2-§. Қадимги Хоразм, Қанғ, Даван, Кушон давлатлари. Буюк Ипак йўли.
Хоразм мил. ав. IV асрда Аҳамонийлар давлатидан мустақил бўлди. Александар ва Салавкийлар даврида Хоразм давлати мустақил эди. Хоразм аҳолиси хўжалигининг асосини деҳқончилик ташкил қилган. Хоразмда шаҳарсозлик бошланиши мил. авв. VII асрга бориб тақалади (Кўзалиқир шаҳри). Маҳаллий ҳукмдорнинг қароргоҳи бўлган улкан қалъа (Қалъалиқир шаҳари) қурилган. Мил. авв. III-II асрларда Жонбосқалъа Хоразмнинг қадимги шаҳари бўлган. Қўйқирилганқалъа харобалари остидан айлана шаклида қурилган ибодатхона қолдиқлари топилган.
Милодий II-III асрда Тупроққалъа шаҳрида бундан ҳам улуғвор ва мустаҳкам қурилиш ишлари амалга оширилган. Тупроққалъа шаҳри мудофаа девори билан ўралган, девор бурчакларида буржлар қурилган. Марказдан ўтган кўча шаҳарни иккига бўлган, ундан атрофга кўчалар кетган, маҳаллалар бир-биридан ажралиб турган. Марказий майдонда сарой ва ибодатхоналар жойлашган. Тупроққалъа қасридаги сарой девори шоҳ, лашкар, созанда, ҳайвон ва қушлар тасвири билан безалган. Заллардан биридаги токчаларда девор бўйлаб 20 дан ортиқ бўялган лой ҳайкаллар ўрнатилган.
Хоразмда айниқса ҳунармандчилик юксак даражада ривож топган: кулолчилик, темир, мис асбоблар, қуроллар, заргарлик буюмларига талаб катта бўлган. Хоразм аҳолиси Сўғдиёна, Марғиёна, Бақтрия ва дашт кўчманчилар билан савдо ўрнатган. Хоразмдан мил. авв. I асрда ва милодий дастлабки асрларда кумуш ва мис тангалар зарб қилинган.
Ўрта Осиёдаги энг қадимги ёзув Хоразм ҳудудидан топилган, булар: Ойбуйирқалъадан (мил. авв. V-IV асрлар) хум сиртига битилган ёзув ва Қўйқирилганқалъадан (мил. ав. III-II асрлар) топилган айрим маҳаллий ёзувлардир. Хоразмда милодий I асрда ишлаб чиқилган маҳаллий тақвимдан VIII асргача фойдаланган.
Қанғ давлати Хитой манбаларида Қанғюй дейилган, унга мил. авв. III асрда саклар асос солган. Тошкент воҳасида мил. авв. III асрда асос солинган Қанқа-Қанғха шаҳар-қалъаси сакларнинг ўша даврдаги пойтахти Қанғдез бўлган. Хитой манбаларида бу шаҳар Битян деб аталган. Қанғ давлатининг асосий шаҳарлари Сирдарё соҳиллари бўйлаб жойлашган. Мил. авв. II аср охирида Қанғ қудратли давлат бирлашмасига айланади, унинг ҳукмдорлари ўз номидан танга зарб қилдирган. Қанғ давлатида истеҳкомлар, ибодатхоналар, савдо ва ҳунармандчилик маҳаллалари барпо этилган.
Давлатнинг маданий марказларидан бири Тошкент воҳаси эди. Тошкент воҳасида ўтроқ зироатчилик ва ҳунармандчилик маданияти вужудга келган. Унинг ҳудудидан Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи ўтганлиги давлат иқтисоди гуллаб-яшнашига имкон яратди. Бу ҳол кўчманчи қабилалар билан урушларга сабаб бўлди. Бу урушларда қанғарлар кўпинча ғолиб чиқар эди. Қанғ давлати аҳолисини қанғарлар деб аташган. Қанғ давлати милодий III асрда парчаланиб кетди.
Даван давлати (Хитой манбаларида шундай номланган) тахминан мил. авв. III асрда пайдо бўлиб, Фарғона водийсида жойлашган. Хитой ҳукмдорларининг Довонни бир неча бор босиб олишга уриниши беҳуда кетди. Ҳарбий юришларнинг бирида улар Даван давлатининг пойтахти Эршини қўлга киритди, бироқ аҳолисининг товон эвазига уни ташлаб чиқишган. Даван давлати Хитой ва Шарқнинг бошқа мамлакатлари билан бўлган халқаро савдода муҳим ўрин тутган.
Хитой ҳукмдорларини кўпроқ Фарғонанинг зотли отлари қизиқтирарди. Улар отлар наслининг бирига ҳатто «Самовий» деб ном берган. «Самовий отлар» бақувват ва чопқир бўлган. Кўп сонли аҳолига, яхши қуролланган ва машқ кўрган қуролли кучларга эга бўлган Даван мил. авв. II-I асрларда юксак тараққий этган давлатга айланган. Даван давлатининг Шўрабашат, Учқўрғон каби шаҳарлари атрофидаги аҳоли ерни ишлаш, шоли ва буғдой етиштириш, боғдорчилик ва узум етиштиришда катта ютуққа эришган. Даван давлати милодий III асрда барҳам топган.