Президент лавозимининг таъсис этилиши республиканинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллиги учун кураш борасида қўйилган навбатдаги дадил қадамлардан эди.
Республиканинг Президенти сессияда «Бу катта ишонч учун ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман, мен буни, энг аввало, ўзбек халқи, Ўзбекистон ССРнинг барча меҳнаткашлари, ишчилар синфи, деҳқонлар, зиёлилар, жумҳуриятимизда яшовчи ҳамма миллат ва халқлар тақдири учун ўз зиммамга тушган улкан бурч ва жавобгарлик деб қабул қиламан. Ҳар бир гражданнинг конституцон ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш йўлида катта масъулият деб тушунаман», деди.
Ўз фикрини давом эттириб, Президент ўз вазифасига тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади: «Ўзбекистон Президенти сифатидаги ўзимнинг асосий вазифаларимни нимадан иборат деб биламан? Ўзбекистон ССРнинг сиёсий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва янада такомиллаштириш, уни янги ва ҳаётий мазмун билан бойитиш, шунингдек, Президент бошқарувининг муҳим вазифаларидан бири республиканинг иқтисодий мустақиллигини, ўзини ўзи идора қилишга ўтишини таъминлашдир. Айни чоғда меҳнаткашларнинг, аҳолининг ҳамма табақалари фаровонлигини ошириш, одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, ижтимоий соҳани тез суръатлар билан ривожлантириш – республика давлат ҳокимияти органларидан, шахсан мендан, Ўзбекистон ССР Президентидан доимий эътибор талаб қиладиган вазифадир». Шу тариқа Президент энг қийин, зиддиятли, таҳликали бир пайтда бутун масъулиятни ўз зиммасига олди. Яна муҳим сиёсий воқеалардан бири, бу 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган Ўзбекистон ССР Олий Советининг 2-сессиясида Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. У 12 бўлимдан иборат бўлиб, унда миллий армияни шакллантириш билан боғлиқ бўлган айрим бандлар қуйидагилардан иборат эди:
1. Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи мунособатлардаги танҳо ҳокимлигидир.
2. Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб, ўзгартирилиши мумкин эмас.
3. Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир ва ҳ.к.
1991 йил 25 августдаги Ўзбекистон ССР Президентининг Фармонига кўра:
1. Республика ҳудудида жойлашган СССР ИИВ ва Давлат Хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига олинди.
2. Республика ва унинг фуқоролари хавфсизлигини, манфаатларини муҳофаза қилишни назарда тутади.
3. Республика ҳудудида жойлашган СССР ИИВнинг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилди.
4. Ўзбекистон ССР ИИВ, ДХҚ, прокуратураси ва адлия органлари, шунингдек, республика ҳудудида жойлашган ички қўшинлар, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва қўшилмалари партиядан холи қилинди ва ҳ.к.
Мустақиллик декларациясида ўзбек халқининг асрлар давомида қўлга киритган давлат қурилиши ва маданий тараққиёт борасидаги бой тарихий тажрибаси ва анъаналари ҳисобга олиниши уқтирилди.
Мустақиллик декларацияси кириш қисмида қуйидаги принциплар ўз аксини топди: «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи, Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилади».
Мустақилликка эришиш йўлида айниқса Ўзбекистоннинг ГКЧП воқеаси пайтидаги қатъий позицияси ҳал қилувчи роль ўйнади. Шу куни Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон сафаридан қайтгани ҳамоноқ – 19 август куни кечқурун республика раҳбарлари ва Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашиб, қатъий тарзда ГКЧПга муносабат борасида Ўзбекистон нуқтайи назарини маълум қилди. Республика раҳбарияти: «Марказдан, ким бўлишидан қатъи назар, қонунга хилоф кўрсатмаларни бажариш мумкин эмас», деб ҳисоблади. 20 августда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсати, Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари иштирокида қўшма мажлис бўлди. Унда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш йўли ўзгармаслиги ҳақида Баёнот қабул қилинди.
Шу куни Президент республика аҳолисига мурожаат билан чиқди. Ушбу мурожаатда Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигига эришиш йўли қатъий эканини яна бир бор алоҳида уқтирилди. Жумладан, унда шундай дейилди: «Ўзбекистон жумҳурияти, унинг раҳбарияти қайта қуриш даврида ҳам ҳеч қачон бировнинг гапига кириб иш тутган эмас. Марказдан, бошқа баъзи бир жумҳуриятлардан қандай қарорлар чиқмасин, ваъдалар берилмасин, ҳар қандай чақириқлар, даъватлар, йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракатлар бўлмасин, биз ўзимиз танлаган йўлимиздан ва белгилаб олган мақсадимиздан қайтганимиз йўқ. Бу йўл бизнинг халқимиз тарихига, урф-одатларига, табиатимиз шарт-шароитларига, хуллас, халқимиз манфаатларига мос йўлдир», - деб қатъий таъкидланди.
Ана шундай шароитда, яъни Марказ ва республикалар ўртасидаги муносабатлар тобора таранглашиб, Марказ бошқарув қобилиятини йўқотган, ҳар бир минтақа, ҳар бир республика ўз ҳолига ташлаб қўйилган. бир шароитда тарихий вазиятни тўғри баҳолаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Кенгаш сессиясини чақириш ва унда Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида Қонун қабул қилиш масаласини кескин қўйди. Чунки ҳар бир миллий республиканинг чинакам тенг ҳуқуқлилиги ва мустақиллиги таъминлангандагина таназзулдан чиқиш мумкин эди. Бунинг учун мустақиллик йўлидаги барча тўсиқлар олиб ташланиши, республика сўзда эмас, балки амалда тенглар орасида тенг бўлиши лозим эди.
Ўзбекистоннинг мустақил давлат деб эълон қилинишида мазкур сессия катта тарихий аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Унда «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги масалалар кун тартибига қўйилиб, қизғин муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Президент маърузаси тингланди. У ўз нутқида 1991 йил ўрталарида марказий ҳукумат олиб бораётган ички сиёсатни таҳлил қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |