Ўзбекистонда инсон тараққиёти концепциясини тарғиб этиш.
Жамиятнинг ривожланиш стратегияси– бу бош мақсад ва устуворликларни ҳамда сиёсий ислоҳотлар, иқтисодий ва ижтимоий дастурларни амалга оширишнинг изчиллиги, бирин-кетинлигини аниқ белгилашдир. Яққол ифодаланган стратегиясиз барқарор ижтимоий тараққиёт, ҳокимиятнинг турли тармоқлари ва даражаларида хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ресурслар ва кучларнинг оптимал тақсимланишига эришиш мумкин эмас. Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси мамлакат Биринчи Президенти И.А.Каримов асарларида Ўзбекистоннинг тарихий ривожланиш хусусиятлари, ўтиш даври муаммолари ва умумбашарий тараққиёт тенденцияларини чуқур таҳлилига асосланган ҳолда ҳар томонлама ишлаб чиқилган.
Мамлакатимиз олдида турган юксак стратегик мақсад ҳақида сўз юритар экан, Биринчи Президент И.А.Каримов қайд этганидек, у“барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш”дан иборатдир22.
Бу мақсад тўла-тўкис ҳолда БМТ томонидан илгари сурилган Инсон тараққиёти концепцияси (ИТК) билан уйғунлашгандир. ИТКни англаш жараёнида туғиладиган биринчи савол табиийки, “инсон тараққиёти” деганда нима тушунилади? БМТнинг Тараққиёт дастури(БМТТД) томонидан тайёрланган 2010 йил Инсон тараққиёти ҳақидаги маърузада унга қуйидагича таъриф берилади:
“Инсон тараққиёти ўз моҳиятига кўра инсон эркинликлари қаторига одамларнинг узоқ, соғлом ва ижодкор ҳаётга бўлган ҳуқуқларини ҳамда бошқа, уларнинг фикри бўйича қадрлашга арзигулик мақсадларга эришиш; бизнинг муштарак сайёрамизда адолат ва ривожланишни барқарорлигини таъминлашда фаол иштирок этишни киритишдан иборат. Одамлар– алоҳидами ёки гуруҳларми– бир вақтда инсон ривожланишининг ҳам сайи-мақсади, ҳам ҳаракатлантирувчи кучидирлар”23.
Бу таърифни тушуниб етиш қуйидаги хулосани чиқаришга имкон беради: инсон тараққиёти– комплекс характерга эга бўлиб, ўз ичига инсоннинг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларини қондиришни, унинг соғлиққа, таълим олишга, ўзини ифода қилиш эркинлигига, бугунги ва келгуси авлодлар хавфсизлигига бўлган ҳуқуқларини таъминлашни қамраб олади.
Узоқ вақт давомида дунёда иқтисодий ривожланиш концепцияси якка ҳукмрон бўлиб келган. Қисқача айтганда, ушбу концепциянинг моҳияти ниҳоятда содда ва тушунарли: иқтисодиёт ва меҳнат самарадорлигининг ўсиш суръати юқори бўлган, ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ва аҳоли жон бошига ўртача даромади юқори бўлган мамлакат фаровон ҳисобланади. Турли сиёсий, иқтисодий тизимларга эга давлатлар айнан иқтисодий ривожланиш суръатларига кўра ўзаро рақобатлашар эдилар. Бу концепция содда ва тушунарли бўлгани туфайли ҳамон одамлар тафаккурига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Аммо XXI аср бўсағасида иқтисодий ўсишнинг ўзи асосий мақсад эмаслиги аён бўлиб қолди. Жамиятнинг даромадлари фақат восита холос: улар кам таъминланган аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларига ҳам, қуролланишга ҳам, маорифни ривожлантиришга ҳам, дабдабали, аммо ҳалқ фаровонлигига таъсир кўрсатмайдиган лойиҳаларни амалга оширишга ҳам сарфланиши мумкин. Шу сабабли турли мамлакатлардаги турмуш сифати ҳар доим ҳам ўртача даромад даражасига мос келавермайди. Бундан ташқари, ЯИМ нотекис тақсимланиши мумкин. Зеро, ҳукуматларнинг ижтимоий сиёсати фаол, кучли ёки суст, лоқайд бўлиши мумкин. Демак, ЯИМ даражаси ҳам, ўсиш суръати ҳам тараққиёт ва муваффақиятнинг асосий мезони бўла олмайди. Бу ҳақиқатни англаш янгича ёндашувни– Инсон тараққиёти концепциясини шакллантириш имконини берди.
1995 йилдан буён Ўзбекистонда Инсон тараққиёти тўғрисида тўққизта маъруза эълон қилинган бўлиб, улар ижтимоий сиёсат, иқтисодий ўсиш, ислоҳотларни ўтказишда давлатнинг роли, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, давлат бошқарувини марказлаштиришни чеклаш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига бағишланган24.
Инсон тараққиёти ҳақидаги маъруза фақатгина қизиқарли статистик маълумотларни қамраб олган оммабоп материал эмас. Бу, энг аввало, инсон тараққиёти борасидаги мамлакат стратегияси амалга оширилиши жараёнини акс эттиради, сиёсат устуворликларини ифодалайди ва келгуси ҳаракат дастурини белгилаб беради25.
Шундай қилиб, йигирма йилдан кам муддатда Инсон тараққиётиконцепцияси ижтимоий жараённинг умум тан олинган парадигмасига айланди. Бошқача айтганда, у нафақат назарий қурилма, балки жамият ривожланишнинг комплекс моделидир. Инсон тарққиёти нуқтаи назаридан ютуқлар бугун барча жойларда мамлакат фаровонлиги ва у танлаган йўлнинг тўғрилигини тасдиқловчи бош мезон сифатида тан олинади. 2000 йилнинг сентябрь ойида БМТнинг Минг йиллик Саммити бўлиб ўтди ва унда БМТнинг Минг йиллик Декларацияси, яъни халқаро ҳамжамиятнинг инсон тараққиёти ва инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳаракат дастури бир овоздан қабул қилинди. Бу ҳужжатга биноан
Минг йиллик ривожланиш мақсадлари, яъни 192 давлат ва 23 халқаро ташкилотлар томонидан 2015 йилга келиб қашшоқликни бартараф қилиш, одамларнинг билим даражасини кўтариш, атроф-муҳитни ҳимояқилиш,инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини таъминлаш, касалликларга қарши курашиш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида эришиш керак бўлган вазифаларга оид мажбуриятлар белгиланди. МРМга эришиш билан боғлиқ ҳолатлар 8 та мақсад, 21 та вазифа ва 60 кўрсаткичларга асосланган ҳолда баҳоланади26.
БМТ Бош ассамблеясининг 2010 йил 22 сентябрдаги 65/1 “Ваъдани бажариш: Минг йиллик Декларациясида ифодаланган ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш учун бирлашиш” Резолюциясида2015 йилга қадар ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришишга кўмаклашишда миллий парламентлар роли алоҳида қайд қилинган. МРМ кўпчилик ҳолларда инсон тараққиёти концепциясининг асосий қоидалари билан мос келади ва умумий қадриятларга эга. Инсон тараққиёти одамлар манфаатини унинг ҳаётийфаолиятини қадр-қиммат ва эркинликларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда танлов ҳуқуқини кенгайтириш мақсадида ифодалайди. Бир вақтнинг ўзида МРМ инсон тараққиётининг барча асосий йўналишларини қамраб олмайди.
Ўзбекистондаги инсон тараққиётига бўлган устувор эътибор, мамлакат
тараққиётининг янги сифати ва аҳоли фаровонлиги тубдан ортганлигидан далолат берувчи аниқ маълумотлар орқали кўрсатилди. Хусусан, оналар ўлими даражаси икки баравардан кўпроқ, болалар ўлими эса уч баравар камайди. 20 йил мобайнида ўртача умр кўриш 67 ёшдан73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшгача ошди.
Шу билан бирга, барча даражадаги давлат ҳокимият органларининг инсон тараққиёти борасида белгиланган марраларга сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича фаолиятини янада жадаллаштиришга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |