2-мавзу. Инсон тараккиёти концепцияси (4 соат)
Режа:
1.Инсон тараққиётининг асосий унсурлари.
2.Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларацияси. Инсон хукуклари бўйича ҳукуклар, халкаро ҳужжатлар ва стандартлар.
3.Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлар.
4. Инсон тараққиёти концепциясининг пайдо бўлиши.
5. Инсон тараққиёти даражаси ўлчовлари.
6.Ўзбекистонда инсон тараққиёти концепциясини тарғиб этиш.
Инсон тараққиётининг асосий унсурлари.
Инсон капиталининг ривожланишидан кўзланган пировард мақсад инсоннинг танлаш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Ривожланиш жараёни инсонларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириб бориб, улардаги мавжуд салоҳиятини ошириб фуқароларга тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятини беради ва ижодий имкониятларини тўлиқ амалиётга жорий эта бошлайди. Инсонлар эса бундай ривожланишдан манфаатдор шахслардир. Айни пайтда инсон ана шу манфаат туфайли юзага келадиган тараққиёт ва ўзгаришлар омилидир. Ушбу жараён барча инсонларнинг фаровонлиги йўлида адолатли йўсинда кечмоғи ва у ҳар бир кишининг фаол иштирок этишига асосланмоғи лозим.
Инновацион иқтисодиётнинг асосини ҳозирги давр жамиятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳал қилувчи кучи ҳисобланган инсон капитали ташкил этади. Яъни инсон тафаккури ишлаб чиқариш тизимининг шунчаки муайян унсури бўлиб қолмасдан, балки бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланди. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тараққий этган давлатларда инсонга ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасига харажатлар моддий жамғармалар миқдорига қараганда юқорироқ бўлмоқда. Ишлаб чиқаришга инвестициялар киритиш қанчалик муҳим бўлмасин, инсонни ривожлантиришга сармояларга тобора кўпроқ устуворлик берилмоқда. Яъни мазкур мамлакатларда такрор ҳосил қилиш жараёнидаги энг жиддий ўзгаришлар моддий ишлаб чиқариш соҳасидан ташқарида содир бўлмоқда.
Инсонни ривожлантириш концепцияси ниҳоятда кўп қиррали, унинг инсон ва жамият ҳаётининг турли томонларида қўлланилиши имкониятлари кенг. БМТ Ривожланиш дастурининг ҳар йилги инсонни ривожлантириш тўғрисидаги маърузалари ва турли мамлакатларнинг миллий маърузалари ҳудди шундан далолат беради.
БМТ Ривожланиш дастурининг 1990 йилдаги бундай биринчи маърузасида инсонни ривожлантириш назарияси ва уни ўлчаш индикаторлари чуқур ишлаб чиқилиши билан бир қаторда урбанизация муаммоларига бағишланган қисм ҳам мавжуд эди. Ана шундан кейинги маърузалар мавзулари ҳаётий эхтиёжлар, одамлар хавфсизлигининг турли мезонлари, ҳарбий харажатларни қисқартириш ҳисобига ижтимоий ривожланиш имкониятлари, ҳамкорликнинг янги йўналишлари, қашшоқлик билан кураш, иш биланд бандликка глобаллашувнинг таъсири, истеъмол моделлари, инсонни ривожлантириш билан барқарор экологик ривожланиш мезонлари ўртасидаги боғлиқлик каби кўпгина масалаларни қамраб олган.
Шу тариқа ижтимоий ривожланишнинг ҳозирги босқичи инсонни факат ижтимоий ҳаётнинг анъанавий маънавий соҳасидагина эмас, такрор ҳосил қилиш жараёнларида ҳам инсонга марказий ўринни ажратади. Бунда инсон ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бирламчи ва пировард мақсади эканлиги эътироф этилади.
Жахондаги турли мамлакатларда турмуш сифатини бахолаш учун покистонлик иқтисодчи Маҳбуб ул-Хақ1 бошчилигидаги БМТ экспертлар гуруҳи томонидан интеграл кўрсаткич – Инсон салоҳиятини ривожлантириш индекси (ИСРИ) ишлаб чиқилди. Бу ўринда мазкур индекснинг концептуал таркиби Амартия Сан изланишлари натижаси асосида яратилганлигини таъкидлаш керак.
Маҳбуб ул-Ҳақнинг таъкидлашича, “Инсонни ривожлантириш концепцияси бугунги кунда энг яхлит ривожланиш модели ҳисобланади. У иқтисодий ўсиш, ижтимоий инвестициялар, одамлар имкониятларини кенгайтириш, асосий эҳтиёжларни қондириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш, сиёсий ва маданий эркинликлар ҳамда инсон ҳаёти барча бошқа соҳаларини қамраб оладиган ривожланишнинг барча масалаларини мужассамлаштирган. У тор маънодаги технократик ёки ҳаддан ташқари фалсафий концепция эмас. У ҳаётни акс эттиради”.
Мазкур масалада турмуш даражаси (ёки фаровонлик даражаси) билан турмуш сифатини фарқлай олиши керак. Турмуш даражаси моддий фаровонлик даражасини, яъни одамларнинг моддий эҳтиёжи қондирилганлигининг даражасини ифода этади. Унинг мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичини аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткич ифода қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |