлишини талаб этади. Ҳуқуқий тартибга солиш методи – мавжуд ижтимоий муносабатларга ҳуқуқнинг таъсирида қўлланиладиган усуллар, воситалар мажмуидир. Ҳуқуқий тартибга солиш предмети ҳуқуқ нормалари билан қандай муносабатлар тартибга солинишини англатса, ҳуқуқий тартибга солиш методи эса ушбу муносабатлар қандай усул ва воситалар ёрдамида тартибга солинишини билдиради. Ҳуқуқий тартибга солиш методи ҳуқуқни соҳаларга ажратишда тартибга солиш предмети каби бирламчи аҳамиятга эга бўлмаса-да, уларнинг ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини оширишда муҳим ҳисса қўшади.
Юридик адабиётларда ҳар бир ҳуқуқ соҳаси ўзининг ҳуқуқий тартибга солиш методига эга эканлиги ҳақида фикр юритилади. Масалан, маъмурий ҳуқуқ учун – бу давлат-ҳокимият буйруқ бериш методи, фуқаролик ҳуқуқи учун – тенглик, рухсат бериш методи, меҳнат ҳуқуқи учун - адолатли тақдирлаш ва рағбатлантириш методи, жиноят ҳуқуқи учун – жазо таҳдиди билан ман этиш методи ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |