«Ривожланиш» тушунчасига у бошқа маълум тушунчалар – «ўзгариш» ва «ҳаракат» билан ўзаро нисбатлаш йўли билан таъриф бериш мумкин. Ўзгариш – бу нарсалар, ҳодисаларнинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиши. У «барқарорлик»ка зид ва аниқ йўналишли – прогрессив ёки регрессив хусусият касб этади. Прогресс ёки тараққиёт – материя тузилишининг қуйи шаклларидан олий шаклларига, соддадан мураккабга ўтиш. Бунга тескари йўналишда юз берувчи жараён регресс деб аталади.
Ривожланишни ҳаракат феноменидан қуйидаги жиҳатлар ёрдамида фарқлаш мумкин: 1) вақтда аниқ йўналишга эгалик – ўтмишдан ҳозирги давр орқали келажакка қаратилганлик; 2) жараённинг ортга қайтмаслиги, яъни ўзгарувчи реал нарсалар, ҳодисалар ўз индивидуал жиҳатларида бетакрордир; 3) ривожланиш жараёнида янги, яъни илгари мавжуд бўлмаган нарсанинг пайдо бўлиши; 4) ривожланишнинг қонуний хусусияти, у муайян қонунларга бўйсуниши.
Ривожланишнинг диалектик концепцияси қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътиборни қаратади: Биринчидан, ривожланишнинг манбаи нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларнинг ички зиддиятларидир. Бу борлиқнинг барча ҳодисаларига ички қарама-қаршиликлар хос эканлигини англатади. Бу қарама-қаршиликлар ўртасидаги муносабатлар зиддиятлар деб аталади. Ҳар бир предмет, ҳодиса, жараён доирасида қарама-қаршиликларнинг бирлиги ва қарши ҳаракати кузатилади. У ҳамма жойда: жонсиз табиатда ҳам, жонли табиатда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам, онг соҳасида ҳам юз беради. Чунки борлиқнинг умумий қонуни – диалектик зиддиятлилик қонуни амал қилади. Иккинчидан, миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиши ривожланишнинг шакли ҳисобланади. Табиат, жамият ва тафаккурда юз берувчи жараёнлар таҳлили ҳар бир нарса, ҳодиса, жараёнга бир-бири билан узвий алоқа қилувчи ва муттасил ўзгарувчи миқдор ва сифат жиҳатлари хосдир, деган хулосага келиш имконини беради. Бу ўзгаришларнинг моҳияти шунда намоён бўладики, миқдор ўзгаришлари аста-секин йиғилиб, предметнинг меъёрини оширади ва унинг сифат ҳолати ўзгаришига сабаб бўлади. Бу сакраш, ривожланиш жараёнида ҳужумкорликни тўхтатиш тарзида юз беради. Бу ерда борлиқнинг умумий қонуни – миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиши қонуни амал қилади. Учинчидан, ривожланиш жараёнида ворисийлик омили муқаррар тарзда мавжуд бўлади. Бунинг натижасида ривожланиш олдинги даражаларининг бойлиги муттасил тўпланиши унга ҳужумкор тус беради. Шунга қарамай айни шу ҳужумкорлик зиддиятлидир, чунки ривожланиш цикллилик босқичларини ўз ичига олади, «гўёки» эскига қайтиш юз беради ва ривожланиш спиралсимон кўриниш касб этади. Бунда борлиқнинг умумий қонуни – инкорни-инкор намоён бўлади.
Ривожланишнинг умумий қонунлари. Диалектика қонунлари тизимида диалектик зиддиятлилик қонуни марказий ўринни эгаллайди. Қонуннинг муҳим жиҳатларини аниқлаш учун унинг асосий категорияларини кўриб чиқиш керак. Таҳлилни қарама-қаршилик тушунчасидан бошлаймиз. Қарама-қаршиликлар – предметнинг бир-бирини истисно этувчи ва бир-бирини назарда тутувчи томонларидир. Қарама-қаршиликлар – ўзаро боғланишли бўлган тушунчалар. Турли жиҳатлардан олинган тақдирда, улар ўзаро бирликни ташкил этмайди ва бир-бирига зид бўлмаслиги мумкин. Қарама-қаршилик – нарсалар ва ҳодисалардаги бир-бирини тақозо қилувчи ва бир-бирини истисно этувчи томонлар, ҳоссалар, тенденциялар, жараёнларни акс эттирувчи фалсафий категория (ассимиляция – диссимиляция, ўзгарувчанлик – туғмалик, ишлаб чиқариш – истеъмол қилиш, яхшилик – ёмонлик ва ш.к.).
Қарама-қаршиликлар ўртасида икки хил муносабат мавжуд: ягоналик муносабати ва қарши ҳаракатга доир муносабат (қонуннинг классик таърифида «кураш» атамаси ишлатиладики, у қонуннинг моҳиятини соддалаштиради, чунки мазкур атама кўпроқ жамиятга тегишлидир.)
Do'stlaringiz bilan baham: |