Меъёр – предмет борлиғининг чегараси. У предмет хоссалари миқдор ва сифат ўзгаришларининг хусусияти билан белгиланади. Меъёр – бу шундай бир чегараки, унда миқдор ўзгаришлари нарсанинг сифатига путур етказмайди. Гегель фикрича, «Ҳамма нарса ўз меъёрига эга, яъни миқдор жиҳатидан аниқдир»1. Масалан, водород пероксиди ва сув бир-биридан молекулалардаги кислород атомларининг миқдорига кўра фарқ қилади. Ҳуқуқий, ахлоқий ва эстетик ҳодисалар тавсифида меъёр тушунчаси нормативлик хусусиятини касб этади. «Айнан «кўпроқ» ва «камроқ» орқали енгилтаклик меъёри бузилади ва бутунлай бошқа нарса – жиноят намоён бўлади, айнан «кўпроқ» ва «камроқ» орқали адолат ҳақсизликка, фазилат нуқсонга ўтади»2. Масалан, ҳуқуқда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва жазо чораси ўртасидаги мувофиқликка риоя этилади. Меъёр тушунчасида миқдор ва сифат хоссаларининг ўзаро алоқаси акс этади. Табиатда кузатиладиган нарсаларнинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиши дунё эволюциясининг муҳим ва кенг тарқалган механизмларидан бирини акс эттиради. Меъёр тушунчаси эволюция тенденцияларини аниқлаш, турли системаларнинг ўтмиши ва келажаги хусусида гипотезалар тузиш имконини беради. Миқдор сифат жиҳатидан бир жинсли ҳодисаларнинг муайян объектив кўрсаткичи бўлиб, у мазкур ҳодисаларнинг катталигини, мавжудлик муддатини ва умуман ҳодиса ёки унинг айрим томонлари ривожланишининг фаоллик даражасини тавсифлайди.
Меъёр – бу миқдор ва сифатнинг шундай бир бирлигики, бунда муайян сифат фақат муайян миқдор билан боғлиқ. Меъёр – бу миқдор кўрсаткичлари ёки ўзгаришларининг тегишли сифат мавжуд бўлиши мумкин бўлган муайян оралиғи ҳамдир. Миқдорнинг меъёр доирасида ўзгариши сифатнинг ўзгаришига сабаб бўлмайди, лекин меъёрдан ошилганда нарса ўзининг аввалги моҳиятини йўқотади.
Миқдор ва сифат ўзгаришларининг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги қоида умумий аҳамият касб этади. У атроф борлиқнинг барча нарсалари ва ҳодисаларига нисбатан ўринли, яъни диалектика қонуни кучига эга. У қуйидагича таърифланади. Миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиши қонуни нарсанинг миқдор ва сифат томонларининг шундай бир ўзаро алоқасини акс эттирадики, унинг таъсирида миқдор ўзгаришлари меъёр чегарасидан четга чиқиб, албатта туб сифат ўзгаришларига сабаб бўлади, бу сифат ўзгаришлари эса, ўз навбатида, янги миқдор кўрсаткичларига олиб келади.
Бу қонунга мувофиқ ривожланиш бир-биридан фарқ қиладиган, лекин ўзаро боғланган икки босқич – узлуксизлик ва узлуклиликнинг бирлиги сифатида юз беради. Ривожланишда узлуксизлик – бу жуда суст, кўзга кўринмас миқдор ўзгаришлари босқичи. Ривожланишда узлуклилик сакраш деб аталади. Сакраш – бу бир сифатнинг бошқа сифатга айланиш вақти, шакли, усули, миқдор ўзгаришларининг узлуксизлиги, босқичма-босқичлигидаги узилиш. Масалан, сакраш – бу Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши, ҳайвонлар дунёсидан инсоннинг ажралиб чиқиши, бир ижтимоий тузум ўрнига бошқа ижтимоий тузум келиши, буюк илмий ва техникавий кашфиётлар. Ҳар қандай сакраш ривожланишда ўтиш даврини тавсифлайди. Ўз табиатига кўра у доим зиддиятлидир, чунки янгининг туғилишидан ҳам, эскининг қаршилигидан ҳам далолат беради.
Шундай қилиб, миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиш қонуни унинг ривожланишнинг умумий қонуни сифатидаги мазмуни ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини берадиган «сифат», «миқдор», «меъёр», «сакраш» категориялари ёрдамида муайянлаштирилади. Мазкур қонун бутун борлиқнинг ривожланиши, ҳаракати ва ўзгариши қандай, қай тарзда юз беради, деган саволга жавоб бериб, объектив воқеликнинг ҳар қандай соҳасида янги сифатга ўтишнинг ички механизмини ёритади. Кўриб чиқилган қонунлар ривожланиш манбаи ва унинг механизмини ёритиб берса, инкорни-инкор қонуни – ривожланишнинг умумий тенденциясини, унинг йўналишини акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |