Зиддиятлар – нарса ёки ҳодиса қарама-қарши томонларининг бир-бирини истисно этиш ва бир-бирига ўтиш муносабатларидир. Диалектик зиддият – бир-бирини истисно этувчи қарама-қаршиликларнинг билвосита бирлигидир. Қарама-қаршиликлар – зиддиятларнинг негизи, боғловчи бўғинлар эса – уларни ечиш механизмидир. Қуйидаги фактлар боғловчи бўғинлар роли ва қарама-қаршиликлар тушунчасига мисол бўлиши мумкин: Ирсият ва ўзгарувчанлик қутбларида нафақат организмнинг аввалги ҳолати, балки ўзлаштирилган янги белгилари ҳам сақланишини таъминловчи генетик код боғловчи бўғин ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда жамиятнинг ўта бой ва ўта қашшоқ қатламлари қарама-қаршиликлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўрта синф бажаради. Ўрта синф мамлакат аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этиши лозимлиги, акс ҳолда жамият ҳолати доимо беқарор бўлишини Аристотель қадим замонлардаёқ қайд этган эди. Зеро, майда мулкдорлар олган даромадининг бир қисмини ўз ишини ривожлантиришга йўналтиради, бозор конъюнктурасини ўрганади ва унга жуда тез мослашади, бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан бойитади. Яна бир мисол – шахс ва жамият муносабатлари. Маълумки, шахс ва жамият қарама-қаршиликлар ҳисобланади, шахс аъзо бўлган ижтимоий гуруҳлар уларнинг ўртасида боғловчи бўғин сифатида амал қилади.
Бу ва бошқа далиллар билишда ички қарама-қаршиликлар мавжудлгини ҳам, боғловчи бўғинларни ҳам ҳисобга олиш муҳим эканлигини кўрсатади. ХХ аср 30-йилларининг бошида инглиз физиги Поль Дирак позитронлар, яъни электронларга ўхшаш, лекин мусбат зарядга эга бўлган зарралар мавжудлигини башорат қилди. Гарчи олим ўз назариясида бирон-бир хато топмаган бўлса-да, аксилзарралар мавжудлигига унинг ишончи йуқ эди.
Шундай қилиб, қарама-қаршиликлар алоқаси ва зиддиятларни ечишнинг бир-бири билан билвосита боғлиқлиги умумий хусусият касб этади, алоқа усули эса боғланиш хусусияти билан белгиланади. Боғловчи бўғинларнинг ўзи зиддият қарама-қарши аъзолари хоссаларининг уйғунлигидан ташкил топади.
Айният ва тафовут. Тафовут - аввалги ҳолатдан сақланиб қолган хоссалар устунлик қилгани ҳолда, айни бир предмет хоссаларининг мос келмаслигидир. Тафовут кучли ёки аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Кучли тафовут – предметнинг ўз-ўзи билан зиддиятга киришиш омили. Бу қарама-қаршилик босқичи бўлиб, унинг ечилиши предметнинг бутунлай ўзгаришига олиб келади. Шундай қилиб, зиддиятларнинг кучайиши ва ўз ечимини топиши ривожланиш манбаи ҳисобланади.
«Айният» тушунчаси зиддият тарқалишининг дастлабки босқичини англатади. Бу бир хиллик, нарса, ҳодиса, жиҳатнинг ўз-ўзига ёки бошқа нарсалар, ҳодисалар, жиҳатларга ўхшашлик муносабати. «Тафовут» - ҳар хиллик, ўз-ўзига, бошқа нарсалар, ҳодисалар, жиҳатларга мос келмаслик муносабати. Зиддиятнинг вужудга келиши ягонанинг иккиланиши сифатида, ягонанинг ўз-ўзини қарама-қаршиликларга дифференциация қилиши сифатида юз беради.
Зиддиятларнинг ривожланиш жараёнига янада чуқурроқ кириш учун уларнинг тарқалиш босқичлари (фазалари)дан ташқари, уларнинг ҳолатларини ҳам фарқлаш зарур. Предметли-моддий, «етилган» зиддиятнинг ҳолати деганда унинг қарама-қаршиликларининг амал қилиш усули, «бирлиги ва кураши»нинг намоён бўлиш хусусияти тушунилади. Айни шу хусусият бу қарама-қаршиликларнинг ривожланиш хусусияти ва фаоллик даражасини, мазкур зиддиятни ечиш хусусиятини белгилайди. Зиддиятнинг ривожланиш жараёнида босқичларни ёки тарқалган, «етилган» зиддиятни тавсифловчи ҳолатларни ҳам фарқлаш мумкин. Ижтимоий тизимларга татбиқан зиддиятларнинг ривожланиш босқичларига нисбатан бундай ёндашув уларнинг қуйидаги ҳолатларини аниқлаш имконини беради: гармония, дисгармония, конфликт.
Шуни қайд этиш муҳимки, зиддиятлар ривожланаётган ҳар қандай тизимда мазкур тизим мавжудлигининг бошидан охирига қадар мавжуд бўлади. Ҳолатлар, миқдор кўрсаткичлари, қарама-қаршиликларнинг ўзаро алоқаси хусусияти, уларнинг тизимдаги ролигина ўзгаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |