Аҳоли турмуш тарзининг оғирлашуви. Орол фожиаси.
Мустақилликка қадар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий манзараси. Мустақилликка қадар давлатимиз раҳбари Ислом Каримов энг муҳим вазифа Ўзбекистоннинг ҳаётига халақит бераётган хато ва бузилишларни аниқлаб олишга эътибор қаратди. Марказ босим ўтказаётган таҳликали шароитда ўша даврнинг (собиқ Иттифоқ даври) оғир ва аянчли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий манзарасига тўғри ва холис баҳо берган инсон Ислом Каримов эди. Шу ўринда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Компартиясининг 1990 йил 4 июнда бўлиб ўтган XXII съездида сўзлаган нутқидан парча келтириш мақсадга мувофиқдир.
«Шу нарса шак-шубҳасиз ва очиқ-ойдиндирки, – дейди Ислом Каримов, – республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. Биз бу рақамларни илгари ҳам неча марталаб айтганмиз, аммо бугун уларни яна бир бор идрок этмоқ керак. Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст.
Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойига ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши СССРда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради. Бир миллионга яқин киши ижтимоий ишлаб чиқаришда ўзининг қўлидан келадиган ишни топа олмаяпти.
Агар республикада қишлоқ меҳнаткашларининг иш ҳақи саноат меҳнаткашларининг иш ҳақидан анча паст эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша йилларда аҳолининг аксарият кўпчилик қисмининг турмуш даражаси паст эди.
Маълумки, мустақилликка эришиш остонасида одамларнинг таъминоти, даромади, яшаши учун зарур бўлган кундалик маҳсулотларнинг энг кам миқдори, ортиқча ишчи кучининг бандлиги каби масалалардаги аҳвол оғир бўлган. Бунинг асосий сабаби - бу йилларда ҳар бир вилоят бўйича аниқ дастурлар, ички резервлар ҳисобидан ишни тўғри ташкил этиш, ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш, қанча миқдорда, кимга ва қачон қўшимча хом ашё ажратиш эвазига аҳволни яхшилаш имкониятлари тўғрисида амалий тадбирлар бўлмаган. Бу даврда йилдан-йилга тобора кескинлашиб келаётган асосий ижтимоий муаммо - бу аҳоли ўртасида ишсизлар сонининг жадал равишда ўсиб бориши эди. Мамлакатимиз раҳбари ўша даврда вужудга келган аҳволдан чиқиш йўли сифатида қуйидагиларни белгилаб берди:
а) ишларнинг аҳволига холис баҳо бериш, республикадаги вазиятни соғломлаштиришнинг конкрет ва аниқ-пухта дастурини ишлаб чиқиш;
б) ҳаётнинг барча соҳаларида қатъий тартиб ва интизом ўрнатиш, раҳбар кадрларни жой-жойига тўғри қўйиш, уларга нисбатан талабчанликни ошириш.
Демак, юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, ҳарбий хизматчилар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида мустақилликкача бўлган давр билан боғлиқ бўлган тарихий жараёнларни фалсафий-мантиқий тушуниш, истиқлол тарихини англаш, тарихий-сиёсий воқелик ва ҳодисаларга таҳлилий ёндашиш, уларнинг босқичма-босқич курашлар эвазига қўлга киритилганини идрок этиш масалаларга чуқур ёндашиш зарур эди5.
Бунинг сабабларидан бири сифатида қишлоқда яшовчи 240 минг оила мутлақо шахсий томорқага эга эмасди. Чунки шахсий хўжаликлар учун ажратилган майдондар умумий ҳайдов ерларининг 5 фоиздан ҳам камроғини ташкил этарди6. Шахсий ёрдамчи хўжаликнинг яна муаммоси шундан иборат эдики, қишлоқ хонадонларининг 45 фоизи сигирларга эга эмасди. Қишлоқ оилаларининг бешдан бир қисмида ҳеч қандай чорва моллари, ярмидан кўпроғида қўй йўқ эди7. Бундан аҳвол чорвачилик маҳсулотлари етишмаслигига, унинг истеъмолининг пасайишига олиб келган. Бундай вазиятни китобимизнинг 1 ва 2-жадвалларида кўриш мумкин. Бироқ, қишлоқ аҳолисининг чорва моллари боқмаслигига сабаб ем-ҳашакнинг йўқлиги эди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида шахсий ёрдамчи хўжаликлар майдонини кўпайтириш чоралари кўрилди. 1989 йил август қароридан сўнг, 1990 йилдаёқ шахсий ёрдамчи хўжаликлар ихтиёрига берилган ер майдондари 1989 йилга нисбатан 1,5 баравар кўпайтирилди8.
Бу борада собиқ иттифоқ парокандаликка юз тутганда Ўзбекистонда юзага келган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий вазиятни эслаш мақсадга мувофиқдир. Советлар даврида Республиканинг ортда қолиб кетишига асосий сабаблардан бири унинг хом ашё етказиб берувчи ўлкага айланиб қолганлиги ва пахта якка ҳокимлигидир.1930 йиллардан бошлаб шўролар пахта мустақиллигига эришиш мақсадида Ўзбекистонни пахтага ихтисослаштириш сиёсати натижасида республика иқтисодиёти бирёқлама ривожланиб, Иттифоқнинг хом ашё базасига айланиб қолди. Натижада Ўзбекистон энг оддий саноат маҳсулотларига бўлган ўз эҳтиёжининг ярмини ҳам қондиришга қодир эмас. Бир қанча вилоят ва районларда экин майдонлари нисбатида пахтазорлар 75-80 фоизни ташкил қилди
1980 йилларда Ўзбекистон Иттифоқда етиштириладиган пахтанинг 70 фоизини тайёрлашига қарамасдан,етиштирилган жами пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланар эди. Бу кўрсаткич бугунги кунда 44 фоизни ташкил этмоқда.
Пахта етиштиришда меҳнатнинг 84 фоизи Ўзбекистон зиммасига тушган, уни дастлабки қайта ишлашдан тушадиган даромаднинг атиги 16 фоизи республикага теккан.
Мустақилликка қадар саноатда тайёр маҳсулотнинг улуши бор-йўғи 50 фоизни ташкил этарди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 80 фоиздан кўпроғи мутлақо қайта ишланмасдан республика ташқарисига чиқарилган. Республикадан олиб кетилаётган маҳсулотнинг учдан икки қисми хом ашё, материаллар ва чала тайёр маҳсулотлар бўлиб, Республикага келтирилаётган товарларнинг 60 фоизи эса машиналар, асбоб-ускуналар, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларидир.
Ўзбекистон ғалла ва ун маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжнинг 80 фоиздан ортиғи четдан келтирилган маҳсулотлар ҳисобидан қопланар эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида республикамизда халқ истеъмоли молларининг 60-70 фоизи четдан олиб келинар эди. Ўша йиллари мамлакат импорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 73,8 фоизни ташкил этар эди.
Республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида эди. Ўзбекистон киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича эса кўрсаткич Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст эди.
Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилган.
Масалан, Ўзбекистонда гўшт истеъмол қилиш ҳар бир одамга ўртача 29 килограммдан тўғри келса, бу кўрсаткич РСФСР да 71 кг ни, Украинада 67 кг ни, қўшни Қозоғистонда 63 кг ни ташкил этган.
Ўзбекистон болалар ўлими бўйича Иттифоқда биринчи ўринда турган.Бу ерда 1980 йилларда ҳар минг боладан 31 таси бир ёшга етмасдан нобуд бўлган, бу кўрсаткич Украинада 17 тани, Белоруссияда 18 тани, Литвада 19 тани, Латвия ва Эстонияда 17 тани ташкил этган.
1990 йилда давлат бюджети ҳаражатларининг атиги 31 фоизи ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. 1992 йилда маданий-ижтимоий тадбирлар учун давлат бюджетининг 35,43 фоизи сарфланган, бу рақам 1993 йилда 37,79 фоиз, 1994 йилда 43,03 фоиз, 1995 йилда 45,29 фоизни, 2008 йилда эса 50 фоиздан ошиқни ташкил этган. 2016 йил бюджетида ижтимоий соҳага қарийб 60 фоиз маблағлар йўналтирилди. Унинг 34 фоизи таълим, 15 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган.
Шуни ҳам назарда тутиш зарурки, Мустақилликка эришган пайтда юртимизда ўта қалтис ижтимоий вазият вужудга келган эди. Аҳолининг ўсиш суръатлари ўртача собиқ иттифоқ кўрсаткичдан 3 баробар юқори эди. Бунинг устига, меҳнат ресурслари аҳолининг ўртача ўсиш кўрсаткичидан 2 баробар тез ўсаётганди. Охир-оқибатда ишсизлик даражаси ортиб, аҳоли даромадлари кескин тушиб бормокда эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Республикадаги аҳолининг социал аҳволи, уларни социал таъминоти ва ижтимоий ҳимоя қилиш мутлақо қониқарсиз эди.
Соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган, мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоизи нобоп биноларда жойлаштирилган, Республикада 1700 та мактаб вайрон ҳолда, қурилаётган мактаблар сони эса аҳолининг кўпайиш суръатини аранг қондирарди. Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича мамлакат энг охирги поғоналардан бирида эди. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборат эдики, Собиқ Иттифоқ даврида маълум қадриятларга эга бўлган кишиларнинг муайян ижтимоий онги шаклланганлигини ҳам эътиборга олмаслик мумкин эмас эди.Собиқ Иттифоқ даврида хусусий мулкни йўқотиш ғояси амалиётга татбиқ этилди.
30-йилларнинг бошларида иқтисодиётга раҳбарлик қилишнинг маъмуриятчилик, буйруқбозлик усуллари ғалаба қозониб, Ўзбекистонни, унинг ишлаб чиқарувчи кучларини ривожлантиришга яроқсиз ёндашувлар тобора қарор топиб борди. Хўш, бу иллатлар нималарда намоён бўлди? Аввало шундаки, бизнинг республикамиз, асосан, хомашё базаси, саноат министрликлари ва идораларининг мўмай хомашё манбаи деб ҳисобланар эди. Ўлканинг маҳаллий, ижтимоий-иқтисодий хусусиятларига баъзан етарлича, баъзан мутлақо баҳо берилмади, баъзан эса бу хусусиятлар писанд ҳам қилинмади. Иқтисодий ва ижтимоий соҳани комплекс, жадал ривожлантиришнинг, умумиттифоқ меҳнат тақсимотида Ўзбекистон ССРнинг мавқеи ва ўрнини ўзгартиришнинг муқобил йўллари эътиборга олинмади»9. Юқоридаги маълумотлар асосида қулай ахборот олиш учун қуйидаги жадвални келтиришни лозим топдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |